ЁЛҒОН ЁМОНЛИКЛАРНИНГ БОШИДИР
Ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш динимиз қатъий қоралаган энг ёмон иллатлардан бўлиб, оғир гуноҳ ҳисобланади. Қуръони каримда ёлғон ҳақида 167 та оят келган. Аллоҳ таоло ҳаддан ошувчи, ёлғончи ва кофир кимсаларни тўғри йўлга бошламаслигини айтиб, бундай марҳамат қилади “Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмайди”. (зумар сураси 3-оят) Ёлғоннинг жамиятга ҳам, инсонларга ҳам зарари шунчалар кўплигини руҳан ва жисмонан тушиниб етишимиз зарур. Ота боболаримиз ёлғон ёлғонни чақирар. деб бекорга айтмаганлар. Ёлғондек инсон юзини қорайтирадиган, инсонни беобрў қиладиган, уятга қўядиган ёмон иш йўқ. Ёлғон барча ёмонликларнинг бошидир.
Бир одам Пайгамбаримиз (с.а.в) ҳузурларига келиб: Ё Расулуллоҳ! Гуноҳларим кўп. Улардан кандай қутилай?- дея гуноҳларини эьтироф этди. Пайғамбаримиз (с.а.в): Ёлғон сўзлама! –деб жавоб қилдилар. Яьни, у гуноҳлардан қутилиш учун ёлғон гапирмасликни буюрдилар. У киши Расуллуллоҳ(с.а.в.)нинг ҳузурларидан кетгандан сўнг, яна аввалгидек гуноҳ ишлар қилишни хоҳлаганда , “ёлғон сўзламаслик учун Расулуллоҳ (с.а.в.) га сўз берганман, сўзимда турмоғим лозим”, - дерди. У билан гуноҳ ишлар қилгани дўстлари келганида, уларга: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)га сўз берганман. энди мендан сўрасалар ёлғон гапиролмайман, зино қилсам-жазоси қамоқ , ичкилик жазоси –ўлим, ёлғоннинг жазоси – иккисидан ҳам қаттиқроқдир. Шунинг учун ёлғон сўзламасликка сўз бердим,-деб, барча гуноҳларидан қутулди. Бу ҳадисда ёлғон сўзламаслик ва ваъдасига вафо қилиш кўзда тутилган. Ёлғон – фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган. Бугунги кунда инсонларда одатий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик каби салбий ҳолатлар аста-секинлик билан ривожланиб келаётган жамиятимизга ҳунук оқибатларни олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз уйимизда, маҳалламизда, иш жойимизда ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини бир-биримизга эслатиб турмоғимиз керак!
У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий
ЎМИБЮ мудир ўринбосари
Izohlar