СИЗНИНГ ҲАҚҚИНГИЗГА 70 МИНГ ФАРИШТА ИСТИҒФОР АЙТИШИНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?
Духон сурасининг фазилатлари борасида сўз очишдан олдин, бу сура ҳақида қисқача маълумот берсак. “Духон” сўзи “тутун” маъносини билдиради. Суранинг 10-оятида тутун ҳақида сўз юритилган. Шунинг учун сура “Духон” деб номланган.
Сура Маккада нозил бўлган бўлиб, у 59 оятдан иборат. Сурада тавҳид, пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш каби масалаларда сўз юритилиб, иймон ва ақидани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сура Қуръони карим билан қасам ичиб бошланади ва бу китоб Аллоҳ томонидан бандаларга раҳмат ва огоҳлантириш бўлиб, муборак кечада тушганини баён қилади. Сўнгра Аллоҳ таолони таърифлаб, Унинг ваҳдониятини исбот этади ва бошқа баркамол сифатлари ҳақида сўз юритади. Кейин эса мушрикларнинг муносабатлари ҳақида сўз кетади. Бу сўзларнинг жонли тасдиғи сифатида Фиръавн қавмининг қиссаси келтирилади. Уларга туғёнлари ва гуноҳкорликлари туфайли қандай азоб етгани баён этилади. Ортларидан қасрлари, ҳовли-жойлари, боғу роғлари, анҳору булоқлари қолганлиги ҳикоя қилинади. Уларга меросхўр бўлган Бани Исроил ҳақида ҳам сўз юритилиб, Аллоҳнинг амрига хилоф қилганлари учун уларнинг бошига қандай кунлар тушганлиги таъкидлаб ўтилган.
Ҳадиси шарифларда бу сура борасида:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حم الدُّخَانَ فِي لَيْلَةٍ أَصْبَحَ يَسْتَغْفِرُ لَهُ سَبْعُونَ
أَلْفَ مَلَكَ. رَوَاهُ التَّرْمِذِيُّ فِي السُّنَنِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким “Ҳаа Мийм” Духон (сураси)ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади " (Термизий "Сунан"да ривоят қилган).
Бу ҳадисни шарҳида: “Тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади”, яьни Аллоҳ субҳанаҳу таоладан у бандани гуноҳларини кечиришини сўрайдилар деганидир.
Демак, кечаси Духон сурасини ўқиган банда ҳаққига етмиш минг фаришта тонг отгунча истиғфор айтиб чиқади. Бу ерда мутлақ кеча назарда тутилган бўлса, қуйидаги ривоятда қайси кеча эканини ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حم الدُّخَانَ فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ غُفِرَ لَهُ. رَوَاهُ التَّرْمِذِيُّ
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: " Ҳаа Мийм” Духон (сураси)ни жума кечасида ўқиса, у(нинг гуноҳ- лари) мағфират қилинади" (Термизий ривояти).
Ушбу ривоятда Духон сурасини жума кечаси ўқиган банданинг гуноҳлари мағфират қилиниши айтилмоқда.
Бу ҳадисни шарҳида "мағфират қилинади" деганда, кичик гуноҳлар кечирилишини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар, катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба, надомат ва гуноҳдан қайтиш лозим.
وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حم الدُّخَانَ فِي لَيْلَةِ جُمُعَةٍ أَوْ يَوْمَ جُمُعَةٍ بَنَى اللَّهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّة. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Духонни жума кечаси ёки жума куни ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади" (Табароний "Кабийр"да ривоят қилган).
Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, Духон сурасини ихлос ва тадаббур билан ўқиш банда гуноҳларига каффорат бўлади ва бу бандага жаннатда бир уй қурилади. Имконини топган кишилар ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб юрсалар, албатта, катта савобга эга бўладилар. Бу бандаларни қизиқтириш, солиҳ амалларга ундаш учун айтилмоқда. Аслида банда Қуръонни холис ният билан қироат қилса, дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли бўлади. Роббим барчаларимизни гуноҳларимизни афв қилсин, ҳидоятда бардавом айласин.
Манбалар асосида: Ғофуров Толибжон
Имом Фахриддин ар Розий
ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Izohlar