28.02.2023

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ЁМОНДИР

Айни дамдаги бузғунчи тоифаларнинг асосий дастак қилиб ушлаган нарсаси шуки, улар шариат амалларини тўла-тўкис бажармаган бошқа мусулмонларга нисбатан «қозиликни» даъво қилиб, «мунофиқ» ва «муртад» деб ҳукм чиқаришдан тап тортмайдилар. Ҳадисда, «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади», дейилади. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа  ушбу масалада қуйидаги қатъий хулосани берган: «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса».

Юрти ва миллатига хиёнат қилишлик, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ бўлиб, бундай кимсалар илоҳий омонатга амал қилмаган бўлади. Бақара сураси, 191 оятда «Фитна қотилликдан ёмондир», «Нисо» сураси, 59-оятида эса «Эй мўминлар, Аллоҳга, пайғамбарига ва ўзларингиздан бўлган бошлиқларга итоат қилинглар», деган кўрсатма мавжудлигини инобатга олсак, ислом шариатида итоатсизлик қаттиқ жазога лойиқ ҳисобланишини англаш мумкин.

Бир нарса аниқки, биз мусулмонларга ҳеч қачон бўлиниш, талашиб-тортишиш фойда бермаган, фойда бермайди ҳам. Зеро Аллоҳ таоло ўзининг каломида: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқони(Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг»,(Оли Имрон, 103- оят )-деб марҳамат қилган. Талашиб тортишиш, фирқаларга бўлиниш туфайли ғайридинларга кулги бўлиш, мусулмонларнинг куч-қувватлари йўқ бўлиши юзага келади.

Дунё мусулмонларининг 92,5 % ини «Аҳли суннат вал-жамоат» ташкил этади. Иккита ақидавий(Ашъарий ва Мотуридий) мазҳаб асосидаги тўрт мўтабар фиқҳий мазҳабга ( Ҳанафий, Моликий, Шофеъий, Ҳанбалий (р. а)) га амал қилувчи мусулмонлар «Аҳли суннат вал-жамоат»дир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим залолатга жам бўлмайди», — деганлар. Демак, ўша янги пайдо бўлган бир тутам фирқалар дунё мусулмонларининг деярли барчасига хилоф иш тутмоқдалар.

МУҲАММАДЖОН Юсупов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси

#Талаба

Izoh qoldirish

Izohlar