19.09.2025

Maqola

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўла олмайди», дедилар».

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни огоҳлантирадиларки, бир мусулмоннинг иймони комил бўлмайди, то у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни онасидан ҳам, отасидан ҳам, фарзандидан ҳам, қизи ёки ўғлидан ҳам ва бутун одамлардан ҳам кўпроқ севмагунча. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилашнинг белгиларидан бири — У зотнинг суннатини ҳимоя қилиш, шариатини муҳофаза этиш ва У зот келтирган ҳақиқатларни турли шак-шубҳа ва ботил таъвиллар билан бузишга уринадиган залолат аҳлини йўққа чиқаришдир. Шунингдек, муҳаббатнинг аломатларидан яна бири — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзларига муносиб ҳамду сано билан ёд этиш, У зотнинг аҳли байтига муҳаббат кўрсатиш ва муҳожирлар ҳамда ансор саҳобаларини севишдир. Шу билан бирга, севгининг ҳақиқий ифодаси — суннатга кўра ҳакамлик қилиш, уни сўз ва амалда татбиқ этиш, уни тарғиб қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан боришдир.
Ҳадис шуни кўрсатадики, банда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни қўлга киритиш учун ҳаракат қилиши лозим. Бу муҳаббат бошқа барча инсоний муҳаббатлардан устун қўйилиши шарт. Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлаган ва У зотга ҳақиқий иймон келтирган бўлса, унинг қалби бу муҳаббатдан холи эмас. Лекин одамлар бу борада турлича даражада бўладилар: баъзиларда у камроқ, баъзиларда эса кўпроқ. Бу эса қалбдаги тақво миқдорига қараб бўлади.

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ бу борасида шундай дейди:

«Мўминлар орасида шундайлари ҳам борки, шаҳватлар домига ботиб, ғофиллик пардаси билан тўсилганлиги сабабли, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг асл маъносидан кўп вақтларида бехабар бўлади. Бундай одам энг паст даражада. Лекин агар унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса ёки У зотнинг фазилатларидан бири эслатилса, қалби жунбишга келади, У зотни кўришга иштиёқ пайдо бўлади ва У зотни кўришни бошқа нарсадан устун қўяди. Лекин бу ҳолат унда узоқ турмайди, тезда шаҳватлар устун келиши ва ғофилликлар кетма-кетлиги сабабли сўниб кетади. Шу ҳолдаги кишида аслидаги муҳаббат ҳам йўқолиб, заррача ҳам қолмаслиги хавфи бор. Шунинг учун Биз Карим Аллоҳга дуо қиламизки, бизларга бу муҳаббатни доимий ва комил ҳолда насиб этсин ва бизни ундан маҳрум этмасин».

 

Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти талабаси:Абдусаломов Жаҳонгир Мирзо Зикрилло ўғли