21.11.2024

ДЎСТЛИКНИНГ ЙИГИРМА БЕШТА ОДОБИ

Шариатимизда дўстлик, яхшилар билан дўст тутиниш ва ошно бўлишга тарғиб қилинади. Бунинг акси ўлароқ, ёмонлар билан дўстлашиш ва ёмон кимсалар билан ошно бўлиш қораланади. 

“Анису-л-воъизийнда” келтирилади: “Қиёмат кунида аросатнинг шиддати қаттиқ бўлганидан, ота-она  фарзандидан, фарзанд ота-онадан, хотин  эридан, эр хотинидан, шунингдек,  киши хеш-ақрабо ва ака-укаларидан қочади, зеро, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлади. Фақатгина Аллоҳ учун бу дунёда дўст бўлган икки биродар бир-бировидан қочмайдилар. Буларнинг бири сарсону саргардон юрганида олдидан дўсти чиқиб қолар ва унинг аҳволидан сўрар экан.  Дўсти айтади: “Эй, биродар, аҳволим оғир,  номаи аъмолимни малоикалар тарозуда тортдилар. Тарозуимнинг савоб палласи бироз енгил келиб қолди, агар тўлдира олмасам, дўзахга тушишим мумкин. Хешу ақраболардан ҳеч ким савобидан беришга  рози бўлмаяпти”. Шунда у дўсти айтар экан: “Эй, биродар,  дунёда Аллоҳ учун дўст бўлган эдик. Ҳозир менинг аҳволим ҳам шундай. Аммо мен савобимни сенга бераман, иккаламиз дўзахга тушганимиздан кўра биттамиз жаннатга кирсак, яхши бўлади”, - деб савобини дўстига берар экан. Шунда малоикалар бу дўстини дўзах томонга тортиб кетаётганларида, ғайбдан бир нидо келар экан: “Менинг бу бандамни озод қилинглар, чунки улар дунёда Мен учун дўст бўлган эдилар”. Малоикалар эса уни ҳам дўзахдан қайтариб, жаннатга олиб борар эканлар.     

Ҳусайн Воизи Кошифий  “Футувватномаи Султоний” номли асарида “Дўстлар орасидаги адабнинг шарти неча?” деган саволни ўртага ташлаб, уларнинг беш хислатга эга бўлмоқлари лозимлигини айтади: 

1) Ақлли бўлмоғи, зеро, ақлсизнинг суҳбатида ҳеч хайрият (яхшилик) йўқдур. Улуғлар айтибдурлар: “Доно душман нодон дўстдан яхшидир”. 

2) Хулқли, одобли бўлсин, чунки ахлоқсиз инсон билан суҳбат осонлик билан муяссар бўлмас. 

3) Салоҳи нафс, яъни нафсини тийган бўлсин, муфсид ва фосиқ бўлмасин. 

4) Қаноатманд бўлсин, зеро, ҳар ким дунёдўст, ҳарис (очкўз) бўлса, унинг суҳбати мисли заҳри қотилдир. 

5) Ростлик ва ростгўйлик сифатларига эга бўлмоғи лозим, чунки қаллоб ва фирибгар (алдамчи)дан ҳеч  роҳат пайдо бўлмас ва айтган сўзига ҳеч қачон эътимод ҳам қилиб бўлмас.   

Юқоридаги мана шу бешта хислатга эга дўст топиладиган бўлса, у билан қандай муомала қилиш тўғрисида Ҳусайн Воиз Кошифий ёзар экан, унинг йигирмата одоби ва ўзига хос шартлари борлигини айтиб ўтади. Ушбу йигирмата одоб қуйидагича экан:

1) Агар сенга  ҳожати тушса, ундан молингни дариғ тутмасанг, яъни иложинг борича унинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилсанг. 

2) Унинг сирини махфий тутсанг, яъни ҳеч кимга айтмасанг. 

3) Унинг айбини халқдан бекитсанг, аммо ўзидан эмас, зеро, дўстнинг айбини юзига айтмоқ ҳақиқий дўстликдир, токи у ўзини ислоҳ қилсин. Хусусан, диний айбларини айтган яхши: намоз ўқимаслик, рўза тутмаслик, ҳаром емоқ ва ҳаром юрмоқлик каби айблар. Умари одил разияллоҳу анҳу:  “Менинг нафсимдаги айбларимни менга айтган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деган эканлар. Яъни, ҳақиқий дўст шулки, айбни оинага ўхшаб юзига айтсин. Тароққа ўхшаб бошнинг орқасига бориб, минг тил билан сочларга айтмасин.

 4) Дўстининг сўзини жону дил билан эшитсанг. 

5) Айтган сўзига эътироз қилмасанг ва унинг сўзидан айб ахтармасанг.

