ЖУМАНИНГ ФАЗЛИ ВА ФАРЗЛИГИ ҲАҚИДА
Аллоҳ жалла шаънуҳу:
«Эй иймон келтирганлар! Қачон жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган. (Жума, 9)
Шарҳ: Бу ояти карима жума намозининг фарзлигини таъкидлаб келган оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким шак келтирмайди.
768- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: خَيْرُ يَوْمٍ طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ يَوْمُ الْجُمُعَةِ فِيهِ خُلِقَ آدَمُ وَفِيهِ أُدْخِلَ الْجَنَّةَ وَفِيهِ أُخْرِجَ مِنْهَا وَلاَ تَقُومُ السَّاعَةُ إِلاَّ فِي يَوْمِ الْجُمُعَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ. وَزَادَ أَبُو دَاوُدَ : وَفِيهِ تِيبَ عَلَيْهِ وَفِيهِ مَاتَ وَفِيهِ تَقُومُ السَّاعَةُ وَمَا مِنْ دَابَّةٍ إِلاَّ وَهِيَ مُسِيخَةٌ يَوْمَ الْجُمُعَةِ مِنْ حِينَ تُصْبِحُ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ شَفَقًا مِنَ السَّاعَةِ إِلاَّ الْجِنَّ وَاْلإِنْسَ.
768. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина жума куни қоим бўлур», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган:
«Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», дейилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифда Ислом уммати учун ҳафтанинг энг яхши куни қилиб берилган ва жамоат бўлиб ибодат қилинадиган улуғ бир кун жуманинг қандоқ кун экани ва у кунда нималар бўлгани ҳақида сўз бормоқда.
«Жума» сўзи арабча сўз бўлиб, жамлаш деган маънони англатади. Чунки бу кунда мусулмонлар жамланиб, жума намозини ўқийдилар. Аллоҳ таоло мусулмонлар учун айнан шу кунни ихтиёр қилганига бир неча сабаблар бор. Аввало:
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир».
Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифдаги нарсалар ёғдусида ўрганиб чиқайлик:
1. «Унда Одам халқ қилинди».
Инсониятнинг асли ҳисобланмиш Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло жума куни яратгандир. Бу у кун қанчалик фазилатли эканини билдиради.
Айни шу ҳодисани эслаб туриш учун ҳам жума куни ҳафтанинг байрам кунига айлантирилган.
2. «Унда у жаннатга киритилган».
Аллоҳ Одам отани жаннатга киритган кун ҳам жума куни эди. Демак, Одам алайҳиссалом жаннатдан ташқарида яратилганлар. У кишини улуғлаб жаннатга киритилган кунларини биз зурриётлари байрам қилишимиз табиий. Шу боис ҳам, жума куни ҳафтанинг байрам куни бўлишга арзийди.
3. «Унда у жаннатдан чиқарилди».
Яъни, жума кунида Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилдилар. Бошқа бир ривоятда, ерга туширилди, дейилган.
Бу ҳам улуғ неъмат. Чунки Одам алайҳиссалом жаннатда гуноҳ қилиб, иқобга дучор бўлиш даражасига етган эдилар. Аллоҳ таоло эса, у кишини мағфират қилиб, ерга Ўз халифаси қилиб туширди. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳар ҳафта байрам қилишлари лозим.
4. «Қиёмат куни ҳам фақатгина жума куни қоим бўлур».
Ана ўшанда мўмин бандалар асосий мақсадларига эришадилар. Роббилари жамолига мушарраф бўлиб, жаннат неъматига етишадилар. Ана шундоқ буюк хурсандлик кунини бу дунёда нечун ҳафтанинг байрам куни қилиб олинмасин?!
5. «Унда унинг тавбаси қабул қилинди».
Яъни, жума кунида Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинди. Тавбанинг қабул бўлиши улкан бахтдир. Тавба қабул қилинмаса, бадбахтлик бўлур эди. Иқобга қолинур эди. Шунинг учун ҳам, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бу кунни ҳафтанинг байрам куни қилиб олишлари зарур.
6. «Унда у вафот қилди».
Яъни, жума кунида Одам алайҳиссалом вафот этдилар.
Имом ҳоким келтирган ривоятда: «Ўлим мўминларнинг туҳфасидир», дейилган. Чунки ўлим ила мўминлар бу дунё ташвишларидан қутулиб, охират неъматларига эришадилар. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг болалари бу кунни ҳафтада байрам куни қилганлар.
7. «Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно».
Жума куни қиёмат қоим бўлиши ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Кейинги жумладан эса қиёмат жума куни тонг отгандан то қуёш чиққунча бўлган муддатда қоим бўлишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳар жума куни ўша вақтни ҳамма жониворлар қўрқинч ила ўтказар эканлар. Фақат одамлар ва жинлар ғафлат босиб, бу нарсани ҳис қилмас эканлар.
Демак, инсоният тарихида шундоқ муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган ва уларни эслаш, улуғлаш, улуғ неъмат деб билиш учун ҳам бу кунни байрам қилишимиз, тўпланиб ибодат, дуо ва илтижо билан ўтказишимиз жуда ҳам зарур.
📚 «Ҳадис ва ҳаёт», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарлари асосида Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси М,Юнусхўжаев тайёрлади.
Izohlar