ТИНЧЛИКНИ АСРАШ - ДАВР ТАЛАБИ
Халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни орзу-интилишлар, яхши ниятлар гаровининг муҳим кафолати деб билади. Тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган мамлакатдагина илм-фан, маданият юксак тараққий этади, бунёдкорлик ишлари ривож топади. Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият -енгилмас куч” асарида: “Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва, аксинча, қаерда – ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”, - дея таъкидлаганлар.
Бепарво, лоқайд бўлиш аҳиллик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларнинг емирилишига, турли моддий-маънавий жиноятларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, бепарволик тараққиётнинг энг кучли кушандасидир. Ислом динини ниқоб қилиб, ёшларга манфур ғояларни сингдиришга, уларни ўз таъсирига туширишга уринаётган гуруҳлар сони оз эмас. Ижтимоий тармоқлар ёки бошқа воситалар орқали тарқатилган ёлғон хабарларни мулоҳаза қилиб кўрмай унга эргашиб кетавериш мўмин кишига ярашмайдиган амалдир. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ киши бирор хабар келтирса, (унга) аниқлик киритинглар. Бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилмишингизга надомат қилувчи бўлманглар!” (Ҳужурот, 6), дея марҳамат қилади. Муборак ҳадиси шарифларда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчликнинг қадрига етишга даъват этади. Жумладан, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”.
Шуни англамоғимиз керакки, юртимизда бўлаётган ривожланиш ва тараққиёт ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча таъминланиб қолмаётганини унутмаслигимиз лозим. Халқимиз доимо дуога қўл очар экан, биринчи навбатда юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака тилаб, яхши ният қиладилар. Чунки бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетиши ҳақидаги ҳикмат бекорга айтилмаган. Шунинг учун ҳам азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш бу озод ўлкада яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.
Инсон онги ва қалбини забт этишга қаратилган таҳдидлар ривожланиб бораётган бугунги таҳликали замонда миллий маънавиятимизга зид бўлган турли салбий таъсирларнинг олдини олиш барчанинг бурчидир. Ҳар биримиз ўз уйимиз, аҳлимиз ва ватанимизнинг хавфсизилиги учун масъуллигимизни эсдан чикармаслигимиз керак.
У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий
ЎМИБЮ мудир ўринбосари
Izohlar