ИЛМ ДУНЁ ВА ОХИРАТ ШАРАФИДИР
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳаммаси ҳам бир-биридан қадрли ва фазилатлидир. Мана шу неъматларнинг ичида доимо ўзимиз билан бирга бўладиганларидан энг қадрли неъмат иймон ва илм неъматидир. Сўнгра кўриш, эшитиш, гапириш, сезиш, тафаккур, ақл, фаросат, қўл, оёқ ва бошқалар... Бу неъматларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бу тўғрида Аллоҳ таоло каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилган: «Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, ҳисобига ета олмайсизлар» (Иброҳим, 34).
Инсониятнинг бошқа махлуқотлардан ажралиб, юқори мартабаларда туришига сабаб бўладиган хусусиятларидан бири, шубҳасиз, унинг илм соҳиби бўлишидир. Чунки илм рағбат қилинган нарсаларнинг энг шарафлиси, орзу этилишдан ташқари, қўлга киритиш учун жидду жаҳд қилишга ундалган нарсаларнинг энг устуни ва эришилган нарсаларнинг энг фойдаси кўпроғидир. Имом Шофеий ҳар бир илмнинг ўзига яраша фазилати борлигини баён этиб шундай дейдилар: «Қуръонни ўрганган кишининг қиймати юксалур, фиқҳни ўрганганнинг кадри олий, ҳадис жамлаганинг ҳужжати қувватли, ҳисоб ўрганган кишининг фикри гўзал, луғат ўрганган кишининг табиати дақиқ бўлур. Нафсининг ёмонликларидан ҳечам тийилмаган кимсанинг илми унга фойда бермас».
Илм ботил ва фосид амалларни тузатиб, ислоҳ қилади, душман ва ҳасадчи-ларни мағлуб этади, эгри ва янглиш ишларни тўғирлайди, орзу-мақсадларни рўёбга чиқаради. Шунинг учун ҳам илм фазилат ҳисобланади, уни кадрламаган шахс мутлақо жоҳилдир. Жоҳиллар илмнинг фазилатини ўлчайдиган манбага эга бўлмаганидан илмнинг фазилатини англамайдилар ва илм ахлини ҳақир (паст) санайдилар. Уларнинг бу ҳолатларини фақатгина олимлар билади. Чунки улар бу йўлларни босиб ўтганлар. Аллоҳ таоло Бақара сураси 31-32-оятларида инсонни ер юзида ўринбосар қилиб танлагани ва уни илм неъмати билан сийлаб, фаришталардан ҳам фазилатли этгани ҳақида хабар берди: «Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўпара қилиб деди: «Агар (халифаликка биз ҳақдормиз, деган) сўзларинг рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларни Менга билдиринглар!» Улар айтдилар: «Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигана биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибидирсан».
Илм эгаларинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги фазилатларини томоша қилинг:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража мартабаларга кўтарур» (Мужодала, 11).
Ушбу ояти карималарнинг маъносидан бизларга маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг ҳузурида обрў-эътибор, мансаб, пул, йиғилган молу дунё ва бойликларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Фақат ий-мону илм билан Аллоҳ тақводорларнинг мартабасини юқори тутар экан.
Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилдилар: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа). Маълумки, пайғамбарликдан улуғроқ мартаба йўқ, шунинг учун уламоларга пайғамбарларга меросхўр бўлиш шарафдир.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб р.а илм тўғрисида шундай дейдилар: «Илм молдан яхшидир, чунки илм сени қўриқлайди, сен эса молни қўриқлайсан. Илм ҳокимдир, мол эса маҳкум. Нафака қилиш билан мол камаяди, илм эса, ўргатиш билан зиёда бўлади».
Одамзот яхши турмуш кечириши учун лозим бўлган ҳар бир илм фарзи кифоя ҳисобланади. Жумладан, деҳқончилик, темирчилик, .дурадгорлик, чорвачилик, саноатчилик, табиатшунослиқ, тўқувчилик, ҳунармандчилик ва ҳаказо. Мана шундай ҳунарлар илмини ўрганмай туриб, мусулмонларнинг хаёт тарзини ривожлантириш ва такомиллаштириш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам динимиз бу илмларни ўрганишни фарзи кифоя даражасига кўтарди. Бунга амал қилган аждодларимиз дунёдаги энг ривожланган миллатлардан бўлиб, кўпгина янгиликларнинг асосчилари бўлишган. Мазкур илмларни ўта чуқур ўрганиб, энг дакиқ масалаларигача таълим олиш эса фазилат ҳисобланади.
Инсониятнинг бу дунёсига хам, охиратига ҳам фойда келтирмайдиган, балки фақат зарар берадиган илмни ўрганиш ман этилган. Бундай илмлар сехр ва сеҳрга тааллуқли бўлган тилсимот, мунажжимлик, фолбинлик, ғоибдан хабар бериш кабилардир. Аллоҳ таоло каломи шарифида сеҳр ҳақида шундай дейди: «...балки
одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара, 102).
Оятга мувофиқ сеҳр илмини ўргатган шайтон Аллоҳга куфр келтирибди. Бунда сехрни ўрганган инсоннинг ҳам кофир бўлишига ишора бор, чунки сеҳр инсонларни заҳарлайди, жамиятни пароканда қилади, инсонлар эса бу илмни ўрганиб олгач, бир-бирларини алдаш ва душманлик килиш йўлига ўгади. Энг улкан зарарларидан бири жамиятнинг асоси бўлган оилани бузади, эр-хотинни бир-бири билан уруштиради ёки ажратади. Бу ҳақда оятнинг давомида: «Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар» (Бақара, 102), деб хабар берилади.
Демак, инсон дунёсига ва охиратига фойдали бўлган илмларни талаб қилиши ва ўзида мужассам қилиб, шунга амал қилиши муқаддас динимиз таълимотларидандир.
У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий
ислом билим юрти мудир муовини
Izohlar