ИЛИМНИНГ ФОЙДАЛАРИ
Инсон жамиятда яшар экан умр давомида турли билим ва кўникмаларга эга бўлади. Бу билим ва кўникмалар яхши ёки ёмон, фойдали ё зарарли бўлиши мумкин. Динимиз бизни ўзимизга ва жамиятга, дунё ва охиратга фойдаси тегадиган илм олишга тарғиб қилади.
Илм – моддий ёки маънавий нарсаларни воқеъликда қандай бўлса шундайлигича идрок этишдир. У – нафсларнинг ҳаёти ва озуқаси, ақлнинг нуридир. Илм олишга тарғиб маъноси бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Илм соҳиблари – имон келтирганлар ичида хос бир мақом ва даражаларга кўтарилиши ҳақида Қуръони каримда хабар берилади:
﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ﴾
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Ояти каримада зикр қилинган “даражалар” ҳақида муфассирлар икки хил сўз айтганлар. Биринчиси – дунёдаги мартаба ва шараф. Иккинчи сўз – бу даражалар охиратда бўлади. Оят ҳақида ҳар икки сўзни жамланса, янада гўзал маъно бўлади. Зеро, илм икки дунё саодатига етаклайди.
Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло адолат билан гувоҳлик беришда илм эгаларини ўзи ва фаришталар қаторида зикр қилади. Бу – илм аҳлига берилган катта баҳодир:
﴿شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ﴾
яъни: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демади. Фақат илм ҳақида шундай дейилган. Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олиш мумкин:
﴿فَتَعَالَى اللَّهُ الْمَلِكُ الْحَقُّ وَلَا تَعْجَلْ بِالْقُرْآَنِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يُقْضَى إِلَيْكَ وَحْيُهُ وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا﴾
яъни: “Ҳаққоний Подшоҳ бўлмиш Аллоҳ олий зотдир. (Эй, Муҳаммад!) Сизга (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг ва айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!”” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ҳақиқий маънода Аллоҳ таолодан қўрқиш сифати пайдо бўлиши учун кишида илм-маърифат бўлиши лозимдир.
﴿إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ﴾
яъни: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир сураси, 28-оят).
Инсон Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, қудрати ва ҳикматларини қанча кўп билса, шунча кўп Ундан қўрқади. Олим зотлар Аллоҳ таолони сифатлари билан танийдилар ва уни улуғлайдилар. Кимнинг Аллоҳ таоло ҳақида билими бўлмаса, унинг азобидан хотиржам бўлиб қолади. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш эса бандани куфрга олиб боради.
Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан Қуръони каримнинг биринчи ваҳий бўлган ояти ҳам “Ўқинг!”, деб бошланди:
﴿اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ
عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ﴾
яъни: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5 оятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олимларнинг пешвоси эдилар. Зеро У Зотга Қуръон ва яна Қуръон мислича илм берилди. Қуръони карим ва ҳадиси шариф – барча илмларнинг мустаҳкам асосидир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини турли услубларда билим-маърифатга чорлайдилар, қизиқтирадилар. Дин илмларида билимдон бўлиш – бандага Аллоҳ таоло яхшиликни хоҳлагани, деб тушунтирадилар:
"مَنْ يُرِدِ اَللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي اَلدِّينِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيْه عَنْ مُعَاوِيَةَ رضي الله عنه (
яъни: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Али разияллоҳу анҳуга бир одамни ҳидоятга бошлаш катта бахт эканлигини уқтирадилар:
"فَوَاللهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِداً خَيْرٌ لَكَ مِنْ أنْ يَكُونَ لَكَ حُمْرُ النَّعَمِ"
(متفقٌ عَلَيْهِ عن سهل بن سعد رضي الله عنه)
яъни: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сиз туфайли бир кишини ҳидоят қилиши, қизил туяларга эга бўлишингиздан яхшироқдир” (Муттафақун алайҳ).
Албатта, инсонларни тўғри йўлга йўллаш илм билан амалга ошади. Илмсизлик билан динга тарғиб қилмоқчи бўлганлар эса тўғри йўлда юрганларни адаштиради ва турли ихтилофлар келтириб чиқаради.
У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси
Izohlar