17.12.2025

ҚУРЪОНИ КАРИМДАН НУСХА КЎЧИРИШ ТАРИХИ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ ҲОЛАТИ

ҚУРЪОНИ КАРИМДАН НУСХА КЎЧИРИШ ТАРИХИ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ ҲОЛАТИ

Қуръони карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва унга амал қилиб келинаётган илоҳий китоб­дир. Дунё­даги яккаю ягона бирор ҳарфи ҳам ўзгармасдан, нозил қилинганидек сақланиб келаётган китоб ҳам Қуръони Каримдир. Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдасини юзага чиқиши учун мусулмон умматининг хизмати самарасини кўрамиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўқиш-ёзишни билмаганлари сабаб, Қуръон оятларини Жаброил (а.с)дан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Сўнгра саҳобаи киромларга ўзларига қандай нозил бўлган бўлса, шундай қилиб ўқиб берар эдилар. Улар ўша ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эди. Шу билан бирга, Қуръони карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш ҳам йўлга қўйилган эди. Ёзишни биладиган саҳобалар хурмонинг пўстлоғими, тошларми, катта суякларми, терими, қоғозми ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳаётлик вақтларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. Абу Бакр (р.а) даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин) қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.

Аввал ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки  бу  иш  Пайғамбар  (с.а.в)  ҳаётлик  вақтларида  қилинмаган  эди. Ке­йинроқ эса, Абу Бакр (р.а) ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар ҳузурида ёзган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар.

Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб  ва бошқалар Қуръони каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилдилар.

Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди. Ҳар бир гувоҳ Қуръонни ёдлаганига Расулуллоҳ с.а.в нинг ўзларидан эшитганига иккита гувоҳ келтириши шарт бўлган. Оятларни ёзган саҳобалар ҳам уларнинг У Зотнинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ келтириши шарт қилиб қўйилган. Бу илмий тадқиқот 1400 йил олдин амалга оширилганини ҳисобга оладиган бўлсак, инсоният тарихида бу қадар буюк иш бўлмаган, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

         Жамланган Қуръонни саҳифага йиғиб уни боғлаб Абу Бакр уйларига қўйдилар. У киши оламдан ўтгач, ҳазрати Умар уйларига ундан сўнг қизлари Хафса онамизникига қолди. Вақт ўтиши билан Ислом давлатлари кўпайиб мусулмонлар сони кўпайгач Қуръон ўқишда турли хил келишмовчиликлар бошланди. Қуръони карим муҳофазасига боғлиқ бу улкан хатарни биринчилардан бўлиб Озарбайжонни фатҳ қилишда юрган саҳоба Ҳузайфа ибн Ямоний (р.а) англаб етдилар. У киши жангни ташлаб, пиёда Мадинаи Мунавварага қайтиб бордилар ва халифа Усмон (р.а) ҳузурига кириб: “Умматни яҳудий ва насороларга ўхшаб, Аллоҳнинг китоби тўғрисида ихтилоф қилмасидан олдин сақлаб қол”, дедилар. Яна баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтди. Бу ҳолатни кўрган ҳалифа Усмон (р.а) Хафса онамиздан Абу Бакр давридаги сафиҳаларни сўраб олиб олтита нусха кўчиришга буйруқ бердилар. Нусха кўчириш учун Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъийд ибн Осс ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан иборат илмий гуруҳ тузилган. Усмон (р.а) бу гуруҳни, энг яхши котиб, энг яхши қори, энг яхши араб тили моҳири ким?, деган савол тарзида танлов асосида тузди. Бу гуруҳлар 25 ҳижрий санада ижро қилишга киришди. Ушбу буюк ишни дастур асосида ўта аниқлик билан амалга оширишга муваффақ бўлдилар.         Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ал-Итқон фи ъулумил-қуръон” номли асарида мазкур нусхалар бешта бўлган, деган гап машҳурлигини айтади. Аммо бу ҳақдаги барча маълумотларни  жамлаб ўрганадиган бўлсак, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонидан тузилган гуруҳ кўчирган нусхалар сони олтита экани маълум бўлади. Усмон розияллоҳу анҳу мазкур саҳифаларни  Ҳафса онамизга қайтариб бердилар. Кейинчалик Мадинага волий бўлган Марвон ибн Ҳакам бир неча бор у саҳифаларни Ҳафса онамиздан олиб, куйдириб юбормоқчи бўлди. Аммо онамиз уларни бермадилар. Ҳафса онамиз (р.а)  вафот этганларидан кейин Марвон ибн Ҳакам уларни олиб, ёқиб юборган ва: “Буларда бор нарса ёзилиб, сақланган. Замон ўтиб, баъзи бирлар бундан фитна чиқармасин дедим” , деган.

Ҳазрати  Усмон  (р.а) нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган марказий шаҳарларга биттадан нусха ва биттадан қори қўшиб юбордилар. Ва ҳамма шу нусха ва шу қоридан ўрганиши, қолган саҳифаларни ёқиб юборишни амр этдилар. Маккага битта мусҳаф билан бирга Адуллоҳ ибн Соиб (р.а) ни, Шомга битта мусҳаф билан бирга Муғийра ибн Шиҳоб (р.а) ни, Куфага битта мусҳаф билан бирга Абу Абдурраҳмон Суламий (р.а) ни, Басрага битта мусҳаф билан бирга Омир ибн Абдулқайс (р.а) ни юбордилар. Мадинада қолган мусҳафдан одамларга қироат таълими беришни Зайд ибн Собит (р.а)га топширдилар. Битта мусҳафни ўзларига олдилар. Ҳар бир диёрнинг мусҳафи ўша диёрдаги барча мусҳафларнинг ёзувига асос, ҳар бир мусҳафга бириктирилган қорининг қироати ўша диёрдаги қориларнинг қироатига асос бўлди.

Усмон (р.а)нинг бошқа мусҳафларни куйдириб юбориш қарори, шубҳасиз, ҳикматли бўлган эди. Чунки уларнинг сақланиб қолиши мусулмонларнинг ораси бўлинишига сабаблардан бири бўлиб қоларди. Лекин Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) бунга эътироз билдириб, ўзининг хос мусҳафини куйдиришдан бош тортди. Сўнгра Аллоҳ таоло у кишини халифанинг фикрига қайтишга илҳомлантирди. Кейинчалик нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина ҳазрати Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Охири келиб ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида “Бу нусха мусҳафи Усмонга мувофиқдир”, деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Шундай қилиб, Қуръони карим  ҳарфларини ёзиш услубининг ҳам бир хиллиги сақланиб қолди. Бу маънодаги эҳтиёткорлик  шу даражага  етдики, Қуръони каримнинг ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган қасд ила уламоларимиз “Мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса, шубҳа пайдо бўлиши мумкин”, деб фатво чиқардилар.

Мусҳафларнинг сони қанча бўлганидан қатий назар, уларнинг барчаси Қуръоннинг ҳаммасини ўз ичига олган, 114 та сура нуқталардан, зер-забарлардан, сураларнинг исмлари ва ажратиш жойларидан холи эди. Бунда Абу Бакр (р.а)га эргашилган бўлиб, Абу Бакрнинг мусҳафи ҳам ушбу санаб чиққан нарсаларимиздан ҳоли эди. Ҳазрати Усмон мусҳафлари Қуръонлиги мутавотир бўлмаган барча қўшимчалардан ҳоли эди. Усмоний мусҳафдан барча оҳод ривоятлар ўчирилган. Суралар ва оятлар бугунги кунимиздаги мусҳафларда кўраётганимиздек қилиб тартибланган эди. Усмоний мусҳафлар, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, нуқталар, ҳаракатларсиз бўлиб, улардаги баъзи Қуръоний лафзлар бир неча кўринишда қироат қилса бўладиган тарзда ёзилган эди. Қуръони каримнинг бу хилда ёзилиши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бошчилигида ва амирлари билан бўлгани учун “Расми Усмоний” деб аталадиган бўлди. Ушбу расм ҳозиргача барча Қуръони карим нусхаларининг асли бўлиб келмоқда.

Бугунги кунда Ислом фиқҳи академиясининг Риёз шаҳридаги кибор уламолар ҳайъатининг ҳижрий 21.10.1399 йилги 17-сонли мусҳафни Усмоний хатида қолишини тақозо қилувчи қарори чиққан. Унга кўра:

