12.01.2026

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатлари (оятлар мисолида)

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатлари (оятлар мисолида)

Ҳаммамизга маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг кучли муҳаббат қилган саҳоба — Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар. У зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳам ақлий, ҳам табиий муҳаббат билан севганлар. Чунки у зот Расулуллоҳ алайҳиссаломни мукаммал таниб, чуқур билганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга бўлганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зикр қилган г‘ордаги икки кишидан бири ҳам айнан шу зот эдилар. Шу ҳолатда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Маҳзун бўлма! Аллоҳ биз билан»,
— деганлар.

Эътиборли жиҳати шундаки, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ мен билан» демай, балки «Аллоҳ биз билан» деб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ҳам Аллоҳнинг маъийятида зикр қилганлар. Бу эса у зотнинг нақадар улуғ мақом соҳиблари эканини кўрсатади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом вафот этган пайтда саҳобалар қаттиқ изтиробга тушиб қолдилар. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу ҳам:

— «Ким Расулуллоҳни вафот этди деса, унинг бошини оламан!» — деганлар.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:

— «Ўзингни бос, эй Умар!» — деб тасалли бердилар ва Қуръон оятини тиловат қилдилар:

{ إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ }
(Зумар сураси, 30-оят)

Яъни:
«Албатта сен ҳам ўласанг, улар ҳам ўладилар».

Бу оятни эшитганларида Умар розияллоҳу анҳу:

— «Гўё бу оятни илк бор эшитаётгандек бўлдим», — деганлар.

Албатта, саҳобалар Қуръонни тўлиқ ёд олган қори зотлар эдилар. Аммо Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг вафотлари уларни шу аҳволга солиб қўйган эди.

Шунда савол туғилади:
Нима учун энг кўп муҳаббат қилган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзини йўқотиб қўймадилар? Ахир энг кўп маҳзун бўлиши керак эмасмиди?

Уламолар бу саволга шундай жавоб берганлар:
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломни шу қадар чуқур муҳаббат билан севганки, у зотни доимо тирикдек ҳис қилганлар. Уларнинг муҳаббатлари ҳам ақлий, ҳам табиий муҳаббат бўлиб, ҳар доим Пайғамбаримиз алайҳиссалом хотиралари билан яшаганлар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларида шундай сўз бор:
«Агар мендан кейин пайғамбар бўлганида, Умар бўлар эди».

Бу ерда нима учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу зикр қилинмаган, деган савол туғилади. Уламолар айтадиларки, Расулуллоҳ алайҳиссалом «мендан кейин» деб айтганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса Пайғамбаримиздан кейин эмас, балки у зот билан бирга эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқни ҳар доим ўзлари билан бирга зикр қилганлар.

Бундан ташқари, ҳижрат пайтида Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинага келганлар. Абу Бакрнинг соч-соқоллари оқ бўлган, Расулуллоҳ алайҳиссаломда эса оқлик жуда кам эди. Мадинага кириб келганларида одамлар Абу Бакрни Пайғамбар деб ўйлаб:

— «Ассалому алайка, эй Расулуллоҳ», — деб салом беришган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса:
— «Мен пайғамбар эмасман», — деб айтишмаган. Чунки бундай десалар, одамлар яна бошқатдан Расулуллоҳ алайҳиссаломни ўраб олиб, у зотни чарчатиб қўйишларидан қўрққанлар. Улар узоқ сафардан қайтган ва жуда чарчаган эдилар.

Бу ҳолат ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган мукаммал, фидокор муҳаббатларининг яққол намунасидир. У зот шу муҳаббатлари билан барча умматга ўрнак бўлганлар.

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси  Абдуллаев Абдулазиз