6) Уни чиройли ном (исм) билан чақирсанг. 

7) Қилган яхшиликларининг қадрини билиб, унга айтсанг. 

8) Унинг ғайбида, яъни орқасидан доим яхшиликларини айтсанг  ва яхшилик билан эсласанг.

      Шу ерда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз билан бўлиб ўтган бир ҳикоятни эсласак, фойдадан холи бўлмайди: 

Соҳибқирон Амир Темур бошқа мамлакатларга юриш қилмоқдан аввал ўз халқи, хусусан, уламоларининг иттифоқ ё ноиттифоқ эканликларини билмоқ учун ўша замонадаги энг олим ва авлиёлардан бўлган икки олимга ўзи билан сафарга бормоқни таклиф қилади. Сафар асносида шериклардан бирининг оти олдинроққа ўтиб қолди. Амир Темур фурсатни ғанимат билиб шеригига айтди: “Мен бир подшоҳ бўлсам, сиз эса замонанинг энг улуғ уламоларидан бўлсангиз, бизларни писанд қилмасдан олдин ўтган у киши ҳақида нима дейсиз?”. У зот дедилар: “Шоҳим, у киши илмию тақвоси билан ҳали осмонга учиб кетмаяптиям, хайрият денг, биз шундай зот билан шерик бўлганимизга шукр қилмоғимиз даркор”.

      Амир Темур отига бир қамчи уриб, олдинда кетаётган шеригига етиб, деди: ”Сиз бир улуғ зот бўлсангиз, орқамиздан келаётган шеригимиз сизни писанд қилмасдан сизга етиб олгиси келмаяпти”. Бу зоти шариф ҳам айтдилар: “У кишининг илму амали кўплигидан оти ерга кириб кетмаяптиям, хайриятдир, шоҳим, биз бундай зотлар билан ҳамзамон бўлганимизга шукр қилмоғимиз лозим”. Амир Темур “Алҳамдулиллоҳ, уламоларим иттифоқда экан, энди юриш қилсам бўлар экан”, - деб шукрона қилган экан.

    9) Насиҳат қилмоққа ҳожат тушса, муфассал (батафсил), мулойимлик ва чиройли сўзлар билан насиҳат қилсанг ва дағаллик билан муомала қилмасанг. 

10) Унинг хатоларини авф қилсанг (кечирсанг). 

11) Ўзингнинг юкингни, яъни оғирлигингни унга ташламасанг. 

12) Биродарингнинг хурсанчилигига хурсанд, ғамида  ғам шерик бўлсанг. 

13) Ундан олдин салом қилсанг. 

14) Ҳаддан зиёда иззат ва ҳурмат қилсанг. 

15) Сўзининг орасида сўзламасанг. 

16) Ўзингга хоҳлаган нарсани унга ҳам раво кўрсанг. 

17) Юзига доим табассум билан боқсанг, мадҳ ва мақтов сўзлар билан кутиб олсанг. 

18) Юришда уни ўзингдан олдинга ўтказсанг, чиройли ва тоза мақомда ўтиришга таклиф қилсанг. 

19) Ёрдамингни аямасанг. 

20) Унинг душманлари билан дўстлик ва дўстлари билан душманлик қилмасанг. 

ХУЛОСА шуки, дўстлик бу дунёда фойда бергани каби охиратда ҳам фойдали бўлмоғи лозим. Фақат бу дунёда фойдали бўлиб, охиратда сизга зиён-заҳмат етказадиган, ўша дўстингиз сабабли сизни дўзахга тортиб кетадиган бўлса, ундай дўстликдан фойда йўқ. Шунинг учун ҳам, имоннинг гўзал талабларидан бири, Аллоҳ учун севмоқ, яъни дўст бўлмоқ ва Аллоҳ учун нафратланмоқ, яъни душман тутмоқ ҳисобланади. Буни ҳадисларда “ал-Ҳуббу лиллоҳ, ва-л-буғзу лиллоҳ” дейилади. 

Инсоннинг яхши инсон эканини унинг дўст ва ошнолари белгилаб беради. “Сен дўстингининг кимлигини менга айт, сенинг кимлигингни айтиб бераман”, деб бекорга айтилмаган. 

Дўстлик ҳам узуоқ давом этиши ва дунёдан ўтиб жаннатга киргунча бардавом бўлиши учун унинг ўзига яраша ва ўзига хос одоблари ва хислатларига амал қилмоқ даркор. Мазкур мақолада ана шундай хислат ва одоблари зикр қилинди.

 

Неъматуллоҳ қори Абдураҳим ҳожи ўғли,

Фахриддин Розий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси 

 

Izoh qoldirish

Izohlar