20.09.2025

Maqola

АЛЛОҲНИНГ ЕРДАГИ ГУВОҲЛАРИ

Ажойиб давра бўлган эди-да ўшанда. Нега ажойиб бўлмасин?! Ахир, улар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар-ку! Саҳобалар у зотнинг юзларига боқиб тўйишмасди. Қандай буюк насиба!

Шу пайт уларнинг олдидан тобут кўтарган одамлар ўтиб қолди. Саҳобалар маййитни мақташди. Эҳтимол, уни вафодор дўст, суйукли ёр, яхши фарзанд, ажойиб қўшни, уришганларни яраштирувчи, мискинларга садақа қилувчи, бошқаларнинг хатоларини кечирувчи, қалби масжидга боғланган киши... деб мақташгандир!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Вожиб бўлди!" – дедилар.

Сўнгра бошқа тобутни кўтариб ўтишди. Одамлар маййитни ёмон сўзлар билан қоралашди. У зот яна:

"Вожиб бўлди!" – дедилар.

Саҳобалар сўрашди:

— Нима вожиб бўлди, Аллоҳнинг Расули?

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

من أثنيتم عليه خيرا وجبت له الجنة و من أثنيتم عليه شرا وجبت له النار أنتم شهداء الله في الأرض
"Сизлар кимни мақтаган бўлсангизлар, унга жаннат вожиб бўлди. Сизлар кимни ёмон десангизлар, унга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисизлар."
(Имом Муслим ривояти, "Жаноза" китоби, 949)

Ҳали, куни келиб, барчамиз елкаларда кўтариламиз. Ҳар бир жон ўлим таъмини татидайди. Ҳаммамиз ҳадемай тобутга тушамиз. Тобутга тушганимизда Аллоҳнинг ердаги гувоҳлари биз ҳақимизда нима дејишини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?

Бугун биз муомала қилаётган ҳар бир киши ё бизнинг фойдамизга, ёки зараримизга гувоҳдир. Инсонларга аралашар эканмиз, шу нарсани ёдимизда тутишимиз лозим. Нимани унутсак унутаялик, аммо **"вожиб бўлди"**ни эмас!

Биз вафот этсак, ота-онамиз нима дейди?
"Раббим! Бу ўғлим бизга кўп хизматлар қилди. Ажойиб фарзанд эди!" — дейишадими ёки "Унинг бизга оқ бўлганини Ўзинг биласан!" — дейишадими?

Биз вафот этсак, хотинимиз нима дейди?
"Раббим! У жуда яхши эр эди!" — дейдими ёки "Ундан менинг ҳаққимни олиб бер!" — деб ёқамдан оладими?

Фарзандларимиз нима дейди?
"Эй Раббимиз! У жуда яхши, адолатли, бизни тенг кўрадиган ота эди!" — дейишадими ёки "Эй Аллоҳ! У бизга зулм қилди, биримизни бошқамиздан устун билди, омонатни зойе қилди, яхши тарбия бермади!" — дейишадими?

Қўшниларимиз-чи, улар нима дейди?
"Раббим! Уни Ўзингга қўшни қил. Чунки у энг яхши қўшни эди!" — дейишадими ёки "Сенга шукр, бу банданингдан қутулдик!" — дейишадими?

Ҳамкасбларимиз-чи?
"Аллоҳим! Унга раҳм қил. У яхши инсон эди. Бизга насиҳат қиларди, ёрдам берди, сиримизни сақларди!" — дейишадими ёки "Аллоҳим! Ўзинг биласан, у ишониб бўлмайдиган чақимчи, чидам бўлмайдиган дилоозор инсон эди!" — дейишадими?

Йиқилганида қўлидан тутганингиз ҳар бир инсон сизга гувоҳлик беради. Йиғлаганида кўз ёшларини артганингиз ҳар бир инсон сизнинг фойдангизга гувоҳлик беради. Пулингиз чоғидан аввал табассумингиз тафтига тойган ҳар бир фақир сизни ёқлаб гувоҳлик беради.

Сиз ёрдам берган мискин, тўйдирганингиз оч, йўл кўрсатганингиз гумроҳ, ёрдам берганингиз мазлум — ҳаммаси сиз учун гувоҳлик беради!

Яхши гувоҳларингизни кўпайтиринглар.
Эртага тобутга тушадиганлар бугун нафас олмоқда!

СИРОЖИДДИН Ҳурсанбоев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси