22.02.2023

ҚИРОАТ ОЛИМИ ИБН АЛ-ЖАЗАРИЙ “ТАВАССУЛ” – “ВАСИЛА”НИ ЖОИЗ ВА САВОБЛИ ИШ ДЕБ БИЛГАН

Дуо қилиш асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёки бошқа бир улуғ зотларнинг номларини айтиб, уларнинг ҳурматидан шу дуонинг мустажоб бўлишини сўраш “тавассул” ёки “васила” деб аталади. У аҳли суннат ва жамоатнинг қарийб барча уламолари томонидан жоиз амал ҳисобланади. Саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар даврида ҳам у мутлақо жоиз ҳисобланган. Бироқ, дунёга бемазҳаблар чиққанидан буён уни бидъат, ҳаром ва ҳатто ширк деб чиқувчилар пайдо бўлди. Ҳолбуки, унинг жоиз ва мандуб ёки мустаҳаб, яъни савобли иш эканлигини аҳли суннат ва жамоатнинг энг кўзга кўринган уламолари айтиб келишган, таъкидлашган, ҳатто ўз асарларида эса тавассул қилиб амалда кўрсатишган. Ана шундай олимлардан бири, буюк қироат олимидир. Бугунги кунда қироат ва тажвид илмини унинг асарлари орқали ўрганиб келаётирмиз. У зот “Ибн ал-Жазарий” номи билан танилган. Агар “тавассул” ёки “васила” бидъат бўлса, у зот бидъатчи бўладими, агар ширк бўлса, у зот мушрик бўладими?! Бугунги мусулмонлар қироат ва тажвидни бир бидъатчидан ёки мушрикдан ўрганган бўладими?! Бундай дейиш нақадар катта адашув бўлар эди….

Абулхайр Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий (751-833 ҳ./1350-1429 м.) раҳматуллоҳи алайҳ Дамашқда туғилган, Миср, Онадўли, Ироқ, Ҳижоз, Мовароуннаҳр ва Хуросонда илмий фаолият олиб борган улуғ қироат ва тажвид олими – шайх ал-қурро бўлади. У зот 805-807 ҳижрий (1402-1404 мелодий) йилларда Амир Темур Соҳибқирон кўрсатмаси билан Мовароуннаҳрда бўлганлар. Аввал Кеш (Шаҳрисабз)да, кейин Самарқандда яшаганлар. У зот Мовароуннаҳрдалик пайтида дунёга машҳур “Ғоят ал-маҳара”, “Таййибат ан-нашр”, “ал-Муқаддима ал-Жазария” ва “ал-Жавҳара фи-н-наҳв” каби асарларини ёзганлар (Тошкупризода. аш-Шақоиқ ан-нўъмония. – Байрут: Дор ал-китоб ал-арабий, 1975. – Б. 26).

Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг “ан-Нашр фи қироат ал-ашр”, “ат-Тамҳид фи илм ат-тажвид”, “Ғоят ан-ниҳоя фи табақот ал-қурро” каби айнан қироат ва тажвидга оид ўндан ортиқ асарлари, шунингдек, ҳадис, тарих ва маноқибларга бағишланган китоблари бутун дунёда шуҳрат қозонган. Хуллас, бугун бутун дуёдаги мусулмонлар етти хил қироатни ҳамда ўн хил қироатни унинг асарлари орқали ўрганиб келади. Масалан, “ал-Муқаддима ал-жазария”ни ёд олмаган, “Таййиба”ни ёки “ан-Нашр”ни ўқимаган қироатдан мукаммал қори деган ижоза ололмайди.

Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг яна бир машҳур асари бор. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган дуолар мажмуаси бўлиб, “ал-Ҳисн ал-ҳасин” (“Мустаҳкам қўрғон”) деб аталади.