  1. Мусҳаф Усмон (р.а) замонида Усмоний  хатида ёзилганлиги ва Усмон (р.а)нинг ўзлари  котибларга мусҳафни муайян расмда китобат қилишга буюрганлари ва саҳобалар унга қарши чиқишмагани ва бу ишда тобеъинлар ва улардан кейин бизнинг асримизга қадар  яшаб ўтганлар, уларга эргашганлари собит бўлди. Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мендан кейин, менинг ва ҳидоят топган, тўғри йўлда юрувчи, халифаларнинг суннатини ўзларингизга лозим тутинглар” деб айтганларига кўра, демак мусҳафни ушбу муайян хатда (Усмоний мусҳаф хатида) сақлаб қолиш, Усмон ва Алий ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумларга эргашмоқ ва ижмога   амал килмоқ ҳисобланади.
  2. Қироатни осонлаштириш  учун мусҳафни Усмоний мусҳаф хатидан ҳозирда мавжуд бўлган имловий хатга ўзгартириш – китобатдаги истилоҳ ўзгарганда пайдо бўладиган – бошқа  ўзгаришга олиб боради. Чунки имловий хатнинг ўзига хос истилоҳи бўлиб, у яна бошқа истилоҳларни ҳам қабул қилаверади. Бу эса баъзи ҳарфларни зиёда қилиш ёки қисқартириш билан, Қуръоннинг аслини ўзгартириб юбориши мумкин. Натижада йиллар ўтиши билан мусҳафлар орасида ихтилофлар пайдо бўлади ва дин душманлари буни Қуръони каримга таъна қилиш учун сабаб қилиб олишади. Ҳолбуки Ислом ёмонлик воситаларини тўсиш ва фитна сабабларини бартараф этиш учун келгандир.
  3. Қуръони карим китобатида Усмоний хатга риоя қилинмаса Аллоҳнинг китоби одамлар қўлида ўйинчоққа айланиб қолиши хавфи туғилади. Одамлар орасида  Қуръонни ёзиш фикри ихтиёрий ҳолда ташлаб қўйилса, ҳар ким Қуръонни ёзишда ўз ўз таклифини қўя бошлайди. Баъзилар Қуръонни лотинчада ёзишни таклиф қилса бошқалар ҳам ўз ҳарфида ёзиш таклфини қўяди, бу эса ўта хатарли ишдир.“Зарарни кеткизиш манфаатни жалб қилишдан устундир”.  Ислом фиқҳи акдемияси ушбу сабабларнинг  барчаси билан танишиб чиқиб, кибор уламолар ҳайъатининг Усмоний Қуръон хатини ўзгартириш жоиз эмаслиги ва Қуръон матнида ўзгартириш бўлмаслигига биноан, боқий қолувчи ҳужжат бўлишлиги учун, Усмоний Қуръон ўз ҳолида қолиши вожиблиги тўғрисида келган қарорни таъкидлаган ҳолда ва бу масалада  саҳобалар ва салаф имомларига эргашган ҳолда, ижмоъ билан қарор қилди.

Ислом фиқҳи академиясининг бу қарори Қуръони карим хизмати учун чиқарилган энг муҳим қарор десак муболаға қилмаган бўламиз.

Энди Қуръони карим маъноларининг таржималари ҳақида бироз тўхталсак. XX асрнинг бошларигача Қуръони каримни таржимасига расмий рухсат берилмаган. Уламоларимиз бу ишни жоиз, деб фатво бермаганлар. Лекин замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида борди-келди қилишга ўтдилар. Ушбу омиллар ва Қуръони карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамлар маънолар таржимасига суяниб, асл матн унутилиши хавфи ҳам кўтарилган эди. Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра, у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Бунинг устига дунёнинг мусулмон бўлмаган халқ­ларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Ана ўша омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони каримнинг маъноларини исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундоқ таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар. Мазкур шартлар Қуръони карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир, деган тушунча асосида қўйилганидан, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзлари эди. Шу билан бирга, маънолар таржимасига қўшимча қуйидаги шартлар ҳам қўйилди:

  1. Таржимон араб тилини ўта яхши билиши билан бирга таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шартлиги.
  2. Таржимани Қуръон таржимаси эмас, балки Қуръони карим маънолари таржимаси, деб аташ ва тушуниш лозимлиги. Чунки Қуръони каримни айни ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир.
  3. Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони карим маъноларини тушунишдаги ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлиги. У маънолар таржимасини ибодатда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш мутлақо мумкин эмаслиги.
  4. Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта, арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, асл матннинг қудусияти балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.

Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганида Қуръони каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди.

Уламолар дастлаб бу ишга рухсат бермадилар. Улар музкур услуб ила чоп этиш Қуръони Каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки аввалги чопхоналар мусулмон бўлмаган шахсларга хос бўлиб, Қуръони Каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини ўзлаштирдилар, Қуръони Каримни кўплаб чоп этишга эҳтиёж ортиб борди ва уламоларимиз муқаддас китобимиз ҳимояси учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.

Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси амалга ошиб келмоқда. Ҳозиргача Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан қандай нозил бўлган бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандай ҳолида турибди.

Собиров Маҳмуджон

Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

Урганч тумани “Ғойиб ота” масжиди имом-хатиби