06.09.2022

Тарих: 92 кишининг Исломга киришига сабабчи бўлган машҳур қори

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз ушбу мақолада Ислом оламидаги машҳур қорилардан, мисрлик Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ ҳақларида кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни тақдим этишга ҳаракат қиламиз.

Қорилар устози, довудий овоз соҳиби Шайх Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад 1927 йилда Миср жанубидаги Қино вилоятига қарашли Армант туманидаги Муроъаза қишлоғида дунёга келди. Бобоси Абдуссамад ҳам, отаси Муҳаммад Абдуссамад ҳам Қуръон ҳофизи ва тажвид билимдони сифатида танилишган эди. Акалари Маҳмуд билан Абдулҳамид ҳам ҳофиз бўлишган.

Шайх Абдулбоситнинг кўзга кўринган ишларидан бири ўзи туғилиб ўсган Шарқий Муроъаза қишлоғида масжид қурдирганидир. Ушбу масжид Абдулбосит Абдуссамад номи билан аталиб, 1971 йилда очилган. Очилиш маросимига Миср вақф ишлари вазири, Азҳар Шайхи, Шайх Абдулбоситнинг ўзи ва бошқа кўплаб меҳмонлар ташриф буюришган, Жумъа намози тўғридан-тўғри эфирга узатилган.

Шайх Абдулбосит қори 1972 йилда ўз қишлоғида “Қуръони Каримни ёдлатиш жамияти” ташкил этилишида ҳам катта ҳисса қўшган. Ушбу жамият бугунги кунгача ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Шайхнинг фарзандлари ушбу марказга тез-тез ташриф буюриб, ўз ҳадяларини ва ёрдамларини тақдим этиб туришади.

Шайх Абдулбосит қори доим ўз қишлоғида таълимни ривожлантиришга катта эътибор берарди. Чунки ўша пайтларда у ерда мударрислар кам эди. Шунинг учун ўз ҳисобидан икки минг бир юз квадрат метр жойни сотиб олиб, ўша ерга мадраса қурдирди.

У киши масъул раҳбарлар эътиборини олдинги Қино, ҳозирги Луқсор вилоятини обод этиб, халқнинг яшаш шароитини яхшилашга қаратишга ундаган эди.

Гиза минтақасининг Доққи туманидаги Абдулазийм Рошид номли кўчада жойлашган Шайх Абдулбосит қорининг уйида ҳар хафта мажлис бўлиб, мажлисга ташриф буюрган турли вилоят мутасаддилари билан учрашувлар бўлар, мазкур вилоятлар аҳлининг манфаатларини кўзлаб фойдали келишувлар амалга ошириларди. Гизадаги кўчалардан бирига Абдулбосит Абдуссамаднинг номи берилган.

Ҳар йили 30 ноябр куни Ҳомидийя Шозалийя масжидида Абдулбосит қорини хотирлаб тадбир ўтказилади. Ушбу тадбирга Шайхнинг барча фарзандлари, ихлосмандлари ташриф буюришади. Шунингдек ушбу тадбирга мамлакатнинг кўзга кўринган шахслари, исломий давлатлардан ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар келишади. Азҳарнинг шайхлари, Вақф ишлари вазирлиги масъуллари ҳам бу тадбирнинг қадрли меҳмонлари бўлишади. Тадбирда турли ўлкалардан келган қорилар ўртасида Қуръон мусобақаси ҳам ташкил этилади. Шу билан бирга Шайх Абдулбосит қорининг нодир қироатлари ҳам йиғилган меҳмонларга қўйиб берилади. Бу мажлис радио ва телевидения орқали тўғридан тўғри узатилади.

Шайхнинг энг гўзал сафарларидан бири Покистонга бўлган сафардир. Ўшанда у киши учун махсус поезд қатнови йўлга қўйилиб, Қуръон тиловати учун Покистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларига олиб бориб турган эди.

Шайх Абдулбосит Францияда ҳам Қуръон ўқидилар. Франциядаги келишилган протоколга кўра, Шайх Абдулбосит костюм кийишлари керак эди. Костюмни кийдилару бироз ўтиб, ўзларида ноқулайлик, сиқилишни ҳис қилдилар. Чидай олмай, ечиб ташладилар ва ўзларининг азҳарий тўнларини кийиб олдилар.

