РАМАЗОН ВА ТАҚВО
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга
ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.
Аллоҳ таоло мумин бандаларига хитоб қилиб, уларни рўза тутиш (холис Аллоҳ учун ният қилиб таом, ичимлик ва жинсий яқинликдан тийилиш)га буюрмоқда. Чунки рўза тутиш нафсни ёмон ахлоқлардан поклаш ва чиркин хислатлардан тозолашдир. Оятни давомида рўзани аввалги умматларга ҳам фарз қилганлигини айтди. Бас бу фарзни аввалгилардан кўра комилроқ адо этишга ҳаракат қилсинлар. Бошқа оятда айтганидек:
…Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз. (Моида 48)
Оятни сўнгида:
“Шоядки тақводор бўлсангиз” демоқда. Чунки рўза банданни поклайди ва шайтонниг йўлларини торайтиради. Шунинг учун ҳам икки саҳиҳ китобида келтирилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ей йигитлар жамоаси сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Ким қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза у учун бичилиш кабидир”, деганлар.
Руҳул баён китобида юқоридаги оятни тафсирида қуйидагилар келтирилади. { يا ايها الذين آمنوا }
Тилшунос олимлар айтадилар, оятдаги “я” нидо ҳарфи. У маҳбубдан маҳбубга нидо қилиш, “айюҳа” танбеҳ, маҳбубдан маҳбубга танбеҳ “ааману” маҳбубдан маҳбубга гувоҳлик бериш. Ҳасан басрий: “Аллоҳ таоло, “Я аюҳаллазина ааману”, деганини эшитсанг, унга қулоқ сол. Чунки у сенга буюрилаётган буйруқ ёки қайтарилаётган қайтариқ бўлади”, дейди. Жаъфар Содиқ айтадилар: “Нидодаги лаззат ила ибодатнинг чарчоғи ва машаққати кетади, бу эса севувчи маҳбубнинг буйруғига бўйинсуниш учун шошилишига ишора қилади, ҳатто ўзини оловга ташлашга буюрса ҳам”. Рўза шариатда - кундузи ният билан унга аҳл бўлган кишидан нафслар иштаҳа қиладиган асосий нарсалар (ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилиш)дан тийилишдир . Бу оддий муминларнинг рўзаси. Хосларнинг рўзаси эса шу билан бирга Аллоҳ таоло қайтарган барча ишлардан тийилиш ҳамдир. Хосларнинг хосини рўзаси эса Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан юз ўгиришдир.
“Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек” яъни Одам алайҳиссаломдан бошлаб барча пайғамбарга. Бу оятда ҳукмни янада таъкидлнаяпти, яъни фақат сизаларгамас аввалгиларга ҳам фарз қилинган деяпти ва унга тарғиб қилиняпти ҳамда хитоб қилинганларнинг нафсларини тинчлантириляпти. Чунки рўза машаққатли ибодат. Машаққатли амал барчага умумий бўлса, уни кўтариш осон бўлади ва ҳар бир киши уни бажаришга қизиқади.
Бу оятдаги ўхшатиш рўзанинг асл фарз қилинганига қайтади, фарз қилинган рўзанинг қанчалиги ва вақтининг баёни эмас. Одам алайҳиссаломга ойнинг 13-14-15 кунлари роза тутиш фарз қилинганди, Мусо алайҳиссаломнинг қавмига эса Ашуро кунининг рўзаси фарз қилинган.