Мазкур “ал-Ҳисн ал-ҳасин” асарида Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ дуо қилишнинг 40 та одоби қаторида 22 чи одоби сифатида бундай ёзадилар:

وَ أَنْ يَتَوَسَّلَ اِلَى اللهِ تَعَالَى بِأَنْبِيَائِهِ وَ الصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِهِ

“Аллоҳ таолога пайғамбарлари ва Унинг бандаларидан иборат солиҳ кишилар билан тавассул қилиш керак” (Ибн ал-Жазарий. Ал-Ҳисн ал-ҳасин / Таҳқиқ ва тахриж: Абдуррауф ал-Камолий. – Кувайт: Ғирос, 2008. – Б. 58).

Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ дуо пайтида тавассул ва васила қилишни айтар экан, “Мифтоҳ ал-Ҳисн ал-ҳасин” асарида ҳатто: وَ هُوَ مِنَ الْمَنْدُوبَاتِ – “У мандуб – савобли ишлардандир!”, деб ҳукм қилганлар (Ибн ал-Жазарий. Мифтоҳ ал-Ҳисн ал-ҳасин. www.alukah.net қўлёзмаси. – В. 58b).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ бу ердаги “солиҳ кишилар”нинг пайғамбарлардан бошқа сиддиқлар, уламолар, шаҳидлар ва авлиёлар эканлигини айтиб, “Чунки солиҳ инсон Аллоҳнинг ва бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ адо этувчи кимсадир”, деганлар (Али ал-қори. Ал-Ҳирз ас-самин ли-л-Ҳис ал-ҳасин. 1-жилд. – Риёз: Мактаба ал-Малик Фаҳд ал-ватания, 2013. – Б. 253-254).

Тавассул ва василанинг жоиз эканлигига саҳиҳ ҳадиси шарифдан энг очиқ-ойдин далил ҳам бор. Усмон ибн Ҳунайф разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир кўзи ожиз кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб, “Кўзим очилиши учун дуо қилинг!” дейди. Сарвари олам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўзи очилиши учун янги таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнг ушбу дуони ўқишни ўргатадилар:

اَللَّهُمَّ اِنِّى أَسْئَلُكَ وَ أَتَوَجَّهُ اِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِىِّ الرَّحْمَةِ. يَا مُحَمَّدُ اِنِّى أَتَوَجَّهُ بِكَ اِلَى رَبِّى فِى حَاجَتِى هَذِهِ لِتُقْضَى لِى. اَللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِىَّ

“АЛЛОҲУММА, ИННИЙ АСЪАЛУКА ВА АТАВАЖЖАҲУ ИЛАЙКА БИ-НАБИЙЙИКА МУҲАММАДИН НАБИЙЙИ-Р-РОҲМАТИ. Ё МУҲАММАДУ! ИННИЙ АТАВАЖЖАҲУ БИКА ИЛА РОББИЙ ФИЙ ҲОЖАТИЙ ҲАЗИҲИ ЛИ-ТУҚЗО ЛИЙ. АЛЛОҲУММА, ШАФФИЪҲУ ФИЙЙА!”.

(Эй, Аллоҳим! Албатта мен Сендан сўрайман! Сенга Сенинг раҳмат пайғамбари Муҳаммад набийинг билан юзланаман! Эй, Муҳаммад! Албатта мен Сиз билан Раббимга ўзимнинг бу ҳожатим борасида юзланаман! Токи, менга ҳожатимни раво қилингай. Эй, Аллоҳим! Мен тўғримда Ул зоти шарифни шафоатчи қилгин!)

У киши дуо қилган эди, Аллоҳ таолонинг ҳукми ва қудрати билан унинг кўзи очилади (Термизий, 5/3578; Насоий, “ас-Сунан ал-кубро”, 6/10495-10496; Ибн Можа, 6/1137; Ҳоким, 1/1180; Ибн Хузайма, 2/1219; Аҳмад, 4/17279).

