Cаломлашиш одоби
Cаломлашиш одоби
Салом бериш – Ислом динининг шиори, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларидир. Шунингдек, салом берувчи кишининг тавозели ва камтар эканининг белгисидир. Саломга алик олиш эса – вожибдир. Аллоҳ таоло салом берилганда унга алик олишни буюриб, шундай дейди:
وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا (سُورَةُ النِّسَاءِ / الأَيَةُ 86)
яъни: “Қачон сизларга салом беришса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша саломнинг ўзини қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олувчи зотдир” (Нисо сураси, 86-оят).
Демак, бирор киши бизга "Ассалому алайкум" деса, биз унга ҳеч бўлмаганда: "Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ" деб, алик олишимиз шарт. Агар бизга: "Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ" дейилса, "Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ", деб жавоб қайтаришимиз лозим. Салом берилганда уни эшитиб туриб, алик олмаган киши гуноҳкор бўлади.
Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва самимийликни келиб чиқишига сабаб бўлади.
"لا تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَلا أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ، أَفْشُوا السَّلامَ بَيْنَكُمْ" (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча, мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аллома Тибий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Саломни кенг ёйиш – ўзаро меҳр-муҳаббатга сабабчидир. Бу эса имоннинг мукаммаллигига олиб келади. Салом ила мусулмон жамиятда дўстлик, иноқлик ва ўзаро улфат келиб чиқади. Шунингдек, бу одатда мусулмонлар бирдам бўлиши, бошқа миллатлардан ажратиб турувчи шиорларининг намоён бўлиши юзага келади, ўзаро гина ва адоватлар кўтарилади”.
Шариатимизга кўра мусулмон одам ҳар қандай гапни салом беришдан бошлашига тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"السَّلَامُ قَبْلَ الْكَلَامِ" (رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه)
яъни: “Салом каломдан аввалдир”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Демак, гапиришдан аввал салом берилади, кейин гап бошланади. Бир жойга, бировни олдига кирмоқчи бўлган киши аввало салом бeриб, кeйин кириш учун изн сўрайди.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қайси хислати яхши?”, – деди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"تُطْعِمُ الطَّعَامَ وَتَقْرَأُ السَّلَامَ عَلَى مَنْ عَرَفْتَ وَعَلَى مَنْ لَمْ تَعْرِفْ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ).
яъни: “Таом беришингиз ва таниган-танимаган кишига салом беришингиз”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Салом бериш тартиби қуйидагилардан иборат. Уловда кетаётган одам – пиёдага, юриб кетаётган киши – ўтирган одамга, кичик ёшдаги киши – ёши катталарга, озчилик – кўпчиликка салом беради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"يُسَلِّمُ الصَّغِيْرُ عَلَى الْكَبِيْر،ِ وَالْمَارُّ عَلَى الْقَاعِدِ، وَالْقَلِيْلُ عَلَى الْكَثِيْرِ" (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Кичик – каттага, юрган – ўтирганга, озчилик – кўпчиликка салом беради”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда:
"يُسَلِّمُ الرَّاكِبُ عَلَى الْمَاشِيْ وَالْمَاشِيْ عَلَى الْقَاعِدِ وَالْقَلِيلُ عَلَى الْكَثِيْرِ" (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Уловдаги киши – пиёдага, юриб кетаётган киши – ўтирганга, озчилик – кўпчиликка салом беради”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уламои киромларимиз фарзандлар ҳамда ёшларга тўғри салом беришни ўргатиш – ота-онанинг, ёши улуғларнинг бурчлари эканини таъкидлаганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам насихат қилиб:
"يَا بُنَيَّ إِذَا دَخَلْتَ عَلَى أَهْلِكَ فَسَلِّمْ يَكُنْ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَعَلَى أَهْلِ بَيْتِكَ" (رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسِ رضي الله عنه (
яъни: “Эй ўғлим, қачонки уйингизга кирсангиз, аҳли оилангизга салом бергин. Шунда сизга ҳам аҳли оилангизга ҳам барака бўлади”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳеч ким йўқ жойга кирилганда ҳам, киши ўз уйига кирганда ҳам салом билан киришига тарғиб қилинган. Чунки, салом билан бирга уйларимизга хайр-барака киради.
"إِذَا انْتَهى أَحَدُكُمْ إِلَى المَجْلِسِ فَلْيُسَلِّمْ، فَإذَا أرَادَ أنْ يَقُومَ فَلْيُسَلِّمْ، فَلَيْسَتِ الأُولَى بِأحَقّ مِنَ الآخِرَةِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Сизлардан бирингиз бирор масжлисга борганда, салом берсин. Агар туришни ҳоҳласа ҳам, салом берсин. Аввалгиси кейингисидан ҳақли эмасдир”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Дeмак, биров билан кўришганда ёки бирор йиғинга кирганда салом бeриш – суннат экан. Шунингдек, суҳбат якунланганда ҳам уни салом бериш билан тамомлаш ҳам – суннат. Ҳар биримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак суннатларини тирилтириш, уни ҳаётимизга татбиқ этиш мақсадида ўзро суҳбат ва учрашувларимизда салом беришга одатлансак улкан ажрларга эга бўламиз.
М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий Ислом
билим юрти мударриси.
Izohlar