03.11.2021

Огоҳлик давр талаби

Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Аллоҳ ато этадиган бу буюк неъматни асрай олиш унинг ўз ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир.

Бугунги мафкуравий курашлар авж олган замонда дин, Ватан, миллат, маданият, миллий урф-одатларни сақлаш, ҳимоя қилиш, аждодлардан занжир бўлиб, бизларгача етиб келган муқаддас ислом дини ва қадриятларини келажак авлодга соф ҳолида етказиш барчамизнинг бурчимизга айланиши керак.

Хозирги  глобаллашув даврида инсон онги ва қалби учун жиддий кураш кетмоқда. Турли манфаатлар тўқнаш келган ва шунга хизмат қиладиган ахборот хуружлари кўпайган бир шароитда бундай жараёнлар салбий таъсиридан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли бу соғлом фикр юритиш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишдир. Айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш, уларнинг билимини ошириш турли таҳдидларига тўсиқ қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда яна шуларни айтиш мумкинки, миллатлараро тотувлик, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари ҳар вақт долзарб вазифалар қаторида турган. Шундай экан, маънавият ва маърифат ишларини жонлантириш ёшларни ҳар томонлама етук ҳамда баркамол қилиб тарбиялаш бугун муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ислом – тинчлик дини экан, унинг муқаддас манбаларини бузиб талқин этишни олдини олиш, моҳиятини англаш ҳамда улардан тўғри хулоса чиқариш барчамизнинг вазифамиздир. Шундай экан, инсон қай соҳада бўлсин ўзининг касби-кори, меҳнат фаолиятидан келиб чиқиб, бу масъулиятли хизматни сидқидилдан амалга ошириши лозим. Ватан равнақи ва озодлиги йўлида ҳамма бир тану бир жон бўлиб курашсагина у юрт тобора обод бўлиб боради.

М.Юнусхўжаев

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билисм юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar