05.11.2022

ИЙМОННИНГ БЕЛГИСИ, АНСОРИЙЛАРГА МУҲАББАТ ҚИЛИШДИР

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймоннинг белгиси, ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси, ансорийларни ёмон кўришдир», дедилар». 
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Ансорийлар асли мадиналик мусулмонлардир. Улар, асосан, Хазраж ва Авс қабиласидан бўлиб, оғир пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берганлари учун «Ансорийлар»– «ёрдам берувчилар» номини олганлар. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожир биродарларини инсоният тарихида мисли кўрилмаган бағрикенглик билан кутиб олишган. Уларга уй-жойларини, мол-мулкларини тақсимлаб беришган. Ҳатто баъзи кўп­хотинликлар, муҳожирлар уйланиши мумкин, деб, айрим хотинларини талоқ қилишган. Макка кофирлари Исломга ва мусулмонларга қаттиқ душманлик қилиб турган бир пайтда улар Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қўлларидан келган барча ёрдам-нусратни беришган. Аллоҳ таоло ансорийларни Исломнинг ер юзида сақланиб қолишига сабабчи қилган ва уларнинг бу ишларини муносиб тақдирлаб, Қуръони Каримда мадҳ қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ансорийларга муҳаббат қилишни комил иймон аломати деб таърифламоқдалар. Бундан ҳам буюк шараф бўлиши мумкинми?! Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмасдан ансорийларни ёмон кўриш мунофиқлик аломати эканини ҳам баён қилмоқдалар. Демак, ҳар бир мусулмон ансорийларга муҳаббат қилиши ва уларни ёмон кўришдан сақланиши лозим.

Агар бунга қиёс қиладиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши учун Ислом динига хизмат қилган ҳар бир одамни яхши кўриш, ҳурмат қилиш лозим бўлади. Ислом динига ҳизмат қилган одамни ёмон кўрганлар эса, мунофиқ бўладилар. Чунки Исломга қилинаётган хизматни ёмон кўриши, Исломни ёмон кўриш демакдир.

📚 «Ҳадис ва ҳаёт», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ.

Izoh qoldirish

Izohlar