01.04.2022

РАМАЗОНИ ШАРИФ- ПОКЛАНИШ ОЙИ

Истиқлол шарофати туфайли миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, рамазон, ҳайит каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик.

 Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири рамазон ойи билан боғлиқ маросимлар бўлиб, Рамазон-раҳмат ва мағфират ойидир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир.» (Бақара: 183-184). 

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир». Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади. Ушбу оятлар нозил бўлган илк даврда ҳукм сал бошқачароқ ва оғирроқ бўлган. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан қачон бир киши рўзадор бўлсаю ифтор вақтида ифтор қилмай ухлаб қолса, ўша кечаси ва эртасига кундузи, то кеч кирмагунча таом емас эди. Қайс ибн Сирма рўзадор эди. Ифтор бўлганда хотинининг олдига келиб, «таоминг борми?» деди. Хотини: «Йўқ. Лекин бориб сенга таом келтираман», деди. У кундузи ишлар эди. Кўзи илиниб ухлаб қолди. Хотини қайтиб келиб, уни кўриб, шўринг қурисин, деди. Эртасига кун яримлаганда ҳушидан кетиб йиқилди. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди ва ушбу оят нозил бўлди: «Сизларга Рўза кечасида аёлларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди...». Бунинг учун жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Шунингдек: «Ва то оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичинг­лар» ояти ҳам нозил бўлди». Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда дастлаб рўза фарз бўлган вақтида ҳукми ҳозиргидан бошқачароқ экани, ўзига яраша қоидалари борлиги ҳақида сўз кетмоқда. Ўша дастлабки қоидаларга биноан, ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон намози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин янаги ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган. 

Шунингдек, рўза пайтида кечаси ҳам эру хотин жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган. Бу ўзига хос тарбия усули бўлиб, Аллоҳ таоло мусулмонларга хоҳлаган шаклда рўза ибодатини амр қилиши мумкинлигини, лекин энг осон ва фойдали йўлини ихтиёр этаётганини тажрибада кўрсатган.

Ким Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутиши керак. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда янги, умумий фармон тушди, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан, деган фикр чиқмаслиги учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор ушбу оятда зикр этилмоқда: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”.     (Бақара 185)                                                         

Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони каримни тушириш вақти қилиб, Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарганидан далолат. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида фарз қилмоқда. Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Рамазондан бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир. Чунки, Аллоҳ таоло мусулмонларга бу ойнинг рўзасини фарз қилди. 

Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришдан мақсад ҳам мана шу ҳукмни, яъни, Рамазон ойининг рўзасини тутмоқлик ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий этилган фарз эканлигини маълум қилмоқдир. 

Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхши бўлади. Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат - яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Бу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишга бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Машҳур шайхлардан Ахнаф ибн Қайс кексалик вақтида ҳам рўзага катта аҳамият берар экан. Унинг қийин ҳолатини кўриб, одамлар: “Сиз қари одамсиз. Рўза сизни қийнаб қўяди. Рўза тутмасангиз ҳам бўлаверади-ку”,-деганларида у киши: Мен рўзани узун сафарим учун тайёрлаяпман. Бу дунёда Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш, охиратдаги азобига сабр қилишдан кўра осонроқдир”,- деб жавоб берган экан.

Рамазони шарифда сабр деб аталмиш фазилат қалбларимизни мунаввар қилсин. Албатта, рамазон киши руҳини поклаш учун берилган ойдир. Агар кимки рамазонда руҳини поклай олса, унинг барча гуноҳлардан фориғ бўлишига шубҳа қолмайди. Демак, инсон рамазондаги кун ва соатларни ғанимат билмоғи, камчилик ва гуноҳларига каффорат бўладиган савоб ишлар қилиб, бу ойда ваъда қилинган барча фазилат ва имтиёзларнинг ҳақли эгаси бўлишга интилмоғи лозим.

 

Давронбек Абдуқодиров.

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мудири

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Ҳадис ва ҳаёт силсиласи 

Рўза китобидан фойдаланилди.

Izoh qoldirish

Izohlar