18.11.2024

ФОТИҲА СУРАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ИСМЛАРИ

Фотиҳа сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақида бир қанча ривоятлар келтирилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: «Убай ибн Каъб Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида Фотиҳа сурасини ўқидилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаши нозил қилинмаган», – дедилар. 

         Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузур­ларида ўтирган эди. Юқоридан ғичирлаган овоз эшитилди. Жаброил осмонга қара­ди-да: «Мана бу осмоннинг эшикларидан бири ҳеч очилмаган эди, бугун очилди. Ундан бир фаришта тушди. Бу фаришта бугундан бошқа ҳеч қаерга тушмаган эди». У салом берди ва
«“Суюнчи! Сендан аввалги Набийларга берилмаган икки нур Сенга берилди, Фоти­ҳа сураси ва Бақара сурасининг охири. Улар­дан ўқиган ҳар бир ҳарфингга (савоб ва жа­воб) берилади”, деди» (Имом Муслим ривояти).

         Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри-маъруф ва наҳий-мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”.

         Фахриддин Розий “Мафотиҳ ал-ғайб” асарининг Фотиҳа сураси тафсирида: “Фотиҳа сураси илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалаларини ўзида жамлагандир. Хусусан, сурадаги «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким»(Фотиҳа сураси, 1-оят) ояти илоҳиётга далолат қилади. «...ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир»(Фотиҳа сураси, 3-оят) ёмонлик қилишдан қайтарилгани ва барча ишлар Аллоҳнинг қазои ва қадари билан бўлишига, «Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 5-7-оятлар) оятлари Аллоҳнинг қазоси ва нубувват масалаларига тегишлидир”, дейилади.

         Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарига ҳошия битган табризлик аллома имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида олим Фотиҳа сурасини қуйидагича шарҳлаган: “Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт илмни ўз ичига олган. Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир» (Фотиҳа сураси, 1-3-оятлар)  оятларида жамланган.

         Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси «Сенгагина ибодат қиламиз…» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятида жам бўлган.

         Учинчиси, камолотга етказувчи одоб-ахлоқ масалалари. Суранинг «…Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки…» (Фотиҳа сураси, 4-5-оятлар)  оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.

         Тўртинчиси, ўтган солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Уларнинг етказилишидан мурод – яхшиларга берилган неъматлар ва ёмонларга кўрсатилган жазолардан ибратдир. Хусусан, сурадаги «у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 6-7-оятлар) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди. 

 

        Энди Фотиҳа сурасининг номларига келсак бу борада Имом Қуртубий тафсирида Фотиҳа сурасининг ўн иккита исмини санаб ўтган. Қуйида ушбу суранинг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган номларидан баъзиларини келтириб ўтамиз:

1. Фотиҳатул Китоб (Қуръонни очувчи). Бундай номланишига сабаб, гарчи биринчи нозил қилинган суралардан бўлмаса-да, Фотиҳа сураси билан Қуръони Карим бошланади, тартиб бўйича суралар аввалида туради. Қисқа бўлишига қарамай, кўп маъноларни ўзида жамлагани учун Қуръони Карим маъносини очувчидир. Шунингдек, котиб ва хаттотлар нусха кўчиришда, намозхонлар намозга киришишда қироатни, аввал Фотиҳа сурасидан бошлайдилар

2. Уммул Қуръон  (Қуръоннинг онаси). «Уммун» сўзи арабча бўлиб, «она, асос, сабабчи» маъноларини англатади. Бу ерда ушбу сўз «асл» мазмунини англатиб келмоқда. Зеро, Фотиҳа Қуръоннинг аслини-асосини ўзида мужассам қилган.  Ҳасан Басрий айтади: «Аллоҳ аввалги китобларнинг илмини Қуръонда жамлаган. Қуръоннинг илмини «Муфассал»да жамлаган. «Муфассал»нинг илмини Фотиҳа сурасида жамлаган. Бас, кимки ушбу суранинг тафсирини ўрганса, барча нозил қилинган китобларнинг тафсирини ўрганган бўлади» (Байҳақий «Шуъабул ийман»да ривоят қилган).

3. Сабъул масоний (етти такрорланувчи оят ёки етти оятдан иборат икки марта нозил қилинган сура). Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Фотиҳа сураси «Сабъул масоний»дир»(Доримий «Сунан»да ривоят қилган). Баъзи муфассирлар айтишича, Фотиҳа сураси икки марта – биринчи бор Маккада ва сўнг яна бир бор Мадинада нозил қилинган. Шу сабаб ҳам «Сабъул масоний» – етти оятдан иборат икки марта нозил қилинган сура деб аталади.

4. Суратус солат (намоз сураси). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло: «Намозни Ўзим ва бандам ўртасида иккига тақсимладим...» деган», деб айтганларини эшитганман» (Муслим ривояти). Баъзи уламолар: «Ҳадисда келган «намоз»дан мурод Фотиҳа сурасидир», дейишган. 

5. Суратул ҳамд (ҳамд сураси). Сабаби ушбу сурада ҳамд фақат Аллоҳгагина хос эканини таъкидлаш билан бошланган. Фотиҳа сураси кўпчилик орасида «Ал-ҳамду» сураси ҳам дейилади.

6. Ал-Қуръонул ъазийм (Улуғ Қуръон). Чунки Фотиҳа сураси ўзида Улуғ Қуръоннинг маъносини жамлаган.

7. Шифо. Абдулмалик ибн Умайр  ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фотиҳатул Китоб ҳар бир дардга шифодир», дедилар» (Доримий «Сунан»да ривоят қилган). Фотиҳа сураси, аввало, маънавий касалликларга, эътиқоддаги тойилиш ва залолатга шифо, қалб иллатларига даводир. Қолаверса, у танадаги касалликларни ҳам даволовчидир. 

8. Руқя (дам солиш).

9. Асос (асл, манба). Бир киши Шаъбийга бел (ёки биқин) оғриғи билан шикоят қилди. Шунда у: «Сен ўзингга асосул Қуръон – Фотиҳатул Китобни лозим тутгин. Чунки мен Ибн Аббоснинг: «Ҳар бир нарсанинг асоси бор. Дунёнинг асоси − Макка. Чунки шу жойдан Ер қўпорилади. Осмонларнинг асоси − Ариба. У еттинчи осмондир. Ернинг асоси − Ажиба. У энг пастки – еттинчи қаватдаги ердир. Жаннатларнинг асоси − Адн жаннати. У жаннатларнинг энг яхшисидир. Дўзахнинг асоси − жаҳаннам. У еттинчи пастликда жойлашган бўлиб, барча табақалар унга асосланган. Инсониятнинг асоси − Одам. Пайғамбарларнинг асоси − Нуҳ. Бани Исроилнинг асоси − Яъқуб. Китобларнинг асоси − Қуръон. Қуръоннинг асоси − Фотиҳа. Фотиҳанинг асоси «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дир. Агар бетоб бўлсанг, ўзингга Фотиҳани лозим тут. Шунда шифо топасан» , деганини эшитганман» , деди (Ушбу ривоятни Қуртубий тафсирда келтирган).

10. Канз (хазина). Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Тўрт оят Арш остидаги хазинадан тушган. Улардан бошқа биронтаси тушмаган. Улар: «Уммул Китоб, – У Зот: «Албатта, у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобда)дир» , деб айтган – Оятул курсий, Бақара сураси ва Кавсар (сураси)дир» (Табароний «Кабийр» да ривоят қилган). Бу исмлардан ташқари, Фотиҳа сурасининг номлари кўпдир.

Манбалар асосида:  Ғофуров Толибжон
Имом Фахриддин ар Розий
ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 

Izoh qoldirish

Izohlar