25.11.2024

ҚУРЪОНДА НОМИ КЕЛГАН ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАҚИДАГИ ОЯТЛАР

Қуръони каримга ошно бўлган ва уни ўқиб юрган мўъмин-мусулмонларга яхши маълумки, Қуръони каримда фақат йигирма беш нафар пайғамбарнинг номи зикр этилган. Мазкур пайғамбарларнинг номи бир-икки марта учраса, айрим пайғамбарларнинг исми такрор ва такрор Қуръонда эслатилади. Айрим пайғамбарларнинг ҳаётидан олинган қиссаларга бутун бошли суралар бағишланган. Масалан, “Юсуф” ва “Иброҳим” суралари каби. Пайғамбарлар ҳаётидан олинган айрим тарихий лавҳалар Қуръонда такрор келтирилган бўлиши мумкин. Бу албатта бизнинг ибрат ва ўрнак олишимиз учун зарур. Умуман олганда, Қуръоннинг учдан бир қисми ана шу хилдаги тарихий қиссалардан иборат, дея оламиз. Биз қуйида пайғамбарларнинг номлари келган оятлардан биттадан зикр қилмоқчимиз: 

 

1. Одам (а.с.): 

وَعَلَّمَ آدَمَ الأَسْمَاء كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلاَئِكَةِفَقَالَ أَنبِئُونِي بِأَسْمَاء هَـؤُلاء إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ 

“Ва таълим берди Аллоҳ таоло Одамға ҳамма нарсанинг номини, кейин рўбарў қилди ани фаришталарға, бас, деди: "Баён қилинглар Манға бу нарсаларнинг номларини, агар ростгўй бўлсангизлар" (Бақара, 31).

 

2-7. Иброҳим (а.с.), Исмоил (а.с.), Исҳоқ (а.с.), Яъқуб (а.с.), Мусо (а.с.), Исо (а.с.): 

آمَنَّا بِاللّهِ وَمَا أُنزِلَ عَلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَوَيَعْقُوبَ وَالأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَىوَالنَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْلاَ نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ 84}

“Сиз денг: "Биз Аллоҳға иймон келтирдук ва ул нарсағаки, бизға тушурилди ва ул нарсағаки Иброҳимға ва Исмоилға ва Исҳоқға ва Яъқубға ва анинг авлодиға ва ул нарсағаки, берилди Мусоға ва Исоға ва хамма пайғамбарларға Парвардигорлари тарафидин. Бас, алардин ҳеч бирларини ажратмасмиз ва биз ул Парвардигорға итоаткорлардурмиз” (Оли Имрон, 84).

8-13. Нуҳ (а.с.), Айюб (а.с.), Юнус (а.с.), Ҳорун (а.с.), Сулаймон (а.с.), Довуд (а.с.):

إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَى نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِن بَعْدِهِ وَأَوْحَيْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالأَسْبَاطِ وَعِيسَى وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُوراً {163}

“Тахқиқ, Биз вахй юбордук сизға ва ҳам чунончи, ваҳй юбориб эрдук Нухға ва андин кейин келган пайғамбарларға ва ваҳй юбордук Биз Иброҳимға ва Исмоилға ва Исҳоқға ва Яқуб авлодиға ва Исоға ва Аюбға ва Юнусға ва Ҳорунға ва Сулаймонға ва бердук Биз Довудға Забурни” (Нисо, 163). 

14-19. Юсуф (а.с.), Закариё (а.с.), Яҳё (а.с.), Илёс (а.с.), ал-Ясаъ (а.с.), Лут (а.с.):

وَوَهَبْنَا لَهُإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ كُلاًّ هَدَيْنَا وَنُوحاً هَدَيْنَا مِن قَبْلُ وَمِن ذُرِّيَّتِهِ دَاوُودَ وَسُلَيْمَانَ وَأَيُّوبَ وَيُوسُفَ وَمُوسَى وَهَارُونَ وَكَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ وَزَكَرِيَّا وَيَحْيَى وَعِيسَى وَإِلْيَاسَ كُلٌّ مِّنَ الصَّالِحِينَوَإِسْمَاعِيلَ وَالْيَسَعَ وَيُونُسَ وَلُوطاً وَكُلاًّ فضَّلْنَا عَلَى الْعَالَمِينَ    

“Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир. Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик” (Анъом, 84-86).

 

20. Солиҳ (а.с.):

وَإِلَى ثَمُودَ أَخَاهُمْصَالِحاً {73}... 

“Ва Самудга ўз биродари Солиҳни (юбордик)... (Аъроф, 73).

 

21. Зулкифл (а.с.):

وَإِسْمَاعِيلَ وَإِدْرِيسَوَذَا الْكِفْلِ كُلٌّ مِّنَ الصَّابِرِينَ   وَأَدْخَلْنَاهُمْ فِيرَحْمَتِنَا إِنَّهُم مِّنَ الصَّالِحِينَ  

“Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир” (Анбиё, 84, 85).

 

22. Ҳуд (а.с.):

 وَإِلَى عَادٍ أَخَاهُمْ هُوداً قَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُواْ اللّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَـهٍ غَيْرُهُ أَفَلاَ تَتَّقُونَ {65}

“Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!” деди” (Аъроф, 65).

