МИЛЛАТ ВА ДИН КУШАНДАСИ
Ислом дини инсон зотини бу дунёда азизу мукаррам бўлиб яшашда давом этиши учун “олти заруриёт” деб аталмиш нарсаларни жорий этган. Улар:
1. “дину диёнатни, соғлом эътиқодни сақлаш”.
2. “жонни, соғлик-саломатликни муҳофаза қилиш”.
3. “ақлни саломат сақлаш, онгни турли заҳарли ғоялардан асраш”.
4. “насл-насабни покиза сақлаш”.
5. “обрў эътиборни, номусни сақлаш”.
6. “мол-мулкни муҳофаза қилиш, ўз мулкини, умумий мулкни, халқ мулкини зоя бўлиб, нобуд бўлишидан сақлаш”.
Мана шу олтита қоида бўйича Ислом дини қонунлари келиб чиққан. Ушбу 6 қоидани совуриб ташлайдиган бир ҳолат бор, у ҳам бўлса, бугунги кунда келиб аср вабоси деб номланаётган гиёҳвандлик (наркомания)дир.
Умму Салама (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда айтдилар:ٍ
“Расулуллоҳ с.а.в. ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар”.
Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг мўъжизалари ушбу ҳадис шариф билан маълум бўлмоқдаки, “ҳар бир бўшаштирувчи” деганларида ҳозирги тил билан айтилганда наркотик моддаларининг алоҳида васфидир. Чунки бундай вабо, яъни наркотик моддалари ибтидоси, бошланиши ҳижрий 10 асрлардан бошланган. Фиқҳий китобларимизга ана ўша асрдан бошлаб, бу хилдаги масалалар кириб келган.
Гиёҳвандлик кишиларнинг бор-йўқ молу дунёсидан жудо қилиб оилаларни, миллатларни, жамиятларни паришон этади. Наркотик балосига чалинганлар аҳли аёлларининг, фарзандларининг ризқини қийиб, баъзилари эса бор-будини совуриб, ҳеч нарса тополмай қолганда ўғирлик, қотиллик, зино каби ҳаром йўлларга кириб топган ҳаром пулларига у заҳри қотилни олиб ўзларини ҳам, жамиятни ҳам заҳарлайдилар.
Расули Акрам (с.а.в) бизларни бундай иллатларга нисбатан қандай йўл тутмоқлигимизни барчамизга буюриб дейдилар:
“Сиздан ким ёмон – мункар қайтарилган ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”.
Демак, ўзнинг дийни ва Ватани учун қайғурадиган ҳар бир мусулмон, ўзини иймонли деб ҳисоблайдиган ҳар бир мўмин бу юклатилган бурчни тўлалигича бажариши лозим. Чунки бу, аввало, Аллоҳ ва унинг Пайғамбарининг амри сўнгра ўз халқи учун бурчи ва ғамхўрлигидир!
Биринчи навбатда, имкони борлар бу мункар ишни қўли билан, яъни амалий равишда ўзгартиришга ҳам ҳақ-ҳуқуқлари, ҳам имкониятлари бор. Булар гиёҳвандлик олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган масъул шахслар кирадилар. Уларнинг бурчлари шуки, гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун ҳушёр турган чегарачи ҳам, ҳийла йўли билан наркотикларни олиб ўтишга уринганларни фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан шуғулланадиган шифокор ҳам ва бошқа шунга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси ҳам кирадилар.
Иккинчи даражаси мункар ишни тил билан қайтариш. Бу балога қарши, бу иллатнинг олдини олиш ишларни тарғибот ва ташвиқот қилиш. Албатта, мусулмон уламолари бу рўйхатнинг бошида турадилар. Шу билан бир қаторда ахборот воситалари масъуллари, ёзувчилар ва зиёли инсонлар киради. Агар шунга қодир бўлмаса, ҳадиси шарифда айтилганидек, гиёҳвандликка дили билан қарши бўлмоғи лозим. Ҳеч бўлмаганда озгина иймон нури шуъла уриб турган бўлса, унга дили билан қарши бўлмоғи лозим. Қўлидан ва тилидан ҳеч иш келмадими, демак уларга қўшилмаслиги, уларга рози бўлмаслиги керак. Бирор мамлакат аҳолисининг 7 фоизи наркомоддаларни истеъмол этадиган бўлса, у мамлакатнинг келажаги ҳалокат ёқасида бўлиши аниқланган. Шунинг учун, аввало, инсон тақдири қолаверса ватан тақдири ҳеч кимни бепарво қолдирмаслиги керак.
Гиёҳвандликка қарши курашдек савобли ишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим ва шартдир!
У.РАХИМОВ
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мудир муовини
Izohlar