ёшларнинг эътиборини илм-маърифатга қаратиш
Фарзанд – Аллоҳ таоло томонидан берилган неъмат бўлиб, инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири ҳисобланади. Салоҳиятли фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари”, деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин!
Одоб-ахлоқли, солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан ота-онасига боғлиқ бўлади. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Дўзахдан сақланиш учун эса, дўзахга тушадиган ишлардан узоқ бўлиш, жаннатга дохил қиладиган солиҳ амаллар билан шуғулланиш даркор бўлади. Бу ояти карима билан Ҳақ таоло фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, илм-маърифатсиз, итоатсиз, оила ва Ватанига меҳрсиз бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “ўзларингизни ва аҳл-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй, Расулуллоҳ! Биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” – дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, – дедилар” (Имом Ибн Мардавайҳ ривоятлари).
Ёшликда ўрганилган илм ва ҳунар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор:
“Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”.
Демак, ҳар бир ота-она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.
Ёшларни замонавий илм ва касб-ҳунарлар соҳиби бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб: “Болаларингизга ўзлари яшайдиган давр илмларини ўргатинглар!”, – деганлар.
Шунингдек, фарзандни ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади. Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин. У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.
Шайх Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида инсон учун дўст танлашнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги ибратли байтни келтирган:
Нуҳ алайҳиссаломнинг (Ём исмли) фарзандлари ёмонлар билан бирга бўлиб, Пайғамбарликдан маҳрум бўлди, яъни, Нуҳ алайҳиссаломнинг барча фарзандлари пайғамбар бўлганлар, фақат Ём исмли фарзандлари ёмон кимсаларга қўшилиб, бу буюк мартабадан маҳрум бўлди.
Асҳоби каҳфнинг ити бир неча кун, яхшилар сафида бўлиб, инсоният қаторига кирди, яъни, инсонларга ўхшаб, жаннат аҳлидан бўлди.
Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.
Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади.
Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қиладилар.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
УЧҚУН домла Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси.
Izohlar