Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири бўлган добба
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ حُذَيْفَةَ الْغِفَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اطَّلَعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَيْنَا وَنَحْنُ نَتَذَاكَرُ، فَقَالَ: «مَا تَذْكُرُونَ»؟ قَالُوا: نَذْكُرُ السَّاعَةَ، قَالَ: «إِنَّهَا لَنْ تَقُومَ حَتَّى تَرَوا قَبْلَهَا عَشْرَ آيَاتٍ»، فَذَكَرَ الدُّخَانَ، وَالدَّجَّالَ، وَالدَّابَّةَ، وَطُلُوعَ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَنُزُولَ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَيَأَجُوجَ وَمَأْجُوجَ، وَثَلَاثَةَ خُسُوفٍ: خَسْفٌ بِالْمَشْرِقِ، وَخَسْفٌ بِالْمَغْرِبِ، وَخَسْفٌ بِجَزِيرَةِ الْعَرَبِ، وَآخِرُ ذَلِكَ نَارٌ تَخْرُجُ مِنَ الْيَمَنِ، تَطْرُدُ النَّاسَ إِلَى مَحْشَرِهِمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Гаплашиб ўтирган эдик, Набий алайҳиссалом олдимизга чиқиб келиб, «Нима ҳақида гаплашяпсизлар?» дедилар. «Қиёмат ҳақида», дейишди. У зот: «Ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмайди» деб, тутунни, Дажжолни, доббани, қуёшнинг мағрибидан чиқишини, Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушишларини, яъжуж-маъжужни, уч марта ер ютишини: машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган оловни айтиб бердилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қиёматнинг катта аломатларидан бир нечтаси ҳақида сўз кетмоқда:
1. Тутун. Қиёматдан олдин бир тутун зоҳир бўлади, у кофирларнинг нафасини бўғади, мўминлар учун эса тумовдек бўлади. Бу тутун ер юзида қирқ кун туради.
2. Дажжол. Дажжол ҳақидаги батафсил маълумотлар келгуси саҳифаларда келади, иншааллоҳ.
3. Добба. Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири бўлган добба – ер жонивори ҳақида Намл сурасида бир оят бор. Унда Аллоҳ таоло шундай деган: «Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганда Биз улар учун ердан бир добба – жонивор чиқарамиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмаганини айтиб беради» (Намл сураси, 82-оят).
Бу ҳодиса Қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирларга ваъда қилинган сўз – Қиёмат азоби тушган пайтда ердан бир ҳайвон чиқиши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда ҳам бу ҳайвон Қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, бу жонивор тавба қилиш фойда бермайдиган вақт келганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.
Ҳофиз Ибн Касир: «Бу жонивор охирзамонда, одамлар фасодга берилган, Аллоҳнинг амрини тарк қилган, ҳақ динни ўзгартирган пайтда чиқади», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Ҳузайфа ибн Усайд Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта аломатни кўрмагунингизча Қиёмат қойим бўлмайди», деб, ердан бир жонивор чиқишини айтганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадисни ёд олиб, уни асло ёдимдан чиқармадим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қиёматнинг биринчи аломатларидан бири қуёшнинг мағрибдан чиқиши, доббанинг – жониворнинг чиқишидир. Буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Олдин бири чиқса, ортидан дарров кейингиси чиқади».
Шу билан бирга, муҳаққиқ муфассир уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетиб, баъзи тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, лекин булар ишончли манбаларга суянилмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар. Энг яхши иш – Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланишдир. Қолгани эса фақат Аллоҳ биладиган ғайб илмидир.
«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида Биз улар учун ердан бир добба – жонивор чиқарамиз».
Бу жонивор оятда «добба» деб айтилган. «Добба» сўзи «ер юзида аста юрувчи», деганидир. Қорни билан судралиб юрадими, икки, тўрт ёки сон-саноқсиз оёқлари билан юрадими, фарқи йўқ. Диний адабиётларимизда ҳам бу жонивор «доббатул-арз» (ер жонивори) номи билан машҳур бўлган.
Демак, Қиёмат яқинлашганда ўша жонивор чиқади ва «одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмаганини айтиб беради».
«Доббатул-арз»ни одамларга гапиртиришдан мақсад – уларнинг илоҳий оятларга иймон келтирмаганини билдириш экан.
Одамларнинг оятларга иймон келтирмаганини бу жонивор қандай қилиб айтади – буни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Имо-ишора билан тушунтирадими, ҳамма инсонлар тушунадиган тилда гапирадими ёки инсонлар унинг тилини тушунадиган бўлиб қоладими – бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Биз эса ушбу Намл сурасида ҳайвонларнинг одамлар билан муомала қилиши, гаплашиши кетма-кет келганлигига эътиборни қаратмоқчимиз, холос.
