ТИНЧЛИК УЛКАН НЕЪМАТДИР
Тинчликнинг нақадар улкан неъмат эканлиги Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди:“Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” – дея инсонларни тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади.Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиригани бежиз эмас, албатта.Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч”,“Тинчлигинг — ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади.Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлайди,
Бугун бир мамлакатнинг тинчини бузиш пайида юрган кимсалар мамлакат тараққиётини издан чиқариш, юрт равнақи, миллат маданияти, маърифатига рахна солиш, ахоли орасида нотинчлик келтириб чиқариш, жамият келажаги хисобланмиш ёшларни йўлдан оздиришнинг турфа ҳил йўлларини ўйлаб топмоқда ва керакли натижаларга эришмоқда. Халқимизда бир мақол бор: «Овсару анқов душман учун яхши ов». Бизнинг ота боболаримиз овсар ҳам анқов ҳам бўлган эмаслар. Кўр кўрона бошқаларга эргашиб кетган эмаслар. Балким ҳар ишда етти ўлчаб бир кесганлар. Илму маърифат, караму шафқат ила одамларни эзгулик сари эргаштирганлар.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра бугун ахборот техналогиялари кенг имкониятлар бераётган бир вақтда, минг афсуслар бўлсинки бу имкониятлардан бузғунчилик, қабоҳат йўлида фойдаланаётганлар ҳам, кун сайин ортиб бормоқда. Бузуқ, ақидапараст оқимларнинг чорловларини тарғиб қилишда интернет сайтлари асосий манбага айланди. Масалан ўн йил аввал бундай сайтлар 20та бўлган бўлса, бугун 7000дан ортиб кетган. Одам юрагини эзадиган жиҳати шуки, қанчадан қанча ёшларимиз билиб билмай шу сайтларга кириб, ундан маълумотларни кўчириб олиб, ўз эътиқодларига путур етказмоқдалар. Унданда ачинарлиси калта бинларча қилиб қўйган нобокорликлари етмагандай, яна камига бошқаларни ҳам йўлдан уришга уринаётганларидир. Бугун дунёда адолат, саодат, раҳмат дини бўлмиш ёш мусаффо динимиз Исломни ёмон отлиқ қилмоқчи бўлган, унга нисбатан одамларда нафрат туйғусини ўйғатмоқчи бўлган, ўта маккор, бадбин, шаккок кимсаларнинг, узоқни ўйлаб, чуқур режалаган фитналарининг самарасини кўриб турибмиз.
Аллоҳ бизга инъом қилган неъмат борки, шукр қилишлик билан зиёда бўлади. Бизга берилган ҳар бир неъмат, унинг шукри бор. Зеро ҳар бир неъмат шукр билан зиёда бўлади. Чунки, Аллоҳнинг “Агар берган неъматимга шукр қилсаларингиз уни сизларга зиёда қилурман” деган ваъдасини кўпларимиз биламиз ва эшитганмиз. Юртимиз ривожи, тараққиёти, истиқлолимизу истиқболимизга муносиб ҳисса қўшадиган, ватанини севадиган, киндик қони тўкилган муқаддас бу заминни ардоқлайдиган, химоя қиладиган фарзандларни тарбия қилиш барчамизнинг шу юрт олдидаги қарзимиздир.
Юртимиз келажаги бўлган фарзандларимизни эл-юртига содиқ хамда фидойи инсонлар қилиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялайлик. Токи бизнинг фарзандларимиз уларнинг қўлида ғаразли мақсадларини амалга оширадиган болтанинг дастаси бўлиб қолмасин. Чунки хокимятни қўлга киритиш, аҳоли тинч яшаб турган малакатда фитна тарқатиб, ўша юртнинг бойлигига эга чиқишни мақсад қилиб олган ғаламис кимсаларнинг иддаолари, ғаразли мақсадлари, асл ниятлари ҳам бамисоли ўрмонга дарахт кесишга келган “болта”. Юртимиз ривожи, равнақи, хотиржамлигимиз пайини кесишга тайёр турибди. Агар бизлар хушёр ва огох бўлмасак эртанги кунимиз ишончи суянчи таянчи ёшлар уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шиоримиз “Огохлик давр талаби” бўлсин.
ЗАФАРБЕК Рузибоев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 2-курс талабаси.
#Талаба
Izohlar