МУНОФИҚ КИМ?
و عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنه، قال : قال رسول الله ﷺ : أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا ، وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنَ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا : إِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ ، وَإِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا عَاهَدَ غَدَرَ ، وَإِذَا خَاصَمَ فَجَرَ. متفق عليه.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят килинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт хислат бор, кимда у бўладиган бўлса, у холис мунофикдир. Агар кимда улардан бир хислат бўлса, унда ҳам то тарк қилгунча мунофиқнинг хислати бўлади. Омонатга хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса алдайди(аҳдига вафо қилмайди) ва хусуматлашса фужурга кетади(жанжаллашса, қабиҳ сўзларни айтади)», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ҳам шунга ўхшаш ҳадисда "...агар у рўза тутса, намоз ўқиса ва ўзини мусулмон деб даъво қилса ҳам." қўшимча қилиб келтирадилар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда юқоридаги ҳадисдан фарқли ўлароқ Нифоқнинг тўрт аломати зикр қилинди. Ҳадиси шарифнинг маъноси «Кимда бу тўрт аломат топилса, у юқори даражадаги мунофиқ саналади. Агар улардан фақат биттаси топилса, у ҳам бу хислатдан кутулмагунча мунофиқ бўлиб тураверади». Демак, қай даражада бу аломатларга эгалик топилаверса, нифоқнинг даражаси ҳам юқорилаб бораверади. Ким агар бу хислатлардан бирма-бир четланиб бораверса, нифоқдан узоқлашиб бораверади.
Турбуштий роҳимаҳуллоҳ: “кимдаки, бу аломатлар бўлса ва унда давомий бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлибди аммо мўмин инсонда ҳам бу аломатлар бўлиши мумкин лекин унда давомий бўлмайди.” дедилар.
Муҳаддис олимлар бу ҳадисни шарҳлаб айтишадики, Пайғамабаримиз (с.а.в) ўша пайтда ваҳий нури билан кимнинг қалбида имони бор ва кимнинг қалбида эса нифоқи борлигини билганлар. Шунингдек, қалбида нифоқи бор кимсаларни номларини ошкор қилмасдан уларнинг белгиларни билдирганлар.
Мунофиқ - қалбида йўқ нарсани бор деб кўрсатадиган одам.
Аллоҳ таоло қуйидаги оятида ҳам мунофиқларни очиқ ойдин сифатнларни айтиб ўтган:
فِى قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمُ ٱللَّهُ مَرَضًا وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌۢ بِمَا كَانُوا۟ يَكْذِبُونَ
Уларнинг қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор.
Демак, мунофиқларнинг қалбларида мараз касаллик бор. Уларнинг ичи бузуқ. Касал ўзига касални чақиради деганидек, уларнинг қалблари касал бўлгани учун Аллоҳ таоло ҳам уларнинг касалини зиёда қилиб қўйган. Улар қалбларида йўқ нарсани бор деб даъво қилганликлари учун оқибатда аламли азоб ила азобланадилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: "Ким Исломни қалби билан иқрор бўлиб, уни тили билан тасдиқласа, у дўзахда абадий қоладиган одам ҳисобланмайди, ҳатто унда мунофиқлик аломатлари бўлса ҳам.
Хулоса шуки, ўзида мунофиқ белгиларни сезган мусулмон даррор унда халос бўлишга интилиши лозим, бунга эса, уламоларимиз қуйидагича тавсиялар беришган:
• Аллоҳга дуо қилиш
• солиҳлар суҳбатида бўлиш,
• жамоат намозларига интилиш,
• садақа қилиш чунки садақа қилган инсоннинг мусулмонлигида шубҳа йўқ дейишган.
МУҲАММАД ЮСУФ домла ШЕРМАТОВ
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси.
Izohlar