4. Қуёшнинг мағрибидан чиқиши. Қуёш ўзи ботадиган томондан чиқади.
5. Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушишлари. Бу аломат ҳақида ҳам ҳадиси шарифлар келади.
6. Яъжуж-маъжуж. Қиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони Каримнинг Каҳф ва Анбиё сураларида оятлар келган. Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай дейди: «Эй Зулқарнайн, яъжуж-маъжуж ер юзида бузғунчилик қиляпти. Биз сенга ҳақ берсак, биз билан уларнинг орасига тўсиқ қилиб берасанми?» дейишди».
Ўша икки тоғ орасида яшайдиган, бирон гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга яъжуж-маъжуждан шикоят қилишди, уларнинг ер юзида қилаётган бузғунчиликларидан арз қилишди.
«Эй Зулқарнайн, яъжуж-маъжуж ер юзида бузғунчилик қиляпти».
Яъжуж-маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор, аммо улар ҳам кўпинча тахминий гаплардан иборат. Биз эса, ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз, шуниси хайрлидир.
«Биз сенга ҳақ берсак, биз билан уларнинг орасига тўсиқ қилиб берасанми?» дейишди».
Бу қавм Зулқарнайндан «Пул тўплаб берсак, ўша яъжуж-маъжуж билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми?» деб сўради. Шу билан уларнинг ҳужумидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлишди.
Зулқарнайн мазкур қавм билан яъжуж-маъжуж орасида радм, яъни улкан ва мустаҳкам тўғон қура бошлади. Дастлаб: «Менга темир парчаларини келтиринг», деди, яъни темир топиб келишни буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ ўртасига тўплай бошлади.
«Ниҳоят, икки тоғ томонлари билан баробарлашгач, «Дам уринглар», дедилар. Одамлар темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдиришди. Шундан сўнг Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди.
«Ниҳоят, уни (тўпланган темирни) оловга айлантиргач, «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», деди, яъни икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб, алангалатиб, эритиб, олов ҳолига келтирди. Ана шунда Зулқарнайн одамларига «Энди эритилган мисни олиб келинглар, уни олов бўлиб турган темир устидан қуяман», деди.
Мис аралашган темирнинг янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ўша қавмни яъжуж-маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берганлар.
«Улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар».
Яъжуж-маъжужлар Зулқарнайн қурган радм, яъни девор тўсиқ устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга яъжуж-маъжуждан шикоят қилиб ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, уммулмўъминин Зайнаб бинти Жаҳш онамиз шундай дейдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзлари қизарган ҳолларида уйғониб, «Арабларнинг ҳолига вой, ёмонлик яқинлашяпти. Бугун яъжуж-маъжуж радмидан (тўғонидан, деворидан) мана шунча очилди» деб, бош ва кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўлса ҳам ҳалок бўламизми?» дедим. «Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», дедилар у зот».
Шунингдек, имом Муслим, имом Термизий, имом Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Абу Довудларнинг ривоятларида ҳам яъжуж-маъжуж ҳақида хабарлар келган.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида шундай деган:
«Ниҳоят, яъжуж-маъжуж очилиб, улар барча тепаликлардан оқиб келганларида, ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб, «Шўримиз қурсин! Биз бундан ғафлатда эдик. Йўқ, биз зулм қилгувчилар эдик», дейишади».
Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, Қиёматнинг аломатларидан бири – Зулқарнайн қурган «сад» (тўғон) очилиб, яъжуж-маъжужнинг чиқиб кетишидир. Ушбу оятда «Ниҳоят, яъжуж-маъжуж очилиб, улар барча тепаликлардан оқиб келганда» деб айтилмоқда. Демак, улар ниҳоятда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар.
«...ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг...»
Қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан «...куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолганини кўрасан.
Улар кўзларини юма олмай қолади, аҳволига йиғлай бошлайди:
«Шўримиз қурсин! Биз бундан ғафлатда эдик».
«Қиёмат қойим бўлишидан, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдик».
«Йўқ, биз зулм қилгувчилар эдик», дейишади».
«Йўқ, биз ғафлатда эмас эдик. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган, ишонмаган эдик, ўзимизга зулм қилган эдик», дейишади.
Ақоид илми уламолари яъжуж-маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганиб, шундай хулосани айтадилар: «Яъжуж-маъжуж жуда кўп сонли қавм бўлиб, уларнинг чиқиши Қиёматнинг аломатларидан биридир. Улар ер юзини фасодга ва харобага тўлдиришади. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».
7. Учта ер ютиши: машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш ва Араб жазирасидаги ер ютиш.
8. Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган олов.
Бошқа ривоятларда бу оловнинг Адан шаҳри қаъридан чиқиши ҳақида айтилган.
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан
Izohlar