“Шоядки тақводор бўлсангиз” яъни, гуноҳлардан тийилсангиз. Чунки рўза гуноҳларнинг асоси бўлган шаҳватни синдиради. Уалмолар айтадилар: “шаҳватни тинчланиши кундузи рўза тутиш, кечаси ибодат қилиш билан бўлади. Шаҳватларни ўчириш, унга бепарво бўлиш ва нафснинг сўзлашувини тарк қилиш Аллоҳ таолони доимий зикр қилиш билан ҳосил бўлади. Агар айтсангизки, киши кундузи рўза тутиб, качаси ибодат қилиб, емаса ҳам нафсидан ҳаракатланиш ва изтиробни топаверади, десангиз. Бу унда аввалдан бўлган шаҳватнинг ортиб қолганиданидир. Буни доимий гаъм ва маҳзунлик билан ва ўлимни, ажалнинг яқинлигини эслаш, орзу-истакларни камайтириш ҳамда муроқабада (Аллоҳ ҳар бир жоннинг нима қилаётганини билиб, кўриб ва ҳисобга олиб уни зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришини эсдан чиқармаслик) бардавом бўлиши ва тоатларни вақтида бажариш ила нафсидан кўчириб ташласин.”
Рўза осмонларнинг мулкларига кириш ва жисмоний нарсаларнинг тор “бачадонидан” чиқишдир. Буни Ийсо алайҳиссалом қайта туғлиш деб таърифлаганлар: “Икки марта туғулмаган киши осмонларнинг мулкларига киролмайди”. Балки рўза билан жидду жаҳд қилиш Аллоҳ таолога етишишга олиб боради. Ҳадис қудсийда келади, “рўза Мен учун ва Ўзим уни мукофотлайман”, яни, ҳурларим ва қасрларим эмас Ўзим (розилигим) унинг мукофоти бўламан, деийди. Шунинг учун кўриш саодатига эришишни очликка боғлаб қўйди. Ийсо алайҳиссаломга: “оч бўлгин мени кўрасан”, деди. Ҳадисда, “рўза мен учун” деб, Ўзига нисбат беришининг маъноси шундаки, рўзада риё бўлмайди, балки уни фақат Аллоҳ биладиган сир бўлади. Рўзасининг мукофоти Аллоҳ таоло (розилиги) бўлишининг сабаби, Рўзадорнинг қалби ва ичи Аллоҳдан бошқадан юз ўгиради. Мана шу хосларнинг наздидаги ҳақиқий рўзадир. Аллоҳ таолонинг “Рўзани сизларга фарз қилинди” деган сўзи рўза ташқи азоларга ҳам, ички сифатларларга ҳам фарз қилинганига ишора қилади. Тилнинг рўзаси ёлғон, ғийбат ва фаҳш сўзлардан тийилиш. Кўзнинг рўзаси ҳаромга қарашдан тийилиш, қулоқнинг рўзаси, эштиш мумкин бўлмаган нарсалардан тийилиш ва қолганлари ҳам шунга ўхшаш. Нафснинг рўзаси орзу-истак, ҳирс ва шаҳватлардан тийилиш, қалбнинг рўзаси дунё ва унинг безакларининг муҳаббатидан тийилишдир.
Оятнинг давомида “Саноқли кунлар” дейилди. Бунда, албатта рўза саноқли кунлар бўлиб тугайдиган бўлса ҳам унинг фойдалари саноқсиз ва тугамайди, дейди.
Рўза инсоннинг жисмидги моддият оловини қисқартиради. Таомни камайтириш яъни жисмдаги модданинг ёқилғисини камайтириш натижасида инсонни гуноҳларни қилишга ундайдиган ҳаддан ошиш камаяди. Рўза рамазонда инсонга биро й муддат ичида истиқомат (тўғри йўлда юриш, Аллоҳни буйруқларини бажариб қайтариқларидан қайтиш) ни беради. Инсон истиқоматнинг ҳаловатини ҳис қилиб рамазондан кейин ҳам доимий истиқоматда юради.
Ҳақ таоло фақат рамазонда истиқоматда бўлишни талаб қилмади. Балки рамазонни унда истиматда юришга одатланиб олишимиз учун ва ундан кейин ҳам шундай яшашимиз учун танлаб олди.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг буюк фазли ва неъмати қилиб берган рамазон ойидан унумли фойдаланиб рўзадан кўзланган мақсад тақвога эришишимизни насиб этсин.
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти
мудири Д.Абдиқодиров
Izohlar