Шайх Абдулбосит Дамашққа бориб, Умавий жомеъ масжидида қироат қилганларидан сўнг “Сафийрул Қуръан” (“Қуръон элчиси”) лақабини олдилар. У киши шунингдек кўплаб исломий давлатларга ва Африка қитъасининг шимолидаги бир қатор мамлакатларга сафар қилдилар.

Шуларнинг орасида Жанубий Африка Республикасига қилинган сафар ўзига хос ўрин тутади. Сабаби ўша давлатда Шайх Абдулбосит қори билан бир воқеа содир бўлган. Ўша давлатнинг бир шаҳридан иккинчи шаҳрига бориш учун аэропортга борганида, меҳмонхонада паспорти қолиб кетгани эсига тушади. Аммо Шайх меҳмонхонанинг номини ҳам, манзилини ҳам эслолмади. Аллоҳ таолога ишини топширди, Ўзига таваккул қилди. Шу пайт аэропортга бир нотаниш машина келиб тўхтади. Ичидан бир йигит тушиб, Шайхнинг олдига югуриб кела бошлади. Қўлида Шайхнинг паспорти. Келиб, паспортни ўз эгасига узатар экан: “Марҳамат, олинг, эй Шайх” деди. Мана шу воқеа Жанубий Африка Республикасининг Йоханнесбург шаҳрида юз берган эди. Шайх у шаҳардан Дурбан шаҳрига кетаётган эди. Абдулбосит қори Дурбанга етиб борган илк қори ҳисобланади. Шундай қилиб у киши ўша давлатда бир ой давомида Қуръони карим тиловати билан машғул бўлди.

“Қуръони карим тиловати бўйича элчи” кўпгина подшоҳлар ва президентларнинг азиз меҳмони бўлди. Баъзи подшоҳлар эса у кишининг меҳмони бўлишди. Шайх Индонезия, Малайзия ва Ҳиндистонга уч марта, Покистонга олти марта ташриф буюрди. Шунингдек, Уганда, Сенегал, Испания, Буюк Британия ва Сингапур каби давлатларга ҳам сафар қилди. Ушбу мамлакатларнинг раҳбарлари, масъуллари ва халқи улуғ қорини катта эъзоз билан кутиб олдилар.

Шайх Абдулбосит Марокаш қироли Муҳаммад Бешинчи билан қалин дўст эди. Қирол Мисрга ташриф буюрганда, Шайх Абдулбосит билан Саййида Зайнаб жомеъ масжидида Бомдод намозидан сўнг кўришиб, унинг тиловатини ихлос билан тинглади. Тиловатдан сўнг қирол Шайхни ўз юрти – Марокашда доимий яшашга таклиф этиб, у учун барча шароитларни қилиб беришини айтди. Шайх Абдулбосит қиролнинг бу таклифини чиройли услубда, юмшоқлик билан рад этди ва имкон бўлганда Марокашни зиёрат қилишга ваъда берди.

Улуғ қорининг қўлларида кўплаб инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Шайх Абдулбосит қорининг сабабидан содир бўлган энг гўзал хотиралардан бири Уганда давлатида бўлган воқеадир. Мамлакат пойтахти Кампала шаҳрида Шайх Абдулбосит Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг, 92 киши Исломни қабул қилган.

Абдулбосит Абдуссамад катта эъзозга, икромга, подшоҳларнинг илтифотига сазовор бўлган кам сонли қорилардан бири ҳисобланади. У кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланган. Жумладан, Сенегал, Марокаш ва кўпгина исломий ва араб давлатларининг мукофотлари билан тақдирланган.

Абдулбосит қорининг Қуръони Каримни тўлиқ ҳолда тартил билан қилган тиловати Миср, Саудия Арабистони ва Марокаш давлатлари радиоларида эфирга узатилган. Шунингдек, Мустафо Исмоил, Маҳмуд Халил Ҳусарий ва Маҳмуд Али Баннонинг тиловатлари билан биргаликда Абдулбосит қори томонидан Мусҳафнинг тажвид билан ўқилган тиловати ҳам Исломий ишлар олий мажлисида кассеталарга ёзилиши тасдиқланди.

1965 йилнинг 7 сентябрида Малайзия қироли томонидан Куала Лумпур шаҳрида Осиёдаги энг катта масжид очилди. Масжиднинг очилиш маросимида Шайх Абдулбосит қори тиловат қилдилар. Ушбу маросимда Малайзия ҳукумати раҳбарлари, аъзолари ва тўрт миллион малайзиялик аҳоли ташриф буюрди. Тиловатдан сўнг мамлакат қироли Шайх Абдулбоситга “Малайзия олтин ордени”ни топширди.

Абдулбосит Абдуссамад бундан ташқари яна кўп давлатларнинг орден ва медаллари билан ҳам тақдирланган. Жумладан, Покистонда “Уламолар” ордени билан, Марокашда “Фикрий тенглик” ордени билан, Индонезияда “Лойиқ бўлгани учун” ордени билан, Сурия ордени билан, Ироқ, Тунис, Ливан, Сомали, Сенегалнинг бир қанча медаллари билан тақдирланганлар. Шунингдек, Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Ҳусний Муборак 1987 йилда “Даъватчилар куни” маносабати билан Шайх Абдулбосит қорига Қуръонга қилган хизматларини тақдирлаб мукофот топширган.

“Саъийд” маданий марказ мудири Абдулмунъим Абдулазийм Абдулбосит қорининг энг яқин дўстларидан бири эди. У дўсти ҳақидаги хотираларини бундай ҳикоя қилади: “Шайх Абдулбосит ўзининг қори дўстларини жуда ҳурмат қиларди. Бирор марта уларга нисбатан ёмонлик қилмаган. У ёқтириб тинглайдиган овозлар Шайх Мустафо Исмоил ва Шайх Муҳаммад Рифъатнинг тиловатлари эди. Ўз даврининг улуғ қорилари билан кўп давлатларга сафар қилган. Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарийни жуда қадрлар эди. У янги овозларни тарбия қилиб, юзага олиб чиқар эди. Ана шундай овозлардан бири Шайх Аҳмад Рузайқийдир”.

Шайх Абдулбосит Абдуссамад қандли диабет хасталиги билан оғриган эди. Жигари ҳам рисоладагидай ишламас эди. Кўп йиллар бу икки жиддий хасталикка бардош беришига тўғри келди. Унинг касали зўрайганига қарамасдан тиловатни тўхтатмас эди. У шу ҳолида мухлисларнинг илтимосига кўра турли давлатларга бориб, Аллоҳнинг Каломини тиловат қилиб берарди. Касали зўрайиб, ниҳоят уни Гизадаги доктор Бадрон шифохонасига олиб боришди. У ердаги шифокорлар зудлик билан Лондонга бориб, муолажани ўша ерда давом эттириш кераклигини айтишди. Абдулбосит қорининг ўғиллари ҳам оталарини Лондонга олиб бориш тарафдори эдилар. Шайх Абдулбосит ўғли Ториқ билан бирга Лондонга етиб бориб, у ердаги шифохоналардан бирида бир хафта даволанди. Аммо умри поёнига етаётганини билгандек, ўғли Ториққа ўзини Мисрга қайтариб олиб кетишини айтди.

“Ислом оламининг булбули”, “Олтин томоқ” соҳиби, “Қуръони карим тиловати бўйича элчи” Шайх Абдулбосит Абдуссамад Мисрга қайтгандан сўнг 1988 йилнинг 30 ноябрь куни 61 ёшида вафот этди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар яшин тезлигида бутун дунёга тарқалиб, миллионлаб мусулмонларнинг қалбини ларзага келтирди. Унинг жанозаси мамлакат миқёсидаги жанозага айланиб кетди. Жанозага турли мамлакатларнинг Мисрдаги элчилари, кўплаб исломий ва араб давлатлари раҳбарлари, Миср ҳукумати вакиллари ҳамда Мисрнинг кўп сонли халқи ташриф буюрди. 

Шундан бери ҳар йили 30 ноябр куни Шайх Абдулбосит қорини эслаш, хотирлаш кунига айланди. Машҳур қорининг вафотига бугун 33 йил бўлибди.

Аллоҳ таоло бу қори бандасини раҳматига олган бўлсин! Исломга, Қуръони Каримга ва мўмин-мусулмонларга қилган хизматларини Ўзи муносиб тақдирласин! Зурриёдларимиздан у кишига ўхшаган Қуръон ходимларини кўплаб чиқарсин, омин!

 

МуаллифНозимжон Ҳошимжон

 

МанбаЎзбекистон мусулмонлари идораси

 

Izoh qoldirish

Izohlar