ИЛМ ВА ИСЛОМ
Ислом – илм-маърифат дини. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Буни теран англаган улуғ аждодларимиз илмда улкан муваффақиятларга эришдилар, асрлар мобайнида нафақат диний, балки дунёвий илмларда инсониятга устозлик қилдилар. Бу борада Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Беруний, Муҳаммад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби уламолар меъросини ёдга олиш кифоя. Мусулмон уммати бугунги кунга қадар ушбу илм уммонидан баҳра олиб келмоқда.
Жоҳилликдан маърифат сари интилиш бу динимиз кўрсатмасидир. Қуръони каримда ҳам мусулмонлар барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақирилади:
وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا
яъни: «...“Роббим, илмимни зиёда қилгин”, дегин» (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
« مَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَبْتَغِي فِيهِ عِلْماً سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَريقاً إِلَى الجَنَّةِ، وَإنَّ المَلاَئِكَةَ لَتَضَعُ أجْنِحَتَهَا لِطَالِبِ العِلْمِ رِضاً بِمَا يَصْنَعُ ، وَإنَّ العَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّماوَاتِ وَمَنْ فِي الأرْضِ حَتَّى الحيتَانُ في المَاءِ ، وَفضْلُ العَالِمِ عَلَى العَابِدِ كَفَضْلِ القَمَرِ عَلَى سَائِرِ الكَوَاكِبِ ، وَإنَّ العُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأنْبِيَاءِ ، وَإنَّ الأنْبِيَاءَ لَمْ يَوَرِّثُوا دِينَاراً وَلا دِرْهَماً وَإنَّمَا وَرَّثُوا العِلْمَ ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بحَظٍّ وَافِرٍ »
(رواه الإِمَامُ أَبُو دَاوُد والإِمَامُ التِّرْمْذِيُّ عَنْ أَبي الدَّرْدَاء رضي الله عنه) .
яъни: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзадилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"مَن خرَج في طَلَبِ العِلمِ، كان في سَبيلِ اللَّهِ حَتَّى يرجِعَ" (رواهُ الامام الترْمِذيُّ)
яъни: «Ким илм талабида йўлга чиқса, токи қайтиб кeлгунича Аллоҳ йўлидадир» (Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун ҳам кўпчилик уламоларимиз пок ният ва ихлос билан илм излаш ва илм йўлида ҳаракат қилиш динимиздаги нафл ибодатлардан афзал эканини таъкидлаганлар.
Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ҳамда илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Имом Шофиъий (роҳматуллоҳи алайҳи): “Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган”, деганлар.
Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган бугунги муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзлаштиришимиз лозим.
М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси
Izohlar