25.02.2023

ҚУРЪОН ФАЗЛИ

Қуръони Карим тиловати, уни ҳифз қилиш бандани  Роббисига яқинлаштирадиган, даражасини кўтарадиган  энг маҳбуб амаллардан биридир.

Қуръони  Каримни ёдлаш ва унинг қироатида бардавом бўлишнинг кўплаб фойдалари ва самаралари мавжуд. У ёқимли ҳаётга, жаннатга киришга, дўзаҳдан халос бўлишга ҳамда дунё ва охират саодатига сабаб бўлади.

Сизлар билан бугун Қуръон қироати ва ҳифзининг баъзи фазилатлари ва уларнинг далиллари билан танишиб чиқамиз:

Албатта, Қуръони Каримни тиловат қилишда Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсиниш бор, Бунга Аллоҳ таолони ушбу ояти далолат қилади:
,,Қуръондан муяссар бўлганингизча ўқинглар.ʼʼ
(Муззаммил 20-оят) Агар қори Қуръонни ҳақини адо қилиб, тиловат қилса, Аллоҳ таоло унинг иймонини собит қилади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 120-оятида марҳамат қилади:
,,Китоб ато қилиниб уни ҳаққи ила тиловат қилганлар, ана ўшалар иймон келтирганлардир.ʼʼ

Унинг қироати қироат қилувчига дунё ва охиратта зафар, ютуқ, фазл олиб келади, зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ,,Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилувчилар, намозни қоим қилувчилар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар касод бўлмайдиган тижоратдан умид қиладилар.ʼʼ
(Фотир 29-оят)

Қори Қуръон тиловат қилиши билан руҳий ва жисмоний касалликларига шифо топади, зеро, у шифо ва раҳмат қилиб нозил қилингандир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
,,Ва Биз Қуръонни мўминларга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилдик.ʼʼ
(Исро 82-оят)

Қуръони Каримни ҳифз ва қироат қилувчи Қиёматта Қуръон шафоатига эришади. БУ борада кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
,,Қуръон ўқинглар, албатта, Қуръон Қиёматта соҳибига шафоатчи бўлиб келади.ʼʼ
Имом Муслим ривояти

Қуръон ўқиб, уни ўргатиш  умматнинг энг афзали бўлишига сабаб бўлади. 
Усмон ибн Аффон розияллоу анҳудан ривоят қилинади.
Росуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамар қиладилар:
,,Сизларниннг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганиб уни ўргатганингиздир.ʼʼ
Муттафақун алайҳи

Қуръонда моҳир бўлган киши энг улуғ фаришталар билан бирга бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қиладилар:
,,Қуръонда моҳир бўган киши улуғ фаришталар билан бирга бўлади. Қуръон ўқиб унда қийналган кишига иккита ажр бор.ʼʼ
Муттафақун алайҳи

Агар бир жамоа Қуръонга маҳкам бўлиб, унга амал қилса улуғ даражаларга кўтарилади, бордию уни зоя қиладиган бўлса Аллоҳ таоло у қавмни хор қилади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
,,Албатта, Аллоҳ  таоло бу Кıтиб билан баъзи қавмларни даражасини кўтаради ва айримларини даражасини туширади.ʼʼ
Имом Муслим ривояти

Қуръон қироатида бардавом бўлган киши савоб ва ажрда бошқа ибодатларни қилаётганларни ортда қолдириб кетади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
,,Ким Қуръондан бир ҳарфни ўқиса унга бир ҳасана берилади ва у ўнтага кўпайтирилади. Мен ,, Алиф лаам Миимʼъни бир ҳарф, демайман, ,,алифʼʼ бир ҳарф, ,,ломʼʼ бир ҳарф, ,,ломʼʼ бир ҳарф.ʼʼ
Имом Термизий ривояти

Қуръон ўта фазл ва баракага бой бўлган Илоҳий  Китобдир. Ким ундан насибадор бўлмаса яъни Қуръон ўқишни билмаса, уни севмаса ва унга талпинмаса у ҳудди ҳароба кулба сингари ғариб ҳолатга тушади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан.
Росуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
,,Қалбида Қуръондан бирор нарса бўлмаган кимса, ҳудди ҳароба уй кабидир.ʼʼ
Имом Термизий ривоят

Ким Қуръони Каримни ҳифз қилса ва унга холис Аллоҳ учун амал қилса Жаннатдаги энг баланд даражага кўтарилади. Бундан афзал шараф ва улуғворлик бўлиши мумкимни?!

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан 
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
,,(Қиёматта) Қуръон соҳибига: Тартил билан ўқи, ҳудди дунёда ўқиганинг сингари ўқи. Сенинг жаннатдаги даражанг охирги оятни ўқиган жойингдир,  дейилади.ʼʼ
Имом Абу Довуд ривояти

Мана, гувоҳи бўлганимиздек, оят ва ҳадислар ким Қуръонни холис Аллоҳ таоло учун тиловат қилса ва уни ёдласа дунё ҳамда охиратта улуғ даражаларга эришиб, зафар топишига далолат қилмоқда.

Агар, дунё ва охиратта асл саодатга эришмоқчи бўлсангиз, марҳамат Қуръонга марҳабо!

Аллоҳ таолодан Қуръон ходими қилишини сўраб қоламиз.
 

САИДМУҲАММАД Маидинхонов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси.

Izoh qoldirish

Izohlar