05.11.2022

КОМИЛ ИЙМОН СИФАТЛАРИ ҲАҚИДА

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бош­қа кишиларга яхшиликни раво кўришини иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча, комил мўмин бўла олмаслигини таъкидламоқдалар.

Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.

Шунинг учун бизнинг ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдамиз ҳам улкан бўлади. Бундан олдин билмасак ҳам, энди бу улкан исломий ҳақиқатни тушуниб олдик. Энди бу ҳадисга қатъий амал қилишимиз лозим бўлади. Ўзимизга нимани яхши кўрсак, ўзгаларга ҳам ўша нарсаларни яхши кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Шу билан бирга, ушбу ҳадиси шарифдаги улкан ҳикматга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканини тушуниб етамиз. Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида, аввало, мусулмонлар бошига, қолаверса, бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса, ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибдодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтишимиз керак.

📚 «Ҳадис ва ҳаёт», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарлари асосида Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси М,Юнусхўжаев тайёрлади.

Izoh qoldirish

Izohlar