08.10.2021

Мусулмон устидан кофир хукмини бериш.

Мусулмон устидан кофир хукмини бериш энг нозик ва хатарли масалалардан бўлиб, унга далилсиз якинлашиш мумкин эмас. Чунки, кофирлик хукми берилган одам шу ҳукмга лойиқ бўлса яхши, бўлмаса ҳукм килган кишининг ўзи кофир бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в): "Бир киши биродарига: "ҳой кофир" деса, у иккисидан бири (кофир бўлишга) дучор бўлади"- дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 Хуллас, уламолар ижмоси билан куфр хисобланган сўз мутлоқ куфр сўздир. Бу сўзни талаффуз қилган ҳар бир киши устидан кофир ҳукмига лойиқ шартлар бўлиб, монеликлар йўқолмагунига қадар ҳукм чиқариш мумкин эмасдир.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиш сабаби ҳақида ибн Касир ўз тафсирида шундай дейди: Имом Аҳмад ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзини қўйларини боқаётганда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй иймон келтирганлар”дан охиригача нозил бўлди”.  

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтди: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”. 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. 

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир. 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан. 

Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мободо вафот этса, бу – Аллоҳнинг ҳоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган. 

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг видо ҳажларида айтган қуйидаги гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳаринигиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”. 

М.Юнусхўжаев 

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar