РАМАЗОН – ИБОДАТ ОЙИДИР.
Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!” дея, Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфорда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган.
“Саҳиҳ Муслим”да қуйидаги ҳадисда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”, дейилган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
" ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ لاَ تُرَدُّ دَعْوَةُ الْوَالِدِ، وَدَعْوَةُ الصَّائِمِ وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ"
(رَوَاهُ الإمَامُ البَيْهَقِيُّ فِي "السُّنَنِ" وَ الإمَامُ الْمَقْدِسِيُّ فِي "الأَحَادِيثِ الْمُخْتَارَة" عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه).
яъни: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди: отанинг (фарзанд ҳаққига) дуоси, рўзадорнинг ва мусофирнинг дуоси” (Имом Байҳақий ва Имом Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган).
Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарликлар билан кутиб олишади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Улар Рамазон кунлари турли хил фойдасиз гап-сўзлар, беҳуда ўйин-кулги, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланишган. Рамазон кечаларини кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, тавба-истиғфор қилишлар билан бедор ўтказишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришда ўзаро мусобақалашишган. Тожирлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳар қачонгидан пасайтиришган.
Бизнинг юртимизда ҳам Рамазон ойига ўзгача тайёргарлик кўрилиши одат тусига кирган. “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш” тўғрисида Юртбошимизнинг қарорлари қабул қилиниб, масжидларда эмин-эркин ибодат қилиниши ҳукумат миқёсида эътибор қаратилади.
Саҳл разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"إِنَّ فِي الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ يُقَالُ أَيْنَ الصَّائِمُونَ فَيَقُومُونَ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ" (رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه).
яъни: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, уни Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Парвардигори олам бу йилги Рамазонда кўплаб хайр-баракаларини ёғдирсин! Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин! Бандаларнинг гуноҳларини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин!
М.ЮНУСХЎЖАЕВ
Имом Фахриддин ар-Розий
ислом билим юрти мударриси
Izohlar