
“ТИЖОРАТ ФОЙДА БЕРДИ, АБУ ЯҲЁ!”
“ТИЖОРАТ ФОЙДА БЕРДИ, АБУ ЯҲЁ!”
Мусулмонлар Макка даъвати танглигидан Мадина юрти кенглигига чиққан даврлар эди. Хуллас, мусулмонлар Мадинага келиб жойлашишди. Оғир имтиҳонлардан ўтиб олишди.
Жаъфар (розияллоҳу анҳу) ўз ҳамроҳлари билан динини сақлаш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилган эди. Билол (розияллоҳу анҳу) Умайя ибн Халафнинг кибрини тупроққа белади. Ҳамза (розияллоҳу анҳу) Абу Жаҳлнинг юзига мушт туширди. Али (розияллоҳу анҳу) жонини фидо қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тўшакларида ухлаб қолди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) мусулмон бўлган қулларни сотиб олиб озод қилди. Сўнгра, ер юзини абадий ўзгартрадиган янги босқични амалга ошириш учун дўсти Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга Мадина томон йўлга чиқди.
Макка мусулмонларни ушлаб қола олмади. Зеро, уларнинг суюкли Пайғамбари энди Мадинада эди. Маҳбуби кетиб қолган киши ёлғиз ўзи нима қилади?! Мусулмонлар Қурайшни ғофлатда қолдириб, бирин-кетин Мадина томон ҳижрат қила бошлашди.
Суҳайб (розияллоҳу анҳу) ҳам Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлди. Аммо Қурайш бундан хабар топиб, уни қайтариш учун бир қанча кишиларни юборишди. Уларнинг келаётганини билгач, Суҳайб камонига ўқ жойлаб, шундай деди:
— Эй Қурайш жамоаси! Мерганлигимни яхши биласизлар. Аллоҳга қасамки, мени қўлга туширишингиздан олдин барча ўқларимни сизларга отаман. Сўнгра қиличим билан қўлимдан тушиб кетгунча жанг қиламан!
Қурайшийлар эса дедилар:
— Сен бизнинг юртимизга ҳеч нарсасиз келган эдинг. Бу ерда молинг кўпайди. Энди эса ўзингни ҳам, молингни ҳам олиб кетмоқчисан! Аллоҳга қасамки, бунга йўл қўймаймиз!
Суҳайб деди:
— Агар молимни сизларга қолдирсам, мени қўйиб юборисизларми?
— Ҳа! — дейишди улар.
Суҳайб молини яширган жойни айтди. Улар эса уни ўз ҳолига қўйиб, қайтиб кетишди. Шундан сўнг Суҳайб (розияллоҳу анҳу) Мадина сари йўлга тушди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳодисадан ваҳий орқали хабар топдилар. Аллоҳ таоло ўша пайтда қуйидаги оятни нозил қилди:
“Одамлар ичида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини сотадиганлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.”
(Бақара сураси, 207-оят)
Суҳайб Мадинага етиб келганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ниҳоятда хурсанд бўлиб, дедилар:
— “Тижорат фойда берди, Абу Яҳё! Тижорат фойда берди!”
Суҳайб (розияллоҳу анҳу)нинг тижорати фойда берганига сабаб — у Аллоҳ учун молидан воз кечган эди.
Ҳаётга сабоқ
Шайтон сизга зийнатлаб кўрсатаётган ҳар қандай гуноҳни фақат Аллоҳ учун тарк қилсангиз — тижоратингиз катта фойда берди, деб ҳисоблайверинг. Чунки тарк қилиш лаззати — олиш лаззатидан ширинроқ бўлади!
Олмоқчи бўлган интиқомингизни Аллоҳ учун тарк этсангиз — тижоратингиз катта фойда берди, деб ҳисоблайверинг. Чунки афф этиш лаззати — интиқом олиш лаззатидан ўткирроқ бўлади!
Фақир олган қарзини тўлай олмаяпти. Сиз ундан кечиб юбордингиз. Шикоят қилмадингиз, уни шарманда қилмадингиз, балки яширдингиз. Тижоратингиз катта фойда берди, деб ҳисоблайверинг. Чунки молингизни қайтариб олиш лаззатидан — уни фақирга садақа қилиш лаззати тозароқдир!
Фақирнинг қўлига қўйган ҳар бир садақангизни Аллоҳнинг ҳузурига қўяётганингизни ҳис қилсангиз — тижоратингиз катта фойда берди, деб ҳисоблайверинг. Чунки бергандаги лаззат — олгандан устун бўлади!
Хотинингиз ва фарзандларингизга ғазабланганингизда, Аллоҳ учун ғазабингизни ютсангиз — савдода катта фойда қилдим, деб ҳисоблайверинг. Чунки уларни “жазолаш”даги лаззатдан — уларни афф этиш лаззати устун бўлади!
Муҳаммадисмоил Ортиқбоев
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси.