30.03.2021

Ҳадис истилоҳларини ўрганишнинг аҳамияти

Мусталаҳул ҳадис илми ҳадисларни ўрганишда восита илм ҳисобланади. Унда ҳадисларнинг мазмун-моҳияти ўрганилмаса да, уларнинг даражалари, ровийларнинг ҳоли ва санаднинг ишончлилиги тўғрисида баҳслар юритилади.

Ушбу илмнинг аввалида ҳадис лафзининг ўзига таъриф ва маъно берилиб шундай дейди: «Ҳадис» сўзи луғатда «сўз, хабар, ҳикоя, янги» маъноларини билдиради.

Истилоҳда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, тақрирлари (кўриб тасдиқлаганлари) ёки у кишига берилган сифатларни ўзида мужассам қилган хабар ва ривоятлар»дир[1].

«Ҳадис» ва «суннат» сўзлари кўпинча ёнма-ён, баъзан эса бир-бирининг ўрнига келади. «Суннат» сўзининг луғавий маъноси «одат», «тариқа», «йўл» бўлиб, истилоҳда Пайғамбар одатлари, тутган йўли, тақрир (кўриб тасдиқлаган) ва буюрган ишларига нисбатан ишлатилади[2].

Суннат Қуръони карим билан чамбарчас боғлиқдир. Шунингдек, Суннатнинг тарихи ҳам, Қуръони карим ва Ислом тарихи билан бирдир. 
        Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, У зотни охирги Пайғамбар, деб эълон қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига иймон келтирмаган одам мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг У зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозиму лобуд бўлди.

Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю-кичик ҳар бир нарсани ўз пайғамбарларидан ўргана бошладилар. 

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. 

Чунки у зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти бунчалик тўкис очиқчасига, оммавий равишда, кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю-ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда жинсий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилингандир. 

Сахобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилиб кетар эдилар. Қайтиб келганларида эса, дарҳол ўзлари йўқ пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсани таъйинлаб кетган одамлардан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан биргаликда келишиб олиб, навбат ила Пайғамбаримиз ҳузурларида турганликлари, У кишининг  ўзидан ривоят қилинган[3].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолмаган. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Худайбия ходисасида мушриклардан вакил бўлиб Пайғамбаримиз ҳузурларига келганлардан биттаси ўз қавмига қайтиб бориб:    

«Аллоҳга қасамки, ҳеч кимни Муҳаммаднинг шериклари ҳурмат қилгандек биров ҳурмат қилмайди. У туфласа, туфуги ерга тушмаяпти. Саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар[4]», деган.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини англаб бошқаларга ривоят қилиш у кишининг ҳаётлари давомида бошланган. Саҳобалар бир-бирларига, айниқса катта саҳобалар кичикларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини оқизмай-томизмай ривоят қилганлар. Саҳобалардан эса, Суннатни улардан кейинги мусулмонлар авлоди – тобеъинлар қабул қилиб олганлар.

Ислом шариати икки буюк манбага асосланади:

Биринчиси: Қуръони карим. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Аллоҳ таолонинг каломидир. 

Иккинчиси: Суннат. Суннат ва Ҳадис бир - бирининг ўрнида  ишлатилади. Уларни диққат билан ўрганилганда эса, ҳадис хосроқ, Суннат умумийроқ экани тушунилади[5]

Қуръони карим ва суннати мутаҳҳарада Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит (ворид) бўлган суннатларнинг барчасини ҳужжатлигига далиллар тўлиб тошгандир. Шулардан:

Аллоҳ таоло каломида:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир[6]”.

Суннатнинг ҳужжатлигига ҳадислар кўп бўлиб, унга Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг сунанларида Миқдод ибн Маъдийкарбдан ривоят қиладилар у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:  “Огоҳ бўлингизким менга китоб ва унинг баробарича илм берилди[7]”, деганларини айтади.

М.Турсунбой

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси


 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. - Тошкент.: Шарқ, 2011.  – Б. 5.

[2] Ибн Салоҳ. Мусталаҳул ҳадис. – Байрут: Дорул фикр, 2009й. – Б. 13. 

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. - Тошкент.: Шарқ, 2011.  – Б. 11.

[4] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Мирқотул мафотиҳ фи шарҳи мишкотул масобиҳ. - Байрут.: Дорут туросил аробия, 2002. – Б. 59.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. - Тошкент.: Шарқ, 2011.  – Б. 15.

[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси 2004. Ҳашр сураси, 7-оят.

[7] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Мирқотул мафотиҳ фи шарҳи мишкотул масобиҳ. - Байрут.: Дорут туросил аробия, 2002. – Б. 37.

Izoh qoldirish

Izohlar