 

23. Шуъайб (а.с.):

وَإِلَى مَدْيَنَ أَخَاهُمْ شُعَيْباً ...{85}

“Ва Мадянга ўз биродарлари Шуъайбни (юбордик)...” (Аъроф, 85).

 

24. Идрис (а.с.):

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِدْرِيسَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقاً نَّبِيّاً {56} وَرَفَعْنَاهُ مَكَاناً عَلِيّاً {57}

“Ва китобда идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик” (Марям, 56, 57).

25. Муҳаммад Мустафо (с.а.в.):

 مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيماً {40}

“Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир” (Аҳзоб, 40).

Энди, Қуръони каримда номлари келган зотлардан пайғамбар эканлиги ёки пайғамбар эмаслиги ҳақида илмда ихтилоф қилинган кишилар ҳам бор. Улар тўрт нафар бўлиб, Хизр (а.с.), Зулқарнайн (а.с.), Луқмон (а.с.) ва Узайр (а.с.)лардир.

Биринчиси, Хизр алайҳиссалом бўлиб, у ҳақида бундай дейилган: 

فَوَجَدَا عَبْداً مِّنْ عِبَادِنَا آتَيْنَاهُ رَحْمَةً مِنْ عِندِنَا وَعَلَّمْنَاهُ مِن لَّدُنَّا عِلْماً {65}

“Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик” (Каҳф, 65).

Хизр (а.с.)ни баъзилар пайғамбар десалар, баъзилар валий зот, дейдилар. Яна бировлар эса фаришта ёки подшоҳзода бўлган дейдилар (Ибн Касир. 3-жузъ, 91-бет).

Иккинчиси Зулқарнайн алайҳиссалом бўлиб, “Каҳф” сурасида у ҳақида сўз юритилган: 

وَيَسْأَلُونَكَ عَن ذِي الْقَرْنَيْنِ قُلْ سَأَتْلُو عَلَيْكُم مِّنْهُ ذِكْراً {83} إِنَّا مَكَّنَّا لَهُ فِي الْأَرْضِ وَآتَيْنَاهُ مِن كُلِّ شَيْءٍ سَبَباً {84} فَأَتْبَعَ سَبَباً

 

 “Сендан Зулқарнайн ҳақида сўрарлар. “Сизга унинг ҳақидаги зикрни тиловат қилурман”, дегин. Албатта, Биз унга ер юзида имконият бердик ва ҳар бир нарсага (эришиш) сабабини ато қилдик. Бас, сабабга эргашди” (Каҳф, 83-85).

Зулқарнайн (а.с.)ни баъзилар пайғамбар десалар, баъзи бировлар солиҳ банда ёки  фаришта ёхуд подшоҳ бўлган дейишади. Ҳазрати Али (к.в.) эса уни подшоҳ ҳам эмас, фаришта ҳам эмас, балки солиҳ банда, деганлар (“Тафсири Насафий”. 3-жузъ, 23-бет). 

Учинчиси, Луқмон алайҳиссалом бўлиб, у ҳақида Қуръони каримда бундай дейилган: 

وَلَقَدْ آتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّهِ وَمَن يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ {12}

“Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: “Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир”, деб ҳикматни бердик” (Луқмон, 12). 

Луқмон (а.с.)нинг пайғамбар экани борасида ихтилоф бор. Кўпчилик ислом уламолари наздида у ҳикмат соҳиб бўлган бир ҳакимдир. У Бани Исроилнинг қозиси бўлиб, адолатли ҳукмлар қилар эди (Ҳасан Таҳсин, 423-бет). Мужоҳид (р.ҳ.): “Луқмон пайғамбар эмас, балки солиҳ бандадир”, деган (Ибн Касир. 3-жузъ, 412-бет).

Тўртинчиси, Узайр алайҳиссалом бўлиб, у ҳақида ҳам Қуръони каримда маълумот берилган. Узайр (а.с.) ҳақида ҳам баъзи уламолар ихтилоф қилганлар. Жумладан, Ибн Асокир ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Узайр пайғамбарми ёки йўқми – билмайман!” деганлар. Ҳазрати Ибн Аббос (р.а.) ҳам унинг пайғамбар экани ёки эмаслигини била олмадим, деган эканлар (Ибн Касир. 4-жузъ, 131-бет).

Унинг номи зикр қилинган оят ушбудир:

وَقَالَتِ الْيَهُودُ عُزَيْرٌ ابْنُ اللّهِ وَقَالَتْ النَّصَارَى الْمَسِيحُ ابْنُ اللّهِ ذَلِكَ قَوْلُهُم بِأَفْوَاهِهِمْ

يُضَاهِؤُونَ قَوْلَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن قَبْلُ قَاتَلَهُمُ اللّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ {30}

“Яҳудийлар: “Узайр Аллоҳнинг ўғлидир”, дедилар. Насоролар: “Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир”, дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатурлар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаён бурилмоқдалар?!” (Тавба, 30).

Қуръони каримда пайғамбарлар тўғрисида шуларни қисқача айтиш мумкин. Мўъмин-мусулмонлар улар тўғрисида энг қисқа маълумотлар сифатида ақалли шумаълумотларни билиб қўйишлари керак. Сўзимиз охирида айтадиганимиз, бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва бошқа пайғамбарларга Аллоҳ таолонинг саломи бўлсин.

Неъматуллоҳ қори Абдураҳим ҳожи ўғли,
Фахриддин Розий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси. 

Izoh qoldirish

Izohlar