08.11.2022

КОМИЛ ИЙМОН СИФАТЛАРИ ҲАҚИДА

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», дедилар». 

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Муаллифнинг «Комил иймон сифатлари ҳақида» боб очишининг ўзи, ғайри комил иймон ҳам борлигига далолат қилади. Чунки бу бобда келтирилган ҳадисларда лафзлар иймонни манфий қилса ҳам, маънолар бутунлай иймонни эмас, балки иймоннинг комиллигини манфий қилувчидир. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод, комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки, бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Агар эътиқод бўйича бирор киши нафақат ота-она ёки болани, Расулуллоҳдан бошқа бирор шахсни афзал кўрса, кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки, маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда муҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир. Демак, мўмин банда учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.

Уламоларимиздан Абу Зинод муҳаббатни учга бўладилар:

1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати, асосан, ота-онага бўлади.

2. Раҳм-шафқат муҳаббати, асосан, фарзандларга бўлади.

3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати, ўзга одамларга нисбатан бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳам, ҳаммага бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат у зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси шарифни эшитганлари замони унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деганлар. 

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ундоқ бўлса, бўлмапти. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак», деганлар. Ҳазрати Умар дарҳол: 

«Ўзимдан кўра ҳам!», деганларида у зот алайҳиссалом: 

«Ана энди бўлди, эй Умар», деганлар. Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар.

Бу ҳадисдан олинадиган фойда кўриниб турибди: ҳар бир мўмин-мусулмон учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан кўра маҳбуброқ бўлишлари керак.

Ҳадиси шарифнинг ҳикмати жуда улуғдир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар, балки мўминлар у зотга муҳаббат қилишга муҳтожлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари доимо мўминларга яхшилик, бахт-саодат келтирган. Машҳур саҳобийлардан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: 

«Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда у зотдек улуғвор эмас эди. У зотни ўта улуғлаганимдан, у зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим», дейдилар. 

Саҳобаи киромларнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. У зотнинг амрларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсин, туфурган туфуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар қўлларини тутиб, илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Шунинг учун, бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлдилар. Буюк Ислом маданиятининг пайдо бўлишига эришдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини устун тутганларида у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилдилар ва дунёда ҳаммадан устун бўлдилар. Улар қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан молу дунёнинг, бола-чақанинг, турли маъшуқаларнинг муҳаббатини устун қўйганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини қўйиб, бош­қа, ердан чиққан «шариат»ларга амал қилганларида ҳаммадан орқада қолдилар.

📚 «Ҳадис ва ҳаёт», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарлари асосида Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси М,Юнусхўжаев тайёрлади.

Izoh qoldirish

Izohlar