Мусҳаф тутиш одоблари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Ўзининг охирги ва абадий китоби бўлмиш Қуръони Каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.
Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини таъмин этадиган Қуръони Каримни умматларига омонат ила eтказиб, унга қандай амал қилишни кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар саловоту дурудлар бўлсин.
Мусҳаф тутиш одоблари ҳақидаги маълумотларни Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолимизда келтирамиз.
- Мусҳафни жунуб, нифосли, ҳайзли ҳамда кичик бетаҳорат шахслар ушламайди.
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида:
“ Уни фақат покланганларгина ушлайдир”,деган (79-оят).
Сулаймон ибн Мусодан ривоят қилинади:
“Мен Солим ибн Умарнинг ўз отасидан ривоят қилаётганини эшитдим. У: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни фақат пок кишигина ушлайди”, дедилар”, деди” (Табароний ривоят қилган).
- Лекин мазкур шахслар мусҳафни ёпишмаган, ажралган ғилофи ила ушлаши жоиздир.
- Юқоридаги шахслар мусҳафни енглари билан ушлаш макруҳдир.Чунки кийим ушловчиники ва унинг бир бўлаги ҳисобланади.
- Агар мусҳафнинг сувда оқиб кетиши, ёниши, нажосатга тушиши каби хафлар бўлса, мазкур кишилар уни асраш учунгина ушлашлари мумкин.
- Тахоратсиз киши мусҳафни варақлаши мумкин эмас. Аммо қаламга ўхшаш нарса билан варақлашга рухсат бор.
- Балоғатга етмаган ёш болалар мукаллаф бўлмаганлари учун улар бу ҳукмлардан мустаснодир. Уларга Мусҳафни тахоратсиз ҳолда ушлаш жоиздир. Бунинг сабаби, агар ёш болалар ҳам ҳудди катталар каби Мусҳафни тахоратсиз ушламасин, дейилса, машаққат сабабли Қуръонни ёд олишга тўсиқ бўлиб қолади. Қуръонни ёдлаш ниҳоятда аҳамиятли иш бўлгани боис, болалар Қуръондан узоқлашиб кетмасин, деган мақсадда динимиз ёш болаларга Мусҳафни тахоратсиз ушлашга рухсат берганлар.
Юқоридаги масалалардан Мусҳафни қанчалик эҳтиром қилишимиз зарур еканлиги келиб чиқади.Энди Мусҳафни қуйидаги нарсалардан пок бўлган киши ушлаганда ёки ўзи билан олиб юрганда ёки чўнтагида турганда у киндикдан баландда бўлишлиги лозимдир. Ўтирганимизда ёки ётганимизда Мусҳафга оёғимизни узатмаслигимиз унга бўлган эҳтиромимиздир. Зикр қилинган одобларга доимо амал қилишни аввало ўзимга ва ўқиганларга Аллоҳ таолонинг ўзи насиб қилсин.
М.ЮНУСХЎЖАЕВ
Имом Фахриддин ар-Розий
ислом билим юрти мударриси
Izohlar