
ҲАҚИЙҚИЙ МУСУЛМОН КИМ
ҲАҚИЙҚИЙ МУСУЛМОН КИМ
وعن عبد الله بن عمرو رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : “المسلم من سلم المسلمون من لسانه ويدِهِ والمهاجر من هَجَرَ ما نهى الله عنه” هذا لفظ البخاري. ولمسلم قال : إن رجلاً سأل النبي صلى الله عليه وسلم: “أي المسلمين خير ؟” قال : “من سَلِمَ المسلمون من لسانه ويدِهِ”.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон — унинг қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Муҳожир — Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк этган кишидир”. Бу Имом Бухорийдан ривоят қилинган лафздир. Имом Муслимда эса қуйидагича: “Бир киши Набий алайҳиссаломдан: «Мусулмонларнинг энг яхшиси қайси?» деб сўради. У зот алайҳиссалом: «Қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир», дедилар.
Росулуллоҳнинг “мусулмон” деганларидан мақсад — комил мусулмонликдир. Демак, кимки комил мусулмон бўлишни истар экан, мусулмонларга ва мусулмаларга, шунингдек аҳли зиммаларга ҳам тилидан етадиган — ҳақорат, лаънатлаш, ғийбат, чақимчилик, бўҳтон каби азиятлар билан озор бермаслиги; қўлидан етадиган — уруш, бировни ўлдириш, бузғунчиликлар, ҳатто ботил нарсаларни ёзиш, зўравонлик кабилар билан мусибат бермаслиги лозимдир.
Бу ҳадисда тил ва қўлни алоҳида хослаб зикр қилганларининг сабаби — инсонларга энг кўп азият берадиган айнан шу икки аъзодир. Ва тилни қўлдан муқаддам қилганларининг сабаби эса — тил билан азият ва озор беришлик кўпроқ ва анча осондир. Катталар айтганидек: “Барча аъзолар чарчаса ҳам, тил чарчамайди. Савобга ишлатсанг ҳам, гуноҳга ишлатсанг ҳам. Қайси бирига ишлатиш ўзингга боғлиқдир”. Ва яна тил билан азият бериш қўл билан азият беришдан фарқли ўлароқ тирикларни ҳам, ўликларни ҳам, каттаю кичикни, ом ва хосларни бир вақтнинг ўзида қамраб олиши мумкин. Хусусан, бизнинг замонимизда тил билан озор бериш кенг тарқалгандир. “Қўлдан етадиган азиятлар”дан мурод эса инсоннинг жами аъзоларидан келадиган азиятлардир. Шунинг учун ҳам инсон бирор кишига азият берса, “қўлидан азият етди” дейишади.
Ҳақиқий, комил муҳожир эса — Аллоҳ таоло ўзининг китоби Қуръони каримда ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сўзлари ва феълларида қайтарган нарсаларидан қайтиш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилган кишидир. Шу боисдан ҳам баъзи тасаввуф уламолари ҳақиқий ҳижрат — нафсни ва ёмон хулқларни тарк қилишдир, дейишади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, комил мусулмон — инсонларга на тили ва на қўли билан озор бермаслиги лозимдир. Ва яна комил мусулмон қалби билан ҳам бошқа мусулмонларни ёмон кўрмайдиган, уларга доимо яхшилик истайдиган кишидир. Биз ҳам саҳобалар каби бу нарсаларни билишга ва уларга амал қилишга интилишимиз лозимдир.
МИРСАЛИМ Собиров
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 124-Б гуруҳ талабаси.