Уламоларни ҳурмат қилиш вожиб амал
Бугунги кунимизда ислом умматининг душманлари умматга тўғри йўлни кўрсатадиган Ислом олимларини ёмон кўрсатиш пайида ваҳоланки уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини Ҳақ таолонинг Ўзи Каломи шарифида баён қилган.
وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир” (Фотир сураси, 28-оят).
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ
“Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” (Анкабут сураси, 43-оят).
Амр ибн Мурра раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган: “Агар Аллоҳнинг Китобидан бирор оятни тушунмасам ўшандан ҳижолатга тушаман. Чунки Аллоҳ таоло: “Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам уламонинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар ворид бўлган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар”. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.
Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар дийнор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар илм мерос қолдиришган. Ким уни олса, тўлиқ насибани олибди”, дедилар” (Термизий ривояти).
Инсонларни илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ гап бўлмаса керак! Демак, ҳақиқий бойлик молу давлат эмас, балки, илмдир.
Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан”. Бухорий ривояти.
Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир” (Фатҳул Борий, 11-жилд, 342-бет).
Энди шу ўринда салафи солиҳларимиз уламоларга, устозларга ҳурмат қилиш борасида қандай йўл тутганларини кўриб чиқсак.
Хатиб Бағдодий Абу Ҳанифа ва Шофеъий роҳимаҳумаллоҳларнинг шундай дейишганини ривоят қилади: “Агар фуқаҳолар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак Аллоҳнинг дўсти йўқдир”.
Фуқаҳо дегани Аллоҳнинг динини теран, чуқур англовчи кишилар дегани. Агар шулар Аллоҳнинг дўсти бўлишмаса, унда ким ҳам Унинг дўсти бўла олар эди?!
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким фақиҳга азият етказса, дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказса, дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жаллага азият етказибди” (Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб, 1-жилд, 42-бет).
Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, ким уни ҳидласа касал бўлади, еган эса ўлади”.
Демак, олимларни ғийбат қилган киши аниқ бир балога йўлиқар экан.
У киши яна айтади: “Ким олимга тил теккизса, унинг ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Мўмин банда учун қалбининг ўлишидан ҳам каттароқ мусибат борми?!
Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”.
Авзоий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аҳли илмларни, хусусан уларнинг улуғларини ортидан гапириш гуноҳи кабиралардандир”.
Кабира гуноҳлар сирасига намоз ўқимаслик, зино қилиш, хамр ичиш кабилар киради. Уламоларнинг ортидан гапириб, уларни ғийбат қилиш ҳам мана шундай оғир гуноҳ экан.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга оёғимни узатмадим... У вафот топгач ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб унга ҳам истиғфор айтардим”.
Улуғларимизнинг устозларига бўлган ҳурматларини қаранг! Уларга ҳурмат юзасидан ҳатто уйлари тарафга ҳам оёқларини узутишмаган экан.
Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар” (Имом Мунзирий “Тарғиб”да зикр қилган. Ҳадиснинг санади ҳасандир).
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда оғир гап айтяптилар. “Умматимдан эмасдир” дегани менинг йўлимда эмасдир дегани. Инсон учун бундан оғир мусибат борми?! Икки олам сарварининг йўлларидан бошқа йўлда бўлиб қолишдан оғирроқ ҳолат борми?! Шунинг учун олимларнинг ҳаққига риоя этиш, уларни икром қилиш керак.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, уламоларни, устозларни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Афсуски, ҳозирги пайтда масжидларда, ижтимоий тармоқларда аҳли илмлар, уламоларни ғийбат қилиш, очиқчасига ҳақорат қилиш, камситиш, менсимаслик каби ишлар авж олмоқда. Уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, уларга нисбатан қалбда адоват, нафрат бўлишининг ўзиёқ кишининг мунофиқлигига далил экан. Шунинг учун олимларга нисбатан меҳрли бўлишимиз, уларнинг ҳақларига Аллоҳдан офият сўрашимиз, хато қилган бўлсалар, Аллоҳдан улар учун мағфират сўрашимиз лозим бўлади.
М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Рорзий
ислом билим юрти мударриси
Izohlar