Ҳақ инсонни безайди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Асокир «Тариху Димашқ»номли китобида, Муъофий ибн Закарийё «Ал-жалисус солиҳ» номли китобида келтиради:
«Нумайр ал-Маданий айтади:
«Халифа Жаъфар Мансур Мадинага келди. Муҳаммад ибн Имрон Мадинада қози эди, мен эса унга котиб эдим. Кишилар келиб қозига халифадан шикоят қилишди. Қози менга халифага мактуб битиб қозиликка чақиришимни айтди. Мен қозига дедим:
- Илтимос, менга буни буюрманг. Халифа менинг ёзувимни танийди!
Қози деди:
- Мактубни ёз, сўнгра уни халифага ўзинг олиб борасан!
Мен мактубни ёздим ва уни халифага ўзим олиб бордим. Олдин мени унинг вазири Рабийъ кутиб олди. Мен вазирга аҳволимни тушунтирдим. Вазир деди:
- Ҳечқиси йўқ, қўрқма, мактубни олиб киравер!
Халифа Мансур мактубни ўқигач, хурсанд бўлди. Ўрнидан туриб қўриқчи ва қоровулларга унга эргашмасликларини айтиб Рабийъга деди:
- Агар Муҳаммад ибн Имрон мени ёнимдаги қўриқчиларим билан, халифалик ҳолати ва ҳашаматида кўрса қозилик мансабидан воз кечади.
Халифа қозининг ҳузурига киргач, қози шикоят қилган ҳалиги кишини чақирди. Уни тинглади. Халифани ҳам тинглади. Сўнгра халифанинг зарарига, ҳалиги шикоятчининг фойдасига ҳукм чиқарди.
Кеч бўлгач, халифа Мансур қозини чақиртирди. Қози келиб халифага салом берди. Халифа унга деди:
- Ва алайкумуссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ сени дининг, пайғамбаринг, халифанг ва қозилигинг номидан мукофотласин!
Сўнгра қозига ўн минг динор беришларини буюрди. Қози пулни олиб чиқиб кетди!».
Биз мана шу дин билан бир неча асрлар дунёга ҳукм қилганмиз. Аввало бу динни ўзимизда бино қилганмиз, сўнгра бизни сабаб қилиб Аллоҳ бу динни оламда қоим қилди.
Давлатларни барбод қиладиган нарса зулмдир. Уларни обод қиладиган нарса адолатдир.
Бу борада тарихимиз қаҳрамонларга тўла.
Қозининг олдига халифадан шикоят қилиб келган кишилар қаҳрамонлардир. Чунки улар ўз ҳақларини талаб қилиб келишган, соқов бўлишмаган.
Кишиларнинг халифага қарши шикоятини тинглай билган қози ҳам қаҳрамондир. Чунки у адолатни ишлатди. Қозининг олдида ҳоким ҳам, маҳкум ҳам баробар эканлигини кўрсатди. Халифага лаганбардорлик қилмади!
Бу ердаги ҳақиқий қаҳрамон халифанинг ўзидир. У қозиликка айбланувчи сифатида келди. Агар келмаса ёки қозини ишдан олса ҳеч ким бир нарса дея олмас эди. У қозининг ҳукмига бўйсунди. Қози билан ёлғиз қолганида эса уни мақтади ва катта маблағ билан мукофотлади. Ҳаққа таслим бўлиш инсоннинг қадрини фақат баландлатади!
Гарданингизда бировнинг ҳаққи бўлса уни адо қилиш айб эмас. Аксинча, адо қилмаслик айбдир. Хато қилганингиз равшан бўлса ҳаққа қайтишингиз гўзал ахлоқдандир. Иблисни кибр ҳалок қилган!
Бир инсон ўз ишини виждонан бажарса уни тақдирланг. Гарчи шахсий манфаатларигизга зид бўлсада ҳақни қабул қилинг, ҳақ ила ҳукм қилганларни мақтанг!
Сиз келтирган ўртакашни, воситачини қабул қилган инсон муҳтарам инсондир. Сизга лойиқ бўлганингиздан ҳам кўпроқ берадиган инсон адолатли инсондир. Сизга қарши унинг шахсий муаммоси йўқ!
Олийжаноб инсонларнинг қадрига етинг. Доимо ҳақдан кичик бўлинг.
Абдулқодир Полвонов
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.
МуаллифАбдулқодир Полвонов
Манбаislom.uz
Izohlar