![](https://arroziy.uz/storage/01/38/6b/348/conversions/-large.jpg)
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ФИТНАЛАР
Бу мавзуни танлашимиз бежис эмас, албатта. Жамиятимиз ҳаёти, айниқса инсонлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, маълумот олишда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда.
Инсон саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқаришининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, давримизда интернет тармоғидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамиятлиларидан бири ҳисобланади.
Аслида, интернет, айниқса ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.
Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, айниқса Имом домлаларни ислом шариатига доир шаръий ҳукумларни бфён қилишлари орқасидан турли фитна ва иғволарни тарқатиб, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.
Шунинг учун ҳам халқимиз, хусусан ёшларни ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Қуйида ижтимоий тармоқларнинг ана шундай хатарларидан энг асосийларини санаб ўтамиз:
– Ёлғон ва асоссиз хабарларнинг тарқалиши Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ
فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ﴾ (سورة ﺍلحجرات/6)
яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
"كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ" (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ عن أبي هريرة رضي الله عنه.(
яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
– Кишиларнинг шаънига тажовуз қилишнинг авж олганлиги Энг ачинарлиси кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.
Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
"لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ" (رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه)
яъни: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти).
Ушбу ҳадисдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.
– “Фитналар уюштириш макони” экани Сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди.
Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Бунга яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади.
Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради. Бу ерда энг муҳими – инсон омилидир.
Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоқларига мурожаат қиламиз. Муҳими – улардан оқилона фойдалансак, хусусан ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига хушёр бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси
Izohlar