МУҲКАМ ВА МУТАШОБИҲ ОЯТЛАР БОРАСИДА СОФ АҚИДА
МУҲКАМ ВА МУТАШОБИҲ ОЯТЛАР БОРАСИДА СОФ АҚИДА
Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримда оятларнинг муҳкам ҳамда муташобиҳ бўлишини таъкидлаб, қуйидагича марҳамат қилади:
هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ مِنۡهُ ءَايَٰتٞ مُّحۡكَمَٰتٌ هُنَّ أُمُّ ٱلۡكِتَٰبِ وَأُخَرُ مُتَشَٰبِهَٰتٞۖ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمۡ زَيۡغٞ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَٰبَهَ مِنۡهُ ٱبۡتِغَآءَ ٱلۡفِتۡنَةِ وَٱبۡتِغَآءَ تَأۡوِيلِهِۦۖ وَمَا يَعۡلَمُ تَأۡوِيلَهُۥٓ إِلَّا ٱللَّهُۗ وَٱلرَّٰسِخُونَ فِي ٱلۡعِلۡمِ يَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلّٞ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَاۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّآ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ
“У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадилар. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар[1]”.
Аввало, оятдаги муҳкам сўзига тўхталиб ўтсак. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари ушбу оятга қилган тафсирларида, Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. “Муҳкам” сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади”, деганлар. Шунингдек, муташобиҳ оятларга ҳам таъриф бериб, «Муташобиҳ» сўзи ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатади, деган маъноларни билдиради”, деганлар.
Бағавий тафсирида муҳкам ва муташобиҳ оятлар хақида бир ривоятда:
وَقِيلَ: الْمُحْكَمَاتُ مَا أَوْقَفَ اللَّهُ الْخَلْقَ عَلَى مَعْنَاهُ
وَالْمُتَشَابِهُ مَا اسْتَأْثَرَ اللَّهُ تَعَالَى بِعِلْمِهِ لَا سَبِيلَ لِأَحَدٍ إِلَى عِلْمِهِ،
“Муҳкам оятлар Аллоҳ таоло халққа унинг маъносини маълум қилган. Муташобиҳ оятларни илмини эса Аллоҳ таоло ўзига хослагандир. Уни билиш учун бирон кишига йўл йўқдир”, дейилади.
Юқоридаги таърифлардан ва далиллардан муташобиҳ оятларнинг маъносини Аллоҳ таоло ўзига хослаганини, бирон киши уни билиши учун йўл йўқ эканини билиб олдик. Яна оят мазмунидаги маънога қайтамиз. Оят давомида “Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади”, дейиляпди. Демак, ҳидоят йўлидан оғиб кетганлар фитна истаган ҳолда муташобиҳ оятларни ўзларича таъвил қилишга журъат килар эканлар. Тарихда муташобиҳ оятларнинг зоҳирини ушлаб Аллоҳ таолонинг зотига тажсим (жисм нисбатини бериш) ва ташбиҳ (ўхшатиш) исбот қилиш холатлари юзага келган. Булар мужассималар ҳамда мушаббиҳалар дейилган.
Муташобиҳ оятлар борасида салаф (олдин ўтган) уламоларнинг қарашлари тафвиз қилиш яъни, ушбу оятларнинг таъвилини Аллоҳ таолога топширишдан иборат. Халаф (кейинги давр) уламолари эса муташобиҳ оятларни Аллоҳ таолонинг зотига лойиқ улуғ сифатлар билан таъвил қиламиз, дейишади. Муташобиҳ оятларнинг айнан зоҳирини ушлаб, унга тўғридан тўғри маъно берганлар эса тажсим ва ташбиҳга тушиб қолишади.
Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён этиш, аҳли суннага зид ақидаларга раддия бериш, шунингдек, соф ақидани ҳимоя қилиш мақсадида ислом тарихида биринчи марта ақида илми борасида матний асар ёзган Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “фиқҳул акбар” асарида шундай дейди:
لايشبه شيا من الاشياء من خلقه ولا يشبهه شيء من خلقه
“Аллоҳ таоло Ўзи яратган бирон нарсага ўхшамайди, шунингдек, яратилганлардан бирортаси Аллоҳ талога ўхшамайди”. Шунингдек 229 ҳижрий санада туғилган мисрлик Имом Абу Жаъфар Таховий хазратлари ўзларининг “ақидатут-Таховия” асарида ушбу мазмунга эътибор қаратиб:
ومن وصف الله بمعنى من معانى البشر فقد كفر
“Кимки Аллоҳ таолони башар маъноларидан бир маъно билан сифатласа, батаҳқиқ кофир бўлибди” деганлар. Сирожиддин Ғазнавий ўзларининг Ақидатут- таховия асарига ёзган шарҳларида:
اما فى الوصف كما زعمت المجسمة حيث وصفوا الباري بالصورة والجسمية والتمكن على العرش على مثال البشر تسوية منهم بين الله و بين خلقه فصاروا بذلك من جملة المشركين
“Ширк келтириш васфда бўлиши мумкин, мужассималар гумон қилганлари каби. Улар Аллоҳ таоло билан бандаси ўртасини тенглаштирган ҳолда башар мисолида Аллоҳ таолони сурат билан, жисмият билан, аршда макон олиш билан сифатладилар. Бу билан улар мушриклар жумласидан бўлишди”, дейдилар. Шунингдек, Қуръони каримдаги:
ليس كمثله شيء وهو السميع البصير
“Бирор нарса у зотга ўҳшаш эмасдир. Ва У эшитувчи ва кўрувчи зотдир”, оятини далил қилиб, мушабиҳалар зоҳирини ушлаган барча муташобиҳ оятларга ушбу оят хамл қилинади,” дейдилар. Оят мазмуни бу маънода муҳкам эканлигини таъкидлайдилар. Ушбу оят мазмунидан Аллоҳ таоло бирор нарса каби эмаслиги, бирор нарсага ўхшамаслиги келиб чиқади. Аҳли сунна вал жамоа уламолари эса мўмин мусулмонларларни мужассима ва мушаббиҳалар эътиқодларига тушиб қолмасликлари учун юқорида биз келтирган ақида матнларини ёзиб қолдиришган.
Фахриддин Розий мужассилар ақидалари хақида фикр юритию шундай деганлар;
المجسم ما عبد الله قط لانه يعبد ما تصوره فى وهمه من الصورة والله منزه عن ذلك
“Мужассим(Аллоҳ таолога жисм исбот қилувчи) ҳечам Аллоҳ таолога ибодат қилмайди. Чунки у ўз ўй ҳаёлида суратдан ўзи тасаввур қилган нарсасига ибодат қилади. Аллоҳ таоло ўша нарсадан покдир” дейдилар. Ушбу далилдан мужассимларнинг ақидалари қандаям хатарли эканини билишмиз мумкин.
Масаланинг долзарблиги шундаки, аҳли сунна вал жамоадан тойилган бугунги кундаги баъзи тоифалар мушаббиҳа ва мужассималар каби муташобиҳ оятларнинг зоҳир маъносини олган ҳолда, улар “Қуръони каримда Аллоҳ таоло очиқ ойдин айтяпди. Аллоҳ таолонинг юзи, қўли, оёғи бор” деб, жисм исбот қилишмоқда. Ўзларини эса биз аҳли сунна вал жамоаданмиз, Қуръон ва ҳадисни ушлаймиз деб даъво қилишади. Шу орқали авом халқни турли шубҳаларга солишмоқда. Фитна қўзғашмоқда. Аҳли сунна ақидаси мезонларидан ташқарига чиқиб кетиш нималарга олиб боришини ушбу мисолдан ҳам кўришимиз мумкин.
Шунингдек улар الرحمان على العرش استوى , оятини зоҳирини ушлаб Аллоҳ таоло аршда ўтиради дейишади ва Аллоҳ таолога макон исбот қилишади. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзларининг васият асарида:
الرحمان على العرش استوى من غير ان يكون حاجة اليه واستقرار عليه فلو كان محتاجا الى الجلوس والقرارفقبل خلق العرش اين كان الله تعالى الله عن ذلك علوا كبيرا
“Аллоҳ таоло аршга истиво қилди, унга ҳожати бўлмасдан, унга қарор топмасдан. Агар Аллоҳ таоло ўтиришга, бирор жойда қарор топишга эҳтиёжи бўлганда аршни яратмасдан қаерда эди. Аллоҳ таоло ушбу нарсалардан олийдир”, дейдилар.
Муташобиҳ оятларнинг маъноларини Аллоҳ таолога топширишда Ислом уммати мутақаддим (олдин ўтган) ва мутааххир (кейинги келган) уламолар фикрига таянадилар.
Мутақаддим уламоларининг йўли, Аллоҳ таолонинг каломи қандай нозил бўлган бўлса шундайлигича қабул қилишлик ва муташобиҳ оятларига ҳам иймон келтириб, уларни тафсир қилишга чуқур шўнғимасдан, таъвил қилишдан тийилишликдир. Шунинг учун Молик ибн Анас “(У зот) Ўз аршини эгаллаган Раҳмондир” деган оятдаги “Истиво” сўзининг маъноси ҳақида сўралганда, шундай жавоб берди: “Истиво маълумдир, аммо унинг кайфияти ноаниқдир ва у ҳақда сўрашлик бидъатдир, унга иймон келтириш вожибдир”деганлар.
Мутааххир уламоларининг фикрлари, фалсафий қарашлар ва Аллоҳ банданинг ичига тушиб гавдаланишига ишонган форсий ақидалар билан таъсирланган кўпгина ҳалқлар ислом динини қабул қилгач ислом майдони кенгайиши Аллоҳ таолога нисбатан шубҳаларнинг қайта ўйғонишига сабаб бўлди. Натижада, мутааххир уламолар шу ҳақда келган ва шаклга солишликка далолат қилувчи лафзларни таъвил қилишга мажбур бўлиб, Аллоҳ таолонинг шаънига ва мақомига муносиб келадиган қилиб ва шу нарсани араб луғати кўтара олиш шарти билан мажозий маънога бурдилар. Чунки Қуръони карим ва суннат мутаҳҳара ҳақиқий маънони ўз ичига олиши билан биргаликда маъжозий маъноларни ҳам ўз ичига олган. Ўтган оятдаги “Истиво”ни эгаллаш ва ҳар қандай ишга қодир бўлиш маъноларига таъвил қилдилар. Чунки бу оятни қарор топиш ва ўрнашиш маъноларига буришлик худди Аллоҳ таолога бир маконни хослаб қўйишлик бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло замон ва макондан холи бўлган зотдир. Ваҳоланки, аҳли сунна вал жамоа ақидасида Аллоҳ таолога макон исбот берилмайди. Бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган. Имом Таховий ўзларининг ақида матнларида бу борада:
تعالى عن الحدود والغايات والاركان والاعضاء والادوات لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات
“ У зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У зотни бошқа пайдо бўлган нарсалар каби олти тараф ўраб олмаган”, дейдилар.
Саҳобалар даврида Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни кўтариб чиқишган. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳга макон исбот қилиш бўлган. Шундан кейин Аллоҳнинг маконлардан ҳоли экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Аҳли сунна вал жамоа уламолари эса бу фирқаларнинг даъвою фитналарига Қуръони карим ва ҳадислар асосида кескин раддиялар берганлар.
Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, - дейдилар. Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, - дейдилар.
Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси эса: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан ҳолидир”. ( Бадул амолийнинг шарҳи – эътиқод дурдоналари)
Аллоҳ таоло бирор замонда ҳам, маконда ҳам эмас. Чунки, маконни ҳам, замонни ҳам Аллоҳ яратган ва У зотга нисбатан қаерда ва қачон деган саволлар ишлатилмайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу “Аллоҳ қаерда”, деб сўраган кишига жавобан:
عن على رضى الله عنه قيل له اين الله فقال ان الذى اين الاين لا يقال له اين
(التبصير فى الدين.تاليف ابو المظفر الاسفائينى)
“Қаердани тайин қилган зотга нисбатан қаерда дейилмайди. Бирор макон йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди. Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Аллоҳ таоло халқ яратишидан олдин бирор макон йўқлигида ҳам бор эди. Аллоҳ таоло бирон нарса ҳам, халқ ҳам, қаер ҳам йўқлигида бор эди. У ҳар бир нарсани Яратувчисидир”, деганлар. Имом Шофеъий: “Аллоҳ бирор макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди”. У азалий сифатларида маконни яратишидан олдин қандай бўлса ўшандай”, деганлар.
Шунингдек замона уламоларидан мисрлик ал-Азҳар шайхларидан Жамолиддин Форуқ Азҳарий муташобиҳ оятлар зоҳир маъно олиб бўлмаслигини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаганлар.
إلى كل مجسم وهابي: إن أوّلتَ الآية { كل شيء هالك إلا وجهه له الحكم و إليه ترجعون} فقد خرجت من مذهبك "الوهابية" و إن رفضتَ التأويل ستقول إن الله يهلك كله ما عدا وجهه (هذا لك أنت الذي تقول إن الله أبعاض و أجزاء) و العياذ بالله و أنت تعرف بأن هذا الكلام كفر، لا مفر لقد انتهيتم يا وهابية و الحل هو الخروج من المذهب و الانشقاق عنه.
من فيديو للشيخ الأزهري جمال فاروق.
У киши баъзи адашган тоифаларга мурожаат қилиб айтадиларки, “агар сиз Аллоҳ таолонинг ушбу:
كُلُّ شَيۡءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجۡهَهُۥۚ لَهُ ٱلۡحُكۡمُ وَإِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ }
“Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир), ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар[2]”, оятидаги (وجه) сўзидан мурод Аллоҳ таолонинг айнан ўзи деб таъвил қилсангиз иддао қилиб турган ўз ақидангиздан чиққан бўласиз. Агар уни таъвил қилмасдан луғавий маъно бериб “юз ва қиёфа” деб маъно берсангиз, натижада сиз Аллоҳ таоло жисм ва бўлаклардан иборат, деган бўласиз. Аллоҳ асрасин, яхши биласизки бу гап очиқ ойдин куфрдир. Эй адашган тоифалар! Етиб келган жойингиз шудир. Ечим эса, ушбу бузуқ ақидангизни тарк этиш ва ундан буткул ажралишдир”.
Демак, Аҳли сунна вал жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан ҳоли”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлади. Имом Байҳақийдан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар:
تفكروا في خلق الله ولا تفكروا في الله فتهلكوا
“Аллоҳ яратганлари борасида фикр қилинглар, Аллоҳнинг зоти борасида эса фикр қилманглар, ҳалок бўласизлар”.
Сўфи Оллоёр ҳазратлари “Саботул Ожизин” назмий асарларида Аллоҳ таолонинг зотини танишдаги аҳли суннанинг ақидасини гўзал назм билан баён қилганлар.
Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони.
Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас
Кўнгулда кечса кўзга тушса ҳар шай
Эрур андин муназзаҳ холиқу ҳай.
Фаришталар, набилар етмадилар,
Бўйсундилару, фикр этмадилар.
Вале фикр эт, Худонинг қудратиға,
Ажойиб ишлариға, санъатиға.
“Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири Д.Абдуқадиров
УЗ
РУ
EN
العربية