01.12.2022

ҚИМОР БАЛОСИДАН ҚУТИЛИШ ЙЎЛЛАРИ

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларини ато қилган. Мол-дунё ҳам улуғ неъматлардан. Инсоннинг ҳаёти у билан бардавом бўлади. Минг афсуски, кейинги пайтларда айрим ижтимоий иллатлар, хусусан қимор ўйинлари авж олиб қолди. Айниқса, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг оммалашди. Кўпчилик бундай ижтимоий офатларга чалинган кишилар айтадиларки бу иллатдан қутилишнинг бирон чораси борми? Ундан қутилиш мумкинми? деган саволларни беришади. бундай холатда энг яхши чора ҳадиси шарифга ва улуғларнинг тажрибаларига қарашдир.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"إِنَّ اللهُ أَنْزَلَ الدَّاءَ وَالدَّوَاءَ، وَجَعَلَ لِكُلِّ دَاءٍ دَوَاءً فَتَدَاوَوْا وَلاَ تَدَاوَوْا بِحَرَامٍ" (رَوَاهُ الإمَامُ ابُو دَاوُدَ عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

 яъни, “Албатта, Аллоҳ таоло дард ва давони нозил қилди. Ҳар бир дард учун давони яратди. Шундай экан, даволанинг. Ҳаром билан даволан-манг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадиси шарифда ҳар бир касалликнинг шифоси бор эканлиги айтилмоқда. Демак ким касал бўлса, унинг шифосини излаши лозим. Бу ишда бепарволик ва дангасалик қилиш ярамайди. Шориҳлар ҳадисда моддий-жисмоний касалликлар назарда тутилган бўлсада, маънавий-ижтимоий касалликлар ҳам ушбу маънони остига киради, дейдилар. Жисмоний касалликларни табиблар даволаса, маънавий-ижтимоий касалликларни умматнинг маънавий табиблари бўлган уламолар даволайди. Қимор ҳам бир касаллик. Бу ҳасталикка чалинган кишига қуйидаги даво чоралари тавсия қилинади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ، وَعَنْ عِلْمِهِ فِيمَا فَعَلَ، وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ، وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَا أَبْلاَهُ" (رَوَاهُ الإمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِى بَرْزَةَ الأَسْلَمِىِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ).

яъни,“Қиёмат куни банданинг икки қадами то ундан умридан - уни нимада ўтказгани, илмидан - у билан нима қилгани, молидан - уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Ҳадиси шарифда айтилганидек, ҳар бир киши қиёматда ҳисобга тортилади. бунга имон келтирганмиз. Бу имтиҳон фақат пайғамбарларга бўлмайди. Шундай экан, ушбу имтиҳонга доимо тайёргарлик кўриб боришимиз даркор.

“Умридан - уни нимада ўтказгани ҳақида сўралади”. Умр инсонга берилган энг катта бойлик, энг азиз неъмат ҳисобланади. Ҳар бир киши ундан оқилона фойдаланиши керак. Умрни бекорчи ишларга сарфлаш, уни исроф қилиш ярамайди. Умрнинг ҳар лаҳзаси қадрли ва ҳисоблидир. Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақиқатни бир гўзал ўхшатиш билан тушунтириб берганлар: 

عُمْرْ بَرْفَسْتُ و آفْتَابِ تَمُوزْ       اَنْدَکِی مَانْدَه خَواجَه غَرَّه هَنُوزْ

Умр ўхшар экан, мисоли қорга, 

Бир лаҳза турган қуёш қўйнида,

Эриб кетмоқда, бир зум турмайин, 

Қорнинг соҳиби ҳамон ўйнида

Яъни, умр жазирама қуёш тиғида шиддат билан эриб бораётган қорга ўхшаркан. Демак уни ҳар бир киши ғанимат билиши лозим.

Қимор ўйинларида вақт бекорга сарфланади. Дастлаб мўмай даромад топиш мақсадида қимор ўйнаб, ютказиб, бўйнидан қарзга ботган киши кунлаб, ҳафталаб, ойлаб ва ҳатто йиллаб кетказилган вақт натижасида ўз шахсий тараққиёти бўлган бебаҳо неъматларни йўқотади.

“Илмидан - у билан нима қилгани ҳақида сўралади”. Қиморнинг ҳаром эканлигини билмаган одам бўлмаса керак. 

“Банданинг молидан - уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани сўралади”. Эътибор беринг, мана шу жойга келганда савол иккита бўлиб қолди. Қиёматда пулни қаердан топгансан ва қаерга сарфлагансан, дейилади. Шунинг учун ҳар биримиз мол-давлатимизни ҳалолдан топишимиз ва ҳалолга сарфлашимиз лозим. Ислом динида инсонлар ҳалол меҳнат қилиб пул топишга буюрилган. Бировни алдаб, хиёнат қилиб, муттаҳамлик йўли билан унинг мулкига эга бўлиб олиш ҳаромдир. Қимор эса айнан шундай йўл билан пул топишдир.

         “Банданинг жисмидан - уни нимада қаритгани ҳақида сўралади”. Тана ва ундаги аъзолар омонат. Уларнинг соғлиғига масъулмиз. Бундан ҳам бир кун ҳисоб берамиз. Юқорида қиморнинг инсон соғлиги ва ҳаётига нақадар катта хавф солишини ўргандик. 

         Авваломбор бу касалликга чалинган киши анашу ишнинг зарари ҳақида улуғларнинг сўзлари ва ҳадисларни узликсиз ўқиши ва охиратда унинг сабабларидан келадиган балоларни тафаккур қилиши тавсия қилинади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин! Омин! 


М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий 

ислом билим юрти мударриси.

Izoh qoldirish

Izohlar