02.06.2022

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА МОС КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ

Ислом Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини, жумаладан кийиниш соҳасини ҳам қамраб олган. Чунки кийиниш инсон ҳаётининг муҳим соҳаларидан бўлиб, инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Халқимиздаги "Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши - кийимдур", мазмунидаги ҳикмат ҳам бежизга айтилмаган. 

Кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради.

Инсонларнинг бошқалар ҳузурида авратни кўрсатиб юриш инсон эҳтиромига ва жамоатчилик одобига зид бўлган ишлардан бўлиб, бу иш жамият аъзолари ичида фасод тарқалишига сабаб бўлади. Инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини тушурдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар” (Аъроф сураси, 26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либос бўлиб, у инсоннинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматдир. 

Лекин бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзиларни кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар бу борадан жудаям ҳаддан ошиб, чет эл урф одатларига кўр-кўрона тақлид қилиб, тор ва юпка кийимларни кийиб, ярим ёлонғоч ҳолатда баданларини кўз-кўз қилиш орқали “Оммавий маданият”нинг жирканч унсурларини тарқатаётганликлари ачинарли ҳолатдир. Шу билан бирга айрим динга мутассиблик билан амал қилувчи инсонлар шариат белгилаб берган чегаралардан ошиб, ҳеч қаери кўринмайдиган қилиб, қоп-қора кийимларни кийиб олишиб, бу билан инсонларнинг ўртасида ўзларини динга энг тўрғи амал қилувчилар, бошқаларни эса нотўғри йўлда юрганлигини даъво қилишлари, айрим ҳолатларда ушбу кийимлари орасига портловчи мосламалар ўрнатиб тинч аҳоли орасида портлатиш ҳолатларининг учраётганлиги ҳам ачинарли ҳолатдир. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уриш бўлиб, кўп асрлар давомида муқаддас Ислом динига амал қилиб, бутун дунёга илм зиёсини таратиб келган ота-боболаримиз ва уларни дунёга келтириб тарбия қилган момоларимиздан ҳар бир соҳада, жумладан кийиниш борасида ҳам улардан ўрнак олишиб, уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилмоғимиз зарурдир. 

Уламолардан бири кийиниш борасида шундай деган экан: “Кийим кийишда аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва шариат билимдонлари айбламайдиган кийимни кий”.

Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларининг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби матолар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар. Самовий динларнинг ҳаммасида кийимларнинг содда, ихчам, ибодатга мувофиқ келадиган, бежирим, камтарона бўлиши талаб қилинади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, сўнгра: «Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари агар улардан бири янги кийим кийса унга:«Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди». 

Мусулмон инсон ўзига каттаю кичик ҳар бир неъмат етган пайтда неъмат берувчи Зотга шукр айтишга шошилади ва шу билан бирга, у Аллоҳ таолонинг «Агар шукр қилсангиз, яна зиёда қилурман», деган ваъдасига тўла ишонган бандадир.

Эркак ҳам, аёл ҳам кийинишда, юриш-туришда ҳамиша ҳаёли бўлиши, иффатини асраши лозим. Бу эса гўзал исломий одоблардан саналиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмондан талаб этилади.

Жаҳон афкор оммаси наздида ҳурмат-эҳтиромга эга бу халқ – ўз миллий-диний қадриятларини йўқотмаган, уларни ҳимоя қила олган ва мумкин бўлса, замон талабларига мос равишда ривожлантирилган либослар ва бошқа санъат турларига эга халқдир.

Баъзи мўътабар манбаларда саломатликка ошуфта либослар тўғрисида маслаҳат-тавсиялар берилган: Либоснинг ранги кишининг ёшига, кайфиятига, муайян жамиятда тутган мақомига мос бўлиши керак. Кўп гулдор, қизил ранг аралашган либослар эркакларга дуруст бўлмаса-да, аёлларга ярашади. Шунингдек, фақатгина қора, сариқ ва қизил ранглардан иборат либослардан сақланиш тавсия этилган. Бу ранглардан фақат Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қайтарганлари учун эмас, балки улар ўзига хос равишда инсон психологиясига, кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши важидан шундай. Масалан, қизил – саркашликни, қора – тундлик, кайфиятсизликни туғдиради. 

Либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди. 

Хулоса ўрнида шуни айтган бўлар эдикки, бизни кўрган инсонлар ўзбек миллатидан эканимизни, мусулмон эканимизни, улуғ инсонларнинг муносиб авлодлари эканимизни, келажагимиз порлоқ эканини бир кўришдаёқ хис қилмоғи зарур.

 

С.Иброҳимов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4- курс талабаси