11.03.2022

ЭР-ХОТИННИНГ ОИЛАДАГИ МАЖБУРИЯТЛАРИ

Оила мустаҳкам бўлишининг энг муҳим асоси – эр-хотин ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилишларидир. Эрнинг оиладаги вазифалари ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўралганда шундай дейдилар:

﴾ أن تُطْعِمَها إذا طَعِمْتَ ، وتَكْسُوها إذا اِكتسَيتَ ، ولا تَضْرِبِ الوَجْهَ ، ولاَ تُقَبِّحْ ﴿

(رواه الامام أبو داود عن حكيم بن معاوية رضي الله عنه)

яъни: “Ўзингиз таомлансангиз, уни ҳам таомлантирасиз, кийинсангиз, кийинтирасиз, юзга урманг! Ҳақорат қилманг!” (Имом Абу Довуд ривоят қилганлар).

Буюк саҳоба Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аёлим мен учун безангани каби, мен ҳам у учун кўркам бўлишни хуш кўраман”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан алайҳиссалом рисоладаги келин ҳақида эса шундай деганлар:

 إِذَا صَلَّتْ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا وَصَامَتْ شَهْرَهَا وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا قِيلَ لَهَا ادْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتَ﴾ (رواه الامام ابن حبان عن أبي هريرة رضي الله عنه) ﴿

яъни: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, авратини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, у аёлга: “Жаннатга хоҳлаган эшигидан кир!”, – дейилади” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Динимизда никоҳланиш ва оилани сақлаб қолишга қаттиқ тарғиб қилинсада, имкон бўлмаганда охирги чора сифатида талоқ-ажралиш жорий қилинган. Яъни, зарурат бўлганда, ҳеч илож қолмаганда, ажралиш жоиз, бир умр зулм кўриб яшашга эр ҳам, хотин ҳам мажбур эмас.

Бу ўринда муҳими шуки, никоҳ ҳам бир оғиз сўз билан боғлангани каби, унинг узилиши ҳам бир оғиз сўз билан бўлади. Афсуски, гоҳида никоҳ-талоқ масалаларидан бехабар эр-хотинларнинг келишмовчилиги эрнинг ўринсиз талоқ айтиши билан тугайди.

Аллоҳ таоло эркакка уч марта талоқ қилиш ҳаққини берган. Албатта, бу ишда ҳам чегара бор. Талоқлар сони учтага етмасдан, эркак ақлини йиғиб олиши керак. Гоҳида жоҳил эр учта имкониятини бирваракайига айтиб, қайта ярашиш имкониятини йўққа чиқаради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтаради. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади. Талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

 وَإِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا

وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا

яъни: “Хотинларни талоқ қилганингизда ( улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).

Демак, мусулмон эр хотинини яхшилик билан олиб қолиши ёки (ортиқ оилани сақлаб қолиш имкони бўлмаса) яхшилик билан жавобини бериши керак. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг оятларини ҳазил билиш, енгил санаш улар билан “ўйнашиш”нинг оқибати ёмон бўлади. Аллоҳнинг азоби золимларни қаттиқ тутади.

Баъзи кишилар талоқ қилиш гуноҳ экан, Аллоҳ таолонинг Арши титрар экан деб, хотинига “талоқ” лафзини айтмай, лекин ўзлари бошқага уйланиб юраверадилар. Ноҳақ, ҳеч бир сабабсиз талоқ қўйиш динимизда қораланади. Лекин оилани сақлашни имкони бўлмаганда, талоқ ҳам бир чора. Ҳар қандай ҳолатда талоқ айтиш гуноҳ, ҳеч қачон талоқ айтмаслик керак, деган гап Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, ҳатто уламоларимизнинг сўзларида ҳам учрамайди. Аксинча, хотинни аросатда қолдириб, талоғини бермасдан юриш гуноҳ бўлади, зулм ҳисобланади.

Баъзилар эса хотинидан бутунлай ажралмоқчи бўлган киши “уч талоқ” айтиши шарт экан деган мутлақо нотўғри фикрда юрадилар. Аслида ажрашмоқчи бўлган киши хотинига: “Сени бир талоқ қилдим” дейиши ҳам кифоя. Бирданига “уч талоқ” айтиш қаттиқ гуноҳ ҳисобланади. Чунки бундай қилиш бир томондан Аллоҳ таоло бандага берган учта имкониятни бирданига йўқ қилиш бўлса, бошқа томондан қайта ярашиш имконини ҳам йўққа чиқаради. Бу мавзуда қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган:

قَالَ مَحْمُودُ بْنُ لَبِيدٍ أُخْبِرَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ امْرَأَتَهُ ثَلاَثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا فَقَامَ غَضْبَانًا ثُمَّ قَالَ: ﴿ أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اللهِ وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ حَتَّى قَامَ رَجُلٌ وَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَلاَ أَقْتُلُهُ (رَوَاهُ الامام النَّسَائِيُّ)

яъни: “Маҳмуд ибн Лабийд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда У Зот ғазабланиб, ўринларидан турдилар-да: “Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!” – дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ! Уни бўйнига урайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).

  Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олижаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз.

Izoh qoldirish

Izohlar