ҲАЛОЛЛИКНИ ЙЎҚОТСАК — КEЛАЖАКНИ ҲАМ ЙЎҚОТАМИЗ
Бугун коррупция ҳақида кўп гапирамиз. Уни қоралаймиз, тан оламиз, айрим ҳолларда ҳатто ёмон кўрамиз. Аммо савол шуки: нега у ҳануз яшаяпти? Нега у жамият тан олган иллат бўла туриб, амалда йўқолмаяпти?
Чунки коррупция энди айрим инсонларнинг эмас, бутун жамият виждонининг синовига айланган.
Кўпинча коррупцияни фақат тизимга юклаймиз. “Қонун заиф”, “назорат йўқ”, “ҳамма шундай қиляпти” деймиз. Аслида эса муаммо янада чуқурроқ — у тафаккуримизга сингиб бораётган лоқайдликда.
Пора бериш айримлар учун “ишга ечим”, таниш-билиш эса “табиий ҳол”га айланаётган бўлса, демак, бу фақат ҳуқуқий эмас, ахлоқий инқироздир.
Бу ҳолатни тан олмас эканмиз, бирор ислоҳот самара бермайди.
Биз кимларнинг авлодимиз?
Илмни ибодат даражасига кўтарган алломалар, адолатни ҳаёт мезонига айлантирган аждодлар авлодимиз. Бу юртнинг тарихида пора маданияти эмас, ҳалол меҳнат, ростгўйлик ва виждон устувор бўлган.
Бугун шундай тарихга эга халқ вакили бўла туриб, адолатсизликка кўз юмса — бу оддий хато эмас, ўз илдизини инкор этишдир.
Чунки буюклик бойлик билан эмас, ҳалоллик билан ўлчанади.
шу ўринда миллатимиз фарзандлари бир саволга жавоб беришлари лозим
Бугун “биз киммиз?” деган саволга юзаки жавоб бериш осон. Аммо тарихга юзланиб, виждон билан жавоб бериш — масъулият. Ўзбек миллати шунчаки этник ном эмас, у — илм, адолат, одоб ва маънавият билан дунёга танилган улуғ аждодларнинг давомидир.
Ўзбек миллати ўз илдизлари билан илм тарихида чуқур из қолдирган халқдир.
Бу миллат Муҳаммад ал-Хоразмийни дунёга берди. Унинг алгебра ва алгоритмлари бугун рақамли дунёнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу юрт Абу Али ибн Синони етиштирдики, унинг илмий мероси асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб турди.
Бу халқ Абу Райҳон Берунийдек оламшумул олим орқали инсониятга тафаккур, тадқиқ ва ҳақиқат мезонини ўргатди.
Ўзбек миллати тарихда фақат юрт ҳимоя қилган эмас, балки давлатни қонун ва адолат билан бошқариш маданиятини яратган.
Бу халқ Амир Темурдек давлат арбобини етиштирди. У кучни зулмда эмас, адолатда кўрди. Давлатни тизим, жамиятни масъулият асосида бошқарди.
Ўзбек миллати — ахлоқни мол-дунёдан устун қўйган халқ.
Бу миллат Имом ал-Бухорий орқали ҳаққонийлик ва поклик мезонини ўрнатди.
Бу халқ Имом Мотуридий орқали ақл ва иймон уйғунлигини илм даражасига кўтарди.
Бу замин Баҳоуддин Нақшбанд ва Нажмиддин Кубро каби авлиёларни тарбиялади — улар жамиятни аввало инсон қалбини тозалаш орқали ислоҳ қилиш мумкинлигини ўргатди.
Ўзбек миллати:
— Илм билан дунёга йўл кўрсатганлар авлоди
— Адолат билан давлат барпо этганлар авлоди
— Ахлоқ ва иймонни муқаддас билганлар авлоди
— Сўз ва маърифат билан халқ тарбия қилганлар авлоди
Бугун бу ҳақиқатни эслаш — фақат фахрланиш учун эмас.
Бу — ўзлигимизни йўқотмаслик, аждодларга муносиб яшаш ва келажак олдида жавобгар бўлиш учун керак.
Коррупция у йирик лавозимлардан бошланмайди.
У:
баҳода адолатсизликдан,
“ишга ўтказиб қўй” деган илтимосдан,
“буни ҳамма қилади” деган ўзимизга берган рухсатимиздан бошланади.
Энг хавфли томони шундаки, коррупция секин-аста уят бўлишдан тўхтаб, одатий ҳолга айланади. Мана шу нуқтада жамият ютқаза бошлайди.
Агар коррупцияга қарши курашда энг ҳал қилувчи кучни санасак, бу албатта муаллим ва зиёли қатламдир. Чунки улар жамиятга билим эмас, қараш беради.
Адолатли муаллим тарбиялаган талаба эртага порани рад этади. Ҳалол муҳитда улғайган ёшлар эса “осон йўл”ни танламайди. шу ўринда ҳар бир инсон қайсидир жабҳада муаллим эканини унутмаслиги керак ОТА-ОНА уйда муаллим катталар ёшларга муаллим эканлигини унутмаслиглари керак!
Шунинг учун коррупцияга қарши энг кучли кураш — ҳалол таълим ва ҳалол тарбиядир.
Энг ачинарлиси — коррупцияга қарши турганлар эмас, унга жим қараганлар сабабли у яшайди. Чунки жимлик — қаршилик эмас, рози бўлишдир.
Агар бугун биз:
“мени қизиқтирмайди” десак,
“ўзгармайди барибир” деб чекинсак,
эртага бу иллат болаларимиз ҳаётини белгилайди.
Коррупцияни енгиш учун аввало ўзимизни ўзгартиришимиз керак. Ҳалолликни талаб қилишдан олдин — уни танлашимиз лозим. Чунки:
Ҳалоллик танлов талаб қилади. Коррупция эса лоқайдликдан озиқланади.
Бу халқ тарихда буюк бўлган.
Энди савол шундай: биз ўша буюкликка муносибмизми?
Агар ҳа десак — ҳалолликдан бошқа йўл йўқ.
МУСТАФО домла Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси
УЗ
РУ
EN
العربية