Саҳобаи киромлар ўзларининг ҳожатлари учун ушбу дуони ўқишни одат қилган эдилар. Усмон Зиннурайн разийаллоҳу анҳунинг халифалик даврларида бир кишининг халифага иши тушган эди. Халифанинг унга эътибор беришга вақти бўлмади. Усмон ибн Ҳунайф разийаллоҳу анҳуга у киши бу ҳақда айтганида, унга мазкур дуони ўргатди. “Таҳоратхонага бориб, янгидан таҳорат ол, сўнг масжидга кириб, икки ракъат ўқи, кейин шу дуони ўқи. Ундан сўнг халифанинг саройига бор”, деди. Уни ўқиши билан халифа унинг ҳожатини битиришга киришди (Табароний, “ал-Мўъжам ал-кабир”, 9/8311; Байҳақий, “Далоил ан-нубувват”, 6/2417).

Демак, тавассул фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос эмас, фақат у зотнинг тирик пайтига хос эмас экан. “Ё, Муҳаммад!” дейиш ширк эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўргатган суннатидир! Шунинг учун, Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ ҳам “ал-Ҳисн ал-ҳасин”да ҳожати бор инсон юқоридаги дуони ўқиб дуо қилиши кераклигини айтиб ўтганлар:

وَ مَنْ كَانَ لَهُ ضَرُورَةٌ فَلْيَتَوَضَّأْ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ وَ يُصَلِّىَ رَكْعَتَيْنِ ثُمَّ يَدْعُو: «اَللَّهُمَّ اِنِّى أَسْئَلُكَ…»

“Кимнинг зарурий иши бўлса, бас, таҳорат қилсин. Таҳоратини гўзал адо қилиб, сўнг икки ракъат намоз ўқисин. Кейин “АЛЛОҲУММА, ИННИЙ АСЪАЛУКА ВА АТАВАЖЖАҲУ ИЛАЙКА БИ-НАБИЙЙИКА МУҲАММАДИН НАБИЙЙИ-Р-РОҲМАТИ. Ё МУҲАММАДУ! ИННИЙ АТАВАЖЖАҲУ БИКА ИЛА РОББИЙ ФИЙ ҲОЖАТИЙ ҲАЗИҲИ ЛИ-ТУҚЗО ЛИЙ. АЛЛОҲУММА, ШАФФИЪҲУ ФИЙЙА!” дуосини охиригача ўқисин!” (Ибн ал-Жазарий. Ал-Ҳисн ал-ҳасин / Таҳқиқ ва тахриж: Абдуррауф ал-Камолий. – Кувайт: Ғирос, 2008. – Б. 241).

Мавлоно Алий ал-қори раҳимаҳуллоҳ ушбу асарга ёзган шарҳида “зарурий иши” сўзига изоҳ бериб:

اَىْ، حَاجَةً مُلْجِئَةً اِلَى اللهِ اَوْ اِلَى أَحَدٍ مِنْ خَلْقِهِ

“Яъни, бу Аллоҳга илтижо қиладиган ёки унинг халқидан бировга иши тушадиган ҳожати бўлса”, деганлар (Али ал-қори. Ал-Ҳирз ас-самин ли-л-Ҳисн ал-ҳасин. 2-жилд. – Риёз: Мактаба ал-Малик Фаҳд ал-ватания, 2013. – Б. 1061).

Хулоса шуки, дуо асносида тавассул – васила қилиш аҳли суннат ва жамоат ақидасига кўра жоиз амал ҳисобланади. Балки, Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, дуо пайти тавассул қилиш мандуб – мустаҳаб ва савобли ишдир. Тавассул ва василани ширк, бидъат ва ҳаром дегувчиларнинг гапларининг эътибори йўқ. Агар улар тавассулни ҳаром, бидъат ва ширк дейдиган бўлсалар, демак, бизнинг буюк имомларимизни, қироат олимларини, ҳадис ва фиқҳ уламоларини бидъатчиликда ва ширкда айблаётган бўладилар. Астағфируллоҳ! Биз аҳли суннат ва жамоат аъзолари сифатида тавассулни ва василани жоиз, деб билишимиз керак.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Izoh qoldirish

Izohlar