29.10.2021

Такфирнинг ҳозирги кунда жамиятга салбий таъсири

Ўтган йилларнинг шу кунига қадар араб давлатларида бўлиб ўтаётган хунрезликлар, гўёки “араб баҳори”  деб бегуноҳ одамларнинг ёстиғини  қуритаётганлар ҳам асосан динни ниқоб қилиб олган  экстремистик оқимлар экани ҳеч кимга сир эмас. Экстремист такфирий жамоалардан сиёсий доиралар ўз мақсадларига эришишда қўғирчоқ сифатида фойдаланишмоқда. Такфирий жамоалар турли йўллар билан ёшлар онгини бузиб фитна, жанжал ва қонли тўқнашувларни режалаштирганлар. Бунинг учун ўзларига эргашадиганларни айнан шу мамлакат ёшларидан излашга қаттиқ эътибор қаратиб, уларни топишда интернетдан унумли фойдаланадилар. Охир-оқибат ташқи кучларнинг алдовларига ишониб бир-бирларини аёвсиз ўлдирадилар. Ғаразли ғанимлар учун бу жуда қулай вазият бўлиб, бунда ташқи кучлар ҳеч нарса йўқотмайди, аксинча, ўлаётганлар ҳам ўлдираётганлар ҳам шу мамлакатнинг фуқаролари, шу билан бирга ўз ватанларини ўзлари вайронага айлантиришади. Натижада ташқи душманнинг бостириб келишига ҳеч қандай ҳожат қолмайди.  Бундай динбузар такфирий жамоалар ўзларини ҳар қандай эътироф этмайдиган мусулмонларни бир сўз билан кофирга чиқаришдан тап тортишмаяпти. Кофирга чиқарилган жамоага қарши “жиҳод” эълон қилиб уларни ўлдириш, талашни ҳалол билишади.  Ливия ёки сурияда “Аллоҳу акбар” деб қўлларини қонга бўяётган кўзи қонга тўлган такфирчилар ўз юртдошларини, ўз диндошларининг ўлимига сабабчи бўлишмоқда. Уларнинг ёвуз қилмишлари натижасида бошқа дин вакиллари томонидан муқаддас ислом динимизни террор дини деб, ёмонотлиққа чиқаришга, айблашга баҳона бўлади. Жумладан 2011 йил мисрлик бегуноҳ ҳомиладор аёл германияда шу ерлик бир безори томонидан террорчиликда айблаб ўлдирилган. Ушбу динбузарларнинг айби билан муқаддас динимизга ташқаридан ҳар хил таъна тошлари отилиб, ғарбда исломга нисбатан нафрат уйғонишига ҳамда динимизни карикатура қилинишига олиб келмоқда. Аслида, бу динбузарларнинг қилмишлари билан муқаддас пок ислом динимизни айблашга ҳеч қандай асос йуқ. Чунки такфирчиларни ислом уламолари доимо танқид остига олиб келишган.  Тарихи Муҳаммадий китобининг муаллифи Алихонтўра Соғуний ўзларининг мазкур асарларида қуйидаги байтни келтирганлар:

Ислом дар зот хўрандорад айбий,

Ҳар айбки, ҳаст дар мусулмони моаст.

Маъноси: Исломнинг ўзида ҳеч айб йўқ. Нима бўлса бизнинг мусулмончилигимиздадир.

 Такфирий жамоалар динни ниқоб қилиб, ўзларига баъзида “Жундулло”,(Аллохнинг лашкарлари) “Жунудурроб”,(Роббнинг лашкарлари) “Ансорушшариа”,(Шариат ёрдамчилари) “Ат-тавҳид вал-жиҳод” каби чиройли номларни қўйиб олиб, ислом оламида мусулмонларнинг бошларига шу даражадаги кулфатларни солишмоқдаларки, ташқи босқинчи душмандан ҳам бунчалик талофат кўрилмаган. Халқимизда “ўзингдан чиққан балога қайга борасан давога”, деган ҳикматомуз мақол бор. Уларни дастидан бегуноҳ ёш болалар, қариялар ва аёлларнинг умри хазон бўлмоқда. Улар одамлар гавжум жойларда, бозорларда ҳатто масжидларда жума кунлари одамлар тўпланган вақтда террор амалиётини ўтказиб, портлатиб юборишдан ҳам тап тортишмаяпти. Афғонистон, Сурия, Ироқ, Доғистон, Ливия, Миср каби давлатларда бўлаётган нотинчликлар бунга мисол бўла олади. Шу билан биргаликда улар диний  уламоларга нисбатан хам суиқасд уюштириб уларни кофирга чиқариб, ўлдиришга фатво беришмоқда. 

 Жумладан, 2011 йилда Қобардина Болқария муфтийси, 2012 йил август ойида эса доғистонлик тариқат шайхи, шунингдек замонамизнинг улуғ шайхларидан Рамазон Бутий масжидда ибодат вақтида такфирчилар томонидан ўлдирилди. Ҳаддан ошган ғулувчилар тўртта масжид, яъни, масжидул ҳаром, масжид ан-набавий, масжидул ақсо ҳамда масжидул қубодан ташқари барча  масжидларни куфр уяси, имомлари эса кофир деб эълон қилишгача бориб етишган. Шу даража тубанликка борган ғулувчилардан қандай қилиб мусулмонларча меҳр-шафқат кутиш мумкин. Улар шу билан биргаликда ўз ватанлари иқтисодини хонавайрон қилишмоқда. Ишлаб чиқариш бутунлай издан чиқиб одамлар ўртасида ишсизлик авж олишига, ночорликка олиб келишига сабабчи бўлишмоқда. Халқимизда “бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Кўриниб турибдики, бундай уруш исканжасида қолиб кетган мамлакатга сайёҳлар ҳам келмайди, ташқи инвесторлар можароли жойга ўз инвестициясини киритмаслиги кундай равшан. Ҳеч қайси ташқи душман  ўз рақибининг кучайишини, иқтисоди ривожланишини хуш кўрмайди. Ғулувчиларнинг калтабинликларидан фойдаланган ташқи душман осонлик билан мурод мақсадига эришмоқда. Мана ўзларини ҳақиқий мусулмон деб бошқа мусулмонларни кофирга чиқараётган, раҳм-шафқат нималигини билмайдиган кўзлари қонга тўлган такфирчиларнинг динга ҳамда ўз она ватанларига берган фойдалари. Мана “араб баҳори” деб  ҳамма ёққа жар солиб ўз халқи ўз ватани бошига солган кулфатлари. 

 Бугунги кундаги такфирчилар хаворижлардан ҳам баъзи феъллари билан ошиб тушмоқда. Уларнинг ҳатти ҳаракатларини юқорида келтирилган мисоллардан билишимиз мумкин. Такфир масаласи ниҳоятда оғир кулфатларга олиб келгани боис ҳанафий уламоларимиз кейинги уммат хаворижлар қилган хатони такрорламасликлари учун ақида китобларида бу нарсани баён қилиб кетишган. Жумладан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар ” номли асарида “Мусулмон кишини гуноҳлардан бир гуноҳни қилгани билан уни кофирга чиқармаймиз, модомики ўша гуноҳни ҳалол санамаса”, –дейилган. Мисрлик ҳанафий уламоларидан бутун ислом оламида тан олинган имом Таховийнинг “Ақидатут-таховий ” асарида шундай дейилган: 

Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир санамаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса. Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди демаймиз”. (“Ақидатут-таҳовий” матни)

 Ўтган уламоларимиз такфирчиларнинг зарарини олдини олиш борасида доимо ўз раддияларини бериб келишган, китоблар таълиф қилишган.

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим 

юрти мудир муовини У,Рахимов

Izoh qoldirish

Izohlar