29.04.2022

КУФР ВА ШИРКНИНГ ЯНГИЧА КЎРИНИШЛАРИ

Ҳар бир Аллоҳнинг китобига ва Унинг расулининг суннатига ҳамда муқаддас динимизнинг ҳаққоний ақийдаларига даъват қилувчи имом-хатиблар зиммасидаги вазифа, бугунги кунда Ислом уммати ичида тарқалган ширкнинг янгича кўринишларини баён қилиб беришдир. Бу, зиммасидаги бурчини адо қилиш ва одамларни адашув ва ширкдан огоҳлантириш бўлади. Шунга биноан, бугунги кунда Ислом уммати орасида тарқалган ширкнинг янгича кўринишларидан баъзиларини эслатиб ўтамиз.  

Баъзи бир кишилар, авлиё ва аҳли солиҳларнинг руҳлари уларнинг вафотидан кейин ҳам тасарруф қилишга қодир, деб эътиқод қиладилар. Бу нотўғри тушунча одамлар ичида шунчалик кенг тарқалиб, зеҳнларида мустаҳкам ўрнашиб қолганки, ҳаттоки зиёратгоҳ ва қабрлар хавфдагилар учун паноҳгоҳ, беморлар учун шифохонага айланиб қолган. Кимига ғам ёки зулм етса ёки бирор мусибат етса, ўша мозор ва қабрларга бориб пардасига осилиб, остонасини ўпадилар, ўша қабр эгаларидан ғамини кетказиб, ҳожатини раво қилишини сўрайдилар. Бу ҳам Аллоҳнинг мулкида ва тасарруфида ҳамда ёрдам сўрашда ширк келтиришдир. Баъзи уламолар буни Роббиликка ширк келтиришдан ҳисоблаганлар. Чунки, беморликни ва мусийбатни кетказиш, соғлик, хурсандлик ва барака бериш Роббил оламийнга хос ишдир.  

Баъзи одамлар жинлардан хадиксирайдилар, қўрқадилар ва улардан ёрдам сўрайдилар. Бу эса, Аллоҳ таолонинг тадбирига очиқча ширк келтиришдир. Чунки, бунга сабаб бўлган нарса, Аллоҳнинг тадбири ва ихтиёридан ташқари жинлар ҳам тасарруф қилишга қодирдир, деб эътиқод қилишдир. Аслида эса, осмондан ергача барча ишнинг тадбирини Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи қиладир. 

Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирганни мағфират қилмайди. Ундан бошқани кимни хоҳласа мағфират қилади». (Нисо сураси, 48). «Албатта, ким Аллоҳга ширк келтирса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилди. Унинг жойи дўзахдир. Золимларга ёрдам берувчилар йўқдир». (Моида сураси, 72). Аллоҳ солиҳ банда Луқмон тилидан: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин. Албатта, ширк катта зулмдир», деган. (Луқмон сураси, 13).  

Шунга биноан, ширк ҳеч кимдан кечирилмас гуноҳдир. Эътиқодларимиз соф ва ширкдан, куфрдан ҳоли бўлишини Аллоҳнинг Ўзи насиб қилсин!

М.ЮНУСХЎЖАЕВ
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мударриси
 

Izoh qoldirish

Izohlar