Динни ниқоб қилган оқимлар
Кейинги йилларда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ақидапарастлик, халқаро терроризм ва наркобизнес каби глобал муаммолар бир ёки икки мамлакат доирасида ҳал бўладиган масала эмаслигини кўпчилик англаб етмоқда. Юртимизнинг тинчлиги мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш билан узвий боғлиқ.
Мустақиллигимизга раҳна солиши мумкин бўлган турли кучлар мавжудлиги бугун ҳаммамизга аён. Бу эса ҳар бир давлатда, ҳудудда, оилада, маҳаллада, бутун жамиятда ҳушёрликни оширишни талаб қилмоқда. Кенг маънода ана шундай иллатларни давлатлараро ҳамкорлик асосида изчиллик билан бартараф қилиш замон талаби бўлиб қолди.
Муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган тоифалар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий холатларни авж олдириб, инсонлар, мусулмонлар ҳаётининг тинчлигини бузишга, ватан равнақига зиён қилишга, Ислом динига зарар етказишга, инсонлар ўртасига нифоқ солишга уринмоқдалар. Улар ўзларини Ислом ва мусулмонларни халос қилувчи фирқа деб эълон қиляпти. Ана шундай тоифалардан бири бўлган ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати ) ўз ғояларига эргашмаётган инсонларни қатл этмоқда, аҳоли гавжум жойларда ўзини портлатиб худкушлик амалиётлари ўтказилишига одамларни мажбур қилмоқда. Сир эмас, бугунги кунга келиб, ИШИД энди хатарли террорчи гуруҳлардан бирига айланди. Уларнинг таркибида юз минглаб жангари бўлиб уларнинг аксариятини хорижлик ёлланма пул ва нафс қуллари ташкил қилади. Дунёдаги бирорта уламо бу давлатни тан олмади.
Дунёга машҳур уламолар кўпорувчи ташкилот бошчисига очиқ хат ёзишди. Уни ИШИДчилар амалга ошираётган ҳаракатлари Қуръон ва ҳадисга тамоман зид эканлигини айтиб, инсонийликдан йироқ манфур жиноятлари қораланди. ИШИДнинг келажаги йўқлиги аниқ. Унинг фаолиятига эртами индин барибир чек кўйилади. Бироқ ғоялари, унга эргашган ёшлар орқали худди хавфли вирус сингари тарқамоқда. Бу эса пировардида катта йўқотишлар ва оғир вазиятларга олиб келмоқда. Масалан, Ироқ ва Сурия ҳудудидаги уруш кенг миқёсдаги талофатларга, барқарорликнинг издан чиқишига сабаб бўлди. Вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, корхоналарни тиклаш учуй жуда катта маблағ зарур бўлади. Энг ёмони, уруш сабабли дунёдан кўз юмган минглаб одамларни ҳаётга қайтариб бўлмайди.
Шунинг учун, халқимиз юртимиздаги тинчликнинг қадрига етиб, ҳалол меҳнат билан бирга, зийрак бўлиш ёшларни уларнинг таъсирига йўлиқишларининг олдини олиш, энг асосийси, ҳақиқий художўй мўмин ким-у, аксинча, мунофиқ, сохта, алдамчи ғоялар таъсирида ёки пул йўлида ота-она, оила, муқаддас Ватандан ҳам кечадиган нобокорларни ажратиш керак бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги «имони»га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир”(Бақара, 204).
Аллоҳ таоло имонли кишиларга раҳм-шафқат, меҳр-оқибат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса бунинг аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, жабр-зулм, қотиллик ва азоб-уқубатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча қонхўрлик, террорчилик ҳаракатларининг манбаини имонсизликдан деб билиш керак. Бундай кимсаларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтиришдир.
Шундай экан, бугунги кунда аср вабоси бўлмиш терроризм балосига қарши барча ҳамжиҳат бўлиб, астойдил курашмоғи, зарурдир. Чунки ҳар бир инсон ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат барқарор бўлиши учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир. Ана шу масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда тинчлик ишига барча ўз ҳиссасини қўшмоғи керак.
Сир эмаски, баъзи фарзандларимизнинг зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам баъзи оилалардаги ҳушёрликнинг етишмаслиги, фарзандларнинг кундалик ҳаётидан бехабарлик, уларнинг қизиқишларига лоқайдлик туфайли бўлмоқда. Анчагина ота-оналар ўғил-қизларининг диний эътиқодларидан разил кучларнинг усталик билан фойдаланишлари мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Оқибат эса фарзандлар ўз ота-оналарини беҳурмат қилиш, жамоатчилик фикрини менсимаслик, қонунларга риоя қилмасликка ўтадилар.
Шу нарсани теран англамоғимиз лозимки, бугунги кунда инсоният олдида кўндаланг турган асосий муаммолардан бири бу ақидапараст оқимлар таъсиридан ўзимиз ва ҳар бир ватандошимизни асрашдир. Жамиятимиз учун анъанавий бўлган соф исломий қадрият ва ақидаларни рад қилувчи ва унга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилувчи эътиқод овчиларининг хуружларидан огоҳ бўлайлик.
Имом Фахриддин ар-Розий
ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Юнусҳўжаев Мустафо
Izohlar