29.11.2022

Қиморнинг зарарлари

Ислом дини инсонларни фақат яхши ишларга буюриб ямон ишлардан қайтаради. Ва поклик, иффат, ҳалоллик каби улуғ фазилатларга чорлайди. Шунинг баробарида қимор, судхўрлик, ичкилик, зино ва бошқа нопок ишлардан қайтаради. 

 Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларини ато қилган. Мол-дунё ҳам улуғ неъматлардан. Инсоннинг ҳаёти у билан бардавом бўлади. Минг афсуски, кейинги пайтларда айрим ижтимоий иллатлар, хусусан қимор ўйинлари авж олиб қолди. Айниқса, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг оммалашди. 

Қимор луғатда “хатарли” деган маънони англатади. Истилоҳда эса камида икки томоннинг бирига хатар келтирадиган ҳар бир муомалага – қимор, дейилади. Шунга кўра, номи ўзгарсада ушбу таърифга тушган ҳар қандай нарса қимор ҳисобланади. Қимор ўйинлари – Қуръони карим, суннат ва уммат ижмоси билан ҳаромдир. Қимордан топилган молни ейишнинг гуноҳи жуда оғирдир. Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Қимор ўйнаш судхўрликдан олдин ҳаром қилинган.

Қимор ўйинлари, хусусан тотализатор ўйинлари аниқ математик ҳисоб-китобларга асосланган бўлади. Бу каби алдовдан иборат ўйинларда доимо уни ташкил этувчилар ютади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қимор ўйинлар қанчалик ҳаром бўлса, уни тарғиб қилиш, реклама қилиш ҳам шундай ҳаромдир. Ҳаром нарсани рекламасидан келган маблағ ҳалол эмас. Маълумотларга кўра, тотализатор билан шуғулланувчи компаниялар бутун дунёда маркетинг ва рекламага энг кўп маблағ сарф қиладиган ташкилотлардан бири ҳисобланади. Баъзи инсонлар қиморда хўрак сифатида ташланган арзимаган нарсани ютиб олиб, ҳаммага мақтаниб, ўзи билмаган ҳолда бу каби ўйинларни реклама қилади. Оқибатда минглаб инсонларни қиморга чорлаб, уларни қимор ўйинларида чув тушушига замин яратади. 

Ижтимоий тармоқларда тототализаторга қилинаётган тарғиботлар – спортга тарғиб эмас, балки айни қиморга тарғиб ҳисобланади. Ислом шариати спорт билан шуғулланишга барча мусулмонларни рағбатлантирган, чақирган. 

Қиморнинг диний-ахлоқий ва ижтимоий заралари қуйидаги оятда баён қилинган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ 

 

إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمْ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنْ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنتَهُونَ   

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91оятлар).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:

"إِذَا سَمِعْتَ اللهَ يَقُولُ: "يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا" فَارْعِهَا سَمْعَكَ فَإِنَّهُ خَيْرٌ تُؤْمَرُ بِهِ، أَوْ شَرٌّ تُنْهَى عَنْهُ" (رَوَاهُ الإمَامُ الْبَيْهَقِيُّ)

яъни: “Агар сиз Аллоҳ таолони “Эй имон келтирганлар!” деган сўзини эшитсангиз, унга яхши қулоқ тутинг. Чунки у ерда бирор буюрилган яхшилик ёки қайтарилган ёмонлик бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Ояти каримада Аллоҳ таоло бу икки нарса – хамр ва қиморни “ифлослик ва шайтоннинг иши”, деб атамоқда. Ҳақ таоло Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Зарарли бўлгани учун нопок таомларни ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам ҳаром қилган.

инсонни пешона тери билан ҳалол касб қилишдан ва ҳаётдаги жорий бўлиб турган сабабларини ҳурмат қилишдан тўсади. Қимор инсонни тасодиф, омад ва қуруқ ҳавасларга тобеъ қилиб, ҳаётга енгил қарайдиган қилиб қўяди. Ҳозирги замон иқтисодчилари наздида қимор ўйинлари “иқтисодий инқироз” ҳисобланади. 

Қуръони карим тафсирида бир ҳикоя келтирилади. Хаттотлардан бири айтади: “Мен Қуръон каримдан олтмиш марта нусха кўчирдим. Мусҳафни кўчирар эканман, бир ажиб ҳолатга гувоҳ бўлдим. Ёзаётган оятларимга пашшалар қўниб, унинг сиёҳидан ичарди. Бу деярли Мусҳафнинг бутун саҳифаларида кузатилган. Лекин Қуръондаги бир оятга ҳатто пашшалар яқинлашмас эди. У Нисо сурасининг (мазкур) 29-ояти эди”. 

Бу ибратли воқеани эшитгач, нопок йўллар орқали пул топаётган баъзи шахс-ларни кўриб, наҳотки уларни пашшачалик ҳиммати бўлмаса, деб юборасиз. 

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий

ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar