ДЕҲҚОНЧИЛИК РИЗҚ РЎЗИМИЗ
Азиз мусулмонлар, баҳор фасли кириб келди. Мана шу кунларда Худодан оби раҳматини туширишни дуо қилиб сўраладиган кунлар. Чунки қанча баҳор кунларида Худонинг раҳмати ёғилса, ердаги ҳосилларимизнинг унумдорлиги ошади. Кўриб ўтилганидек, ҳар бир ой ва кун деҳқончилик учун қимматлидир. Деҳқон етиштирган ҳар қандай экин, боғбон етиштирган ҳар қандай мева инсон учун ҳаётий озиғи ҳисобланади. Худои таборак ва таоло “Мулк” сурасида:
هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ
«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир»[1]
Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти каримани Исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзинининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган. Бу ҳақиқат ҳозирги асримизда келиб яққол кўзга ташланди. Инсон ердан фойдаланишнинг барча турларини ишга солди. Бу оятдаги «юринг» деган хитоб мусулмонларни доимо касби-корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатади. Шу билан бирга ризқ Аллоҳдан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатади. Зеро Пайғамбаримиз с.а.в. бизларга:
عَنْ عَائِشَةَ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : الْتَمِسُوا الرِّزْقَ فِي خَبَايَا الأَرْضِ
“Ерyнинг саховатидан ризқларингизни истанглар”, яъни деҳқончиликдан, дедилар.
Аллоҳ таолонинг қавли:
أَفَرَأَيْتُم مَّا تَحْرُثُونَ (63) أَأَنتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ(64) لَوْ نَشَاء لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا
«Сизлар ўзларингиз экаётган экинингиз хусусида ҳеч ўйлаб кўрдингизларми? Уни сизлар ундирурсизларми ёки Биз ундирурмизми?! Агар Биз истасак, албатта уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эрдик!»[2]
Ҳар бир мусулмон бирор нарса экадими ёки бирор касбу кор қиладими доимо Ризқ берувчи Раззоқни эсидан чиқармаслиги керак. Яъни зироат деб ёки тижорат деб ибодат эсдан чиқмасин деб Парвардигори олам эслатмоқда. Биз қанчалик зўр деҳқон бўлмайлик агар Аллоҳ хоҳламаса ҳеч ким ҳеч нарса ундуролмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”[3], дейди.
Энди бизнинг ризқимизни меҳнат қилиб олишимиз эса, ризқимиз ҳалоллаб олишимиз учун. Тижорат қиламизми зироат қиламизми бу барчаси ҳалолликка интилиш бу ҳам ибодат:
Бутун борлиқ, наботот ҳам. Яратганга этар тасбеҳ.
Бободеҳқон экиб юрса. Зироат ҳам ибодатдур.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
عَنْ أَنَسٍ - رضى الله عنه - قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - « مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا ، أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا ، فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ ، إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ »
«Қайси бир мусулмон бирор дарахт ёҳуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга ажру савоб ато этилур» — деб марҳамат қилдилар».
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бошқа бир ривоятда:
عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا إِلاَّ كَانَ مَا أُكِلَ مِنْهُ لَهُ صَدَقَةٌ وَمَا سُرِقَ مِنْهُ لَهُ صَدَقَةٌ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ مِنْهُ فَهُوَ لَهُ صَدَقَةٌ وَمَا أَكَلَتِ الطَّيْرُ فَهُوَ لَهُ صَدَقَةً وَلاَ يَرْزَؤُهُ أَحَدٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ صَدَقَةٌ ».
“Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан биров еса, албатта, эккан киши учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам у учун садақа бўлади. йиртқичлар егани ҳам у учун садақа бўлади. қушлар егани ҳам, албатта, у учун садақа бўлади. ўша экиндан бирор киши манфаат олса, эккан киши учун садақа бўлади”, дейилган (Муслим ривояти).
Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, ҳаттоинки дарахтнинг мевасини ўғирлаб кетсалар ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.
Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда айнан мана шундай ишлар садақаи жория деб номланади.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди” (Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Халқимизнинг шундай машҳур мақоли бор: “Ҳамал кирди – амал кирди”, деган. Биздан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди, иншаоллоҳ.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!
У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий
ислом билим юрти мудир муовини
[1]Мулк 15
[2]Воқеа 63-65
[3]Ҳуд 6
Izohlar