ҚУРЪОН ЎҚИЛМАЙДИГАН УЙ ХАЙР-БАРАКАДАН УЗОҚДИР.
Уй - Исломда оила ва жамият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган, муқаддас қадриятлар ва яхши амалларни тарғиб қилувчи, маънавий ва жисмоний баракага эга маскан сифатида тасвирланади.
Инсон яшайдиган уйининг нафақат ташқи кўриниши чиройли бўлишига эмас, балки ички муҳитининг ҳам исломий қадриятларга мос бўлишини тақозо этади. Шундагина у оила тинчлик, барака, фаровонлик ва ҳидоят манбаи бўлиши мумкин.
Энди Қуръон ўқилган уйнинг фазилатларига келсак бу ҳақида бир қанча ҳадислар ва ривоятлар мавжуд.
1. Қуръон ўқилган уйнинг нурга тўлиши.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: نَوِّرُوا مَنَازِلَكُمْ بِالصَّلاةِ وَقِرَاءَةِ الْقُرْآنِ.
رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: "Манзилларингизни намоз ва Қуръон ўқиш билан мунаввар қилинг!" (Байҳақий "Шуабул-иймон"да ривоят қилган).
Фарз намозларини ўқиш учун масжидларга бориш, жамоат намозларида иштирок этиш яхши. Аммо мўмин банда нафл намозларини уйида ўқигани афзал. Чунки намоз ва Қуръон тиловати уйга нур бағишлайди.
2. Қуръон ўқилган уйдан шайтон қочади.
Бу ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди" (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).
3. Қуръон тиловат қилинган уйдан шайтонлар қочади, фаришталар бундай уйни макон тутади.
وَعَنْ حَفْصِ بْنِ عِنَانِ الْحَنَفِى أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ كَانَ يَقُولُ: إِنَّ الْبَيْتَ لَيَتَّسِعُ عَلَى أَهْلِهِ وَتَحْضُرُهُ الْمَلَائِكَةُ وَتَهْجُرُهُ الشَّيَاطِينُ وَيَكْثُرُ خَيْرُهُ أَنْ يُقْرَأُ فِيهِ الْقُرْآنُ وَإِنَّ الْبَيْتَ لَيَضِيقُ عَلَى أَهْلِهِ وَتَهْجُرُهُ الْمَلَائِكَةُ وَتَحْضُرُهُ الشَّيَاطِينُ وَيَقِلُّ خَيْرُهُ أَنْ لَا يُقْرَأُ فِيهِ الْقُرْآنُ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ
Ҳафс ибн Инон Ҳанафийдан ривоят қилинишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деб айтарди: "Қуръон тиловат қилинадиган уйда унинг аҳли учун кенглик бўлади, фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан узоқлашади ва ўша уйнинг яхшиликлари кўпаяди. Қуръон тиловат қилинмайдиган уйда эса ўша уйнинг аҳли учун танглик бўлади, бундай уйни фаришталар тарк этиб, шайтонлар уни ўз маконига айлантиради ва у ерда яхшиликлар камаяди" (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ривоятларда "уйда кенглик бўлади", "уйинг сени сиғдирсин" деганда оиладаги тинчлик-хотиржамлик, хайр-барака, фаровонлик, эр-хотин ўртасидаги аҳиллик-тотувлик кўзда тутилади.
Қуръон ўқиладиган уйда хонадон соҳиблари учун кенглик бўлади. Сабаби у ерни фаришталар макон тутади. Фаришталар жойлашган уйга Аллоҳнинг раҳмати, файз-баракаси, марҳамати ёғилади. Ким уйига яхшилик киришини хоҳласа, Қуръон ўқисин. Уйим тинч, хонадоним сокин бўлсин, деган банда Қуръон ўқисин! Зеро Қуръондан холи уй, Қуръон ўқилмайдиган уй хайр-баракадан узоқдир. Сабаби Қуръон тиловат қилинмайдиган уйдан фаришталар чиқиб кетиб, улар ўрнини шайтонлар эгаллайди. Шайтонлар жойлашган уй яхшиликдан холидир.
4. Қуръон ўқилган ерга фаришталар тушадилар.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.
Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».
Бу ҳадисдан шуни тушунишимиз мумкинки Қуръон тиловатини ҳатто фаришталар эшитишга интилишар экан, нур ва баракалар ичида ҳаёт кечиришни истаган инсон кўпроқ Қуръонни тиловат қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Баъзилар, ҳар бир уйда Қуръон бўлиши шарт, деб отасидан қолган Қуръонни яхшилаб ўраб, ҳеч кимнинг қўли етмайдиган жойга илиб қўяди ва ойда-йилда бир марта олиб, варақлаб қўяди. Юқорида саналган фазилатга эришиш учун уй деворига Қуръон илиб қўйиш эмас, балки уни ўқиш, ўрганиш ва Қуръонга амал қилиш керак. Шундагина Қуръоннинг фойдаси бўлади. Уни деворга осиб қўйиб ўқимаслик, Қуръонни тарк қилиш яхши эмас.
ТОЛИБЖОН домла Ғофуров
Имом Фахриддин ар Розий
ